Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Эркакларга ҳам фарзи айн бўлган илм

00:00 / 02.05.2011 | eski savollar | 5758

Аллоҳ таоло Шайх ҳазратларининг дин йўлида қилаётган барча амалларини қабул этиб, унинг ажрини кўп-кўп қилиб берган бўлсин! Сизга Аллоҳ куч-ғайрат, тани сиҳатлик, хотиржамлик, оилавий бахт-саодат насиб этсин!

Агар саволим ножоиз бўлса, узр сўрайман...

Иншааллоҳ, яқин кунларда никоҳ тўйим бўлмоқда. Маълумки, ҳар бир эркак мусулмонга ҳам ҳайз ва нифос илмини билиш фарзи айн ҳисобланади.

Муҳтарам Шайх ҳазратлари, шу илмдан бизни бохабар қилсангиз, токи ҳаётимизга ҳаром аралашиб қолмасин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

ҲАЙЗ

Ҳайз – бемор бўлмаган ва ҳайз ёшидан ўтмаган балоғат ёшидаги аёлнинг раҳмидан чиқадиган қондир. Ҳайзнинг ози уч кечаю уч кундуз, кўпи ўн кун. Покликнинг ози ўн беш кун. Кўпининг чегараси йўқ. Ҳайз муддатида орада қон тўхташи ва аёлнинг оқ рангдан бошқа рангдаги нарса кўргани ҳам ҳайздир.

Ҳайз намоз ва рўзани ман қилади. Рўза қазо қилинади, намоз қазо қилинмайди. Ҳайз яна масжидга киришни, тавофни ва лозимнинг остидаги нарсадан ҳузурланишни ман қилади.

Жунуб ва нифосли шахс каби, ҳайзли шахс ҳам кичик бетаҳоратга хилоф ўлароқ, қироат қилмайди. Уларнинг барчаси Мусҳафни ушламайди. Фақат ёпишмаган ғилоф билан ушлаш бундан мустасно. Кийимнинг енги билан ушлаш макруҳдир. Сураси бор дирҳамни ҳам ҳамёнсиз ушламайдилар.

Ҳайз ва нифоснинг кўпидан кейин қони тўхтаган аёлга ғуслдан олдин яқинлик қилиш ҳалолдир. Озидан кейин қони тўхтаганга эмас. Илло, қон тўхтагандан кейин ғусл ва такбири таҳрима айтиш вақти ўтса, мустасно.

Ушбу матнда ҳар бир мусулмон шахс катта эҳтимом билан ўрганиши ва билиши лозим бўлган масалалар муолажа қилинади. Поклик учун ниҳоятда зарур бўлган бу масалаларни фақат аёллар билиши керак, деган тушунча нотўғридир. Балки эркаклар ҳам билишлари лозим.

Шунинг учун бу масалаларни бирма-бир шарҳ қилиб ўтайлик.

Ҳайз – бемор бўлмаган ва ҳайз ёшидан ўтмаган балоғат ёшидаги аёлнинг раҳмидан чиқадиган қондир.

«Ҳайз» луғатда «оқиш» деган маънони билдиради.

Шариатда эса балоғатга етган аёл жинсининг раҳми ичидан туғишсиз ва беморликсиз ҳар ой муайян муддатда келиб турадиган қон – ҳайздир.

Бизнинг матндаги таърифни ва ушбу таърифни қўшсак, ҳайзнинг тўлиқ таърифига эга бўламиз.

Демак, балоғатга етган, қариб, ҳайз кўришдан ноумид бўлмаган аёлнинг раҳми ичидан туғишсиз ва беморликсиз ўзи чиқадиган қон ҳайз бўлади.

Одатда ҳайзнинг ранги қорамтир, ўзи ҳароратли ва оғриқ билан келади, ҳиди нохуш бўлади.

Ҳайзнинг ози уч кечаю уч кундуз, кўпи ўн кун.

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَقَلُّ مَا يَكُونُ مِنَ الْمَحِيضِ لِلْجَارِيَةِ الْبِكْرِ وَالثَّيِّبِ ثَلَاثٌ، وَأَكْثَرُ مَا يَكُونُ مِنَ الْمَحِيضِ عَشْرَةُ أَيَّامٍ، فَإِذَا رَأَتِ الدَّمَ أَكْثَرَ مِنْ عَشْرَةِ أَيَّامٍ فَهِيَ مُسْتَحَاضَةٌ». رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ وَالدَّارَقُطْنِيُّ.

Имом Тобароний ва Дора Қутний Абу Умома розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бокира қизнинг ва турмушга чиққан аёлнинг оз ҳайзи уч кундир, кўп ҳайзи ўн кундир. Ундан зиёда бўлса, истиҳозадир», деганлар.

Покликнинг ози ўн беш кун.

Бунга саҳобаи киромлар иттифоқ қилганлар.

رَوَى جَعْفَرُ بْنُ مُحَمَّدٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: «أَقَلُّ الْحَيْضِ ثَلَاثٌ، وَأَكْثَرُهُ عَشْرٌ، وَأَقَلُّ مَا بَيْنَ الْحَيْضَتَيْنِ خَمْسَةَ عَشَرَ يَوْمًا».

Жаъфар ибн Муҳаммад отасидан, у бобосидан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳайзнинг ози уч кундир, кўпи ўн кундир. Икки ҳайз орасининг энг ози ўн бешдир», деганлар.

Кўпининг чегараси йўқ.

Бир ёки икки йил бўлиши, гоҳида умуман ҳайз кўрмаслик ҳам мумкин.

Ҳайз муддатида орада қон тўхташи ва аёлнинг оқ рангдан бошқа рангдаги нарса кўргани ҳам ҳайздир.

Демак, ҳайз даврида маълум муддат қон келмай қолиши, шунингдек, ҳайзнинг асл рангидан бошқа рангдаги суюқлик келиши ҳам мумкин. Ҳайзли аёл бундай ҳолатлар ориз бўлганда «Ҳайзим тугади» деган хаёлга бормаслиги керак. Ҳайз тўхтаганда оқ рангли нарса келади.

وَبَعَثَ نِسَاءٌ إِلَى عَائِشَةَ بِالدُّرْجَةِ فِيهَا الْكُرْسُفُ فِيهِ الصُّفْرَةُ، فَقَالَتْ: لَا تَعْجَلْنَ حَتَّى تَرَيْنَ الْقَصَّةَ الْبَيْضَاءَ، تُرِيدُ بِذَلِكَ تَمَامَ الطُّهْرِ مِنَ الْحَيْضَةِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُالِكٌ.

«Аёллар Оишага ичига пахта солинган тувак юборишди. Унда сарғиш рангли қон асари бор эди. У (Оиша) ҳайздан тамоман пок бўлишни назарда тутиб, «То оппоқ бўлмагунича шошилманглар», деди».

Бухорий ва Молик ривоят қилганлар.

Ҳайз кўрган аёлдан охирги вақтда оқ рангли суюқлик келгани ҳайзнинг тугагани аломати бўлади. Ана шунгача шошилиб, ҳайзим тугади деб ўйлаб, ғусл қилмаслик ёки ҳайз ман қилган нарсаларни қилмай туриш керак.

Ҳайз намоз ва рўзани ман қилади.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا: أَنَّ فَاطِمَةَ بِنْتَ أَبِي حُبَيْشٍ سَأَلَتِ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَتْ: إِنِّي أُسْتَحَاضُ فَلَا أَطْهُرُ، أَفَأَدَعُ الصَّلَاةَ؟ فَقَالَ: «لَا، إِنَّ ذَلِكَ عِرْقٌ وَلَيْسَ بِالْحَيْضَةِ، وَلَكِنْ دَعِي الصَّلَاةَ قَدْرَ الْأَيَّامِ الَّتِي كُنْتِ تَحِيضِينَ فِيهَا، ثُمَّ اغْتَسِلِي وَصَلِّي». وَفِي رِوَايَةٍ: «إِذَا أَقْبَلَتِ الْحَيْضَةُ فَدَعِي الصَّلَاةَ، وَإِذَا أَدْبَرَتْ فَاغْسِلِي عَنْكِ الدَّمَ وَصَلِّي». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Фотима бинт Абу Ҳубайш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Мен истиҳоза бўламан, пок бўлмайман. Намозни қўяманми?» деб сўради. У зот: «Йўқ! У томир узилганидандир. Ҳайз эмас. Лекин сен одатда ҳайз кўрадиган кунларнинг миқдорида намозни қўй. Сўнгра ғусл қилиб, намозни ўқийвер», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Қачонки ҳайз келса, намозни қўй. Қачонки у (кунлар) ўтиб кетса, ўзингдан қонни ювиб, намозни ўқийвер», дейилган.

Бешовлари ривоят қилганлар.

Рўза қазо қилинади, намоз қазо қилинмайди.

عَنْ مُعَاذَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ: سَأَلْتُ عَائِشَةَ فَقُلْتُ: مَا بَالُ الْحَائِضِ تَقْضِي الصَّوْمَ وَلَا تَقْضِي الصَّلَاةَ؟ فَقَالَتْ: أَحَرُورِيَّةٌ أَنْتِ؟ قُلْتُ: لَسْتُ بِحَرُورِيَّةٍ وَلَكِنِّي أَسْأَلُ، قَالَتْ: كَانَ يُصِيبُنَا ذَلِكَ فَنُؤْمَرُ بِقَضَاءِ الصَّوْمِ وَلَا نُؤْمَرُ بِقَضَاءِ الصَّلَاةِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Муъоза розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.

«У киши айтадики, Оиша розияллоҳу анҳодан: «Нимага ҳайз кўрган аёл рўзанинг қазосини тутади-ю, намознинг қазосини ўқимайди?» деб сўрадим. «Нима, сен Ҳарурийямисан?!» деди. «Мен Ҳарурийя эмасман, лекин сўраяпман», дедим. «Ўша нарса бизда ҳам бўлар эди. Рўзанинг қазосини тутишга амр қилинар эдик, намознинг қазосини ўқишга амр қилинмас эдик», деди».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Рўза бир йилда бир марта фарз бўлади. Ҳайз кўрган аёл маълум кунларнинггина рўзасини қазо қилади. Шунинг учун рўзанинг савобидан маҳрум бўлмаслиги юзасидан унинг қазосини тутади.

Намоз эса ҳар куни беш марта фарз бўлганидан кейин ҳайз кунларида қолдирилган намоз сони кўпайиб кетади. Бунинг устига, аёл киши ҳар ойда ҳайз кўради. Бу эса ҳар ойда такрор машаққат деганидир. Шунинг учун ҳайз кўрган аёлдан намознинг қазосини ўқиш талаб қилинмайди.

Ҳайз яна масжидга киришни, тавофни ва лозимнинг остидаги нарсадан ҳузурланишни ман қилади.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «وَجِّهُوا هَذِهِ الْبُيُوتَ عَنِ الْمَسْجِدِ، فَإِنِّي لَا أُحِلُّ الْمَسْجِدَ لِحَائِضٍ وَلَا جُنُبٍ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана бу уйларни масжиддан бошқа томонга қаратинглар. Мен масжидни ҳайзли аёлга ва жунубга ҳалол қилмайман», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Ҳайз тавофни ман қилиши бу амал Масжидул Ҳаромнинг ичида бўлганидандир. Ҳайзли аёл масжидга кириши жоиз эмас.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا أَنَّهَا قَالَتْ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «افْعَلِي كَمَا يَفْعَلُ الْحَاجُّ غَيْرَ أَنْ لَا تَطُوفِي بِالْبَيْتِ حَتَّى تَطْهُرِي». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон ҳайз кўрсанг, ҳожи нима қилса, қилавер. Фақат пок бўлмагунингча Байтни тавоф қилма», деганлар.

«Лозимнинг остидаги нарса» иборасидан тананинг киндик билан тизза орасидаги қисми кўзда тутилади.

Ҳайзнинг лозимнинг остидаги нарсадан ҳузурланишни ман қилишига далил:

Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

فَاعْتَزِلُوا النِّسَاءَ فِي الْمَحِيضِ وَلَا تَقْرَبُوهُنَّ حَتَّى يَطْهُرْنَ 

«Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг. Пок бўлмагунларича уларга яқинлашманглар», деган (222-оят).

عَنْ مَيْمُونَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُبَاشِرُ نِسَاءَهُ فَوْقَ الْإِزَارِ وَهُنَّ حُيَّضٌ. رَوَاهُ الثَلَاثَةُ.  

Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хотинларини ҳайзли пайтларида изор устидан қучоқлар эдилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Изор – тананинг киндикдан пастига тутиб олинадиган, тикилмаган кийим. Бу кийим асли яманликларнинг кийимидир. Ҳозир ҳам эркаклар шундай кийимни кўп ишлатадилар.

Бу маънодаги бошқа ривоятлар ҳам кўп. Уларнинг барчасида изорнинг остидан ҳузурланиш мумкин эмаслиги таъкидланади.

Жунуб ва нифосли шахс каби, ҳайзли шахс ҳам кичик бетаҳоратга хилоф ўлароқ, қироат қилмайди.

Яъни жунуб, нифосли ва ҳайзли кишилар Қуръон қироат қилишлари жоиз эмас.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا تَقْرَأُ الْحَائِضُ وَلَا الْجُنُبُ شَيْئًا مِنَ الْقُرْآنِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳайзли аёл ҳам, жунуб ҳам Қуръондан ҳеч нарсани қироат қилмайди», дедилар».

Имом Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Аммо ҳайзли аёл таълим учун ҳарф-ҳарф қилиб ўқиши жоизлигига уламолар фатво берганлар.

Таҳоратсиз киши Мусҳафни ушламай қироат қилса бўлади.

Уларнинг барчаси Мусҳафни ушламайди.

Яъни жунуб, нифосли ва ҳайзли кишилар ҳамда кичик бетаҳорат киши Мусҳафни ушламайди.

Аллоҳ таоло Воқиъа сурасида:

لَّا يَمَسُّهُ إِلَّا الْمُطَهَّرُونَ

«Уни фақат покланганларгина ушлайди», деган (79-оят).

Мазкурларнинг барчалари пок эмаслар.

Фақат ёпишмаган ғилоф билан ушлаш бундан мустасно.

Имом Бухорий келтирган ривоятда Абу Воилнинг ўзининг ҳайзли ходимасини Разийннинг олдига бориб, Мусҳафни олиб келишга юборгани ва у ғилоф билан олиб келгани айтилган.

Мазкур шахслар тафсир, ҳадис ва фиқҳ китобларини ушлашлари ҳам мумкин эмас. Чунки у китобларда ҳам ояти карималар бўлади.

Кийимнинг енги билан ушлаш макруҳдир.

Чунки кийим ушловчиники ва унинг бир бўлаги ҳисобланади.

Сураси бор дирҳамни ҳам ҳамёнсиз ушламайдилар.

Авваллари баъзи дирҳамларга Ихлос сураси ёзилар эди. Демак, бетаҳорат кишилар сура ёзилган нарсаларни ҳам ушлашлари мумкин эмас.

Қуръони Каримнинг сувда оқиши, куйиши, нажосатга тушиши каби хавфлар бўлса, мазкур кишилар уни асраш учунгина ушлашлари мумкин.

Қуръонни таҳоратсиз варақлаб ҳам бўлмайди. Қаламга ўхшаш нарса билан варақлашга рухсат бор. Кичик болалар ушласа майли.

Ҳайз ва нифоснинг кўпидан кейин қони тўхтаган аёлга ғуслдан олдин яқинлик қилиш ҳалолдир.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

فَاعْتَزِلُوا النِّسَاءَ فِي الْمَحِيضِ وَلَا تَقْرَبُوهُنَّ حَتَّى يَطْهُرْنَ

«Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг. Пок бўлмагунларича уларга яқинлашманглар», деган (222-оят).

Бу оятдаги пок бўлиш икки хил маънони – ҳайз тўхташини ва ҳайз тўхтаганидан кейин ғусл қилишни англатади. Аёл ўн кун ҳайзли бўлганидан кейин унинг эрига ён босиб, биринчи маъно олинади. Аммо ғусл қилгунича кутиб туриш мустаҳабдир.

Озидан кейин қони тўхтаганга эмас. Илло, қон тўхтагандан кейин ғусл ва такбири таҳрима айтиш вақти ўтса, мустасно.

Ўн кундан оз муддат ҳайз кўрган аёлнинг ҳайзи тўхташи билан унга яқинлик қилиш жоиз эмас. Балки ғусл қилгунича кутиб туриш лозим. Агар аёл дангасалик қилиб, дарҳол ювинмай, ғусл, кийиниш ва намозга кириш такбирини айтиш вақтини ўтказиб юборса, унга яқинлик қилиш жоиз бўлади. Чунки унинг зиммасига намоз тушиши билан пок бўлган ҳукмига ўтади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳайзнинг тўрт ҳукми бор:

1. Ҳайз ва нифос тугаганда ғусл қилиш вожиб бўлади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:

وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الْمَحِيضِ قُلْ هُوَ أَذًى فَاعْتَزِلُوا النِّسَاءَ فِي الْمَحِيضِ وَلَا تَقْرَبُوهُنَّ حَتَّى يَطْهُرْنَ فَإِذَا تَطَهَّرْنَ فَأْتُوهُنَّ مِنْ حَيْثُ أَمَرَكُمُ اللَّهُ

«Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар. «У кўнгилсиз нарсадир. Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг. Пок бўлмагунларича уларга яқинлашманглар. Агар пок бўлсалар, уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг…» деб айт» (222-оят).

Ҳайз ва нифос кўрган аёлнинг пок бўлиши ғусл билан бўлади.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا أَنَّهَا قَالَتْ: قَالَتْ فَاطِمَةُ بِنْتُ أَبِي حُبَيْشٍ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنِّي لَا أَطْهُرُ، أَفَأَدَعُ الصَّلَاةَ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّمَا ذَلِكِ عِرْقٌ وَلَيْسَ بِالْحَيْضَةِ، فَإِذَا أَقْبَلَتِ الْحَيْضَةُ فَاتْرُكِي الصَّلَاةَ، فَإِذَا ذَهَبَ قَدْرُهَا فَاغْسِلِي عَنْكِ الدَّمَ وَصَلِّي». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Фотима бинт Абу Ҳубайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳеч пок бўлмаяпман, намозни тарк қиламанми?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У томир касаллиги, холос, ҳайз эмас. Ҳайз келганда намозни тарк қил ва унинг муҳлати тугагач, ўзингдаги қонни ювиб, намоз ўқийвер», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

2. Қиз бола ҳайз кўрса, балоғатга етган бўлади.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا تُقْبَلُ صَلَاةُ حَائِضٍ إِلَّا بِخِمَارٍ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ҳайз кўрувчининг намозини рўмолсиз қабул қилмайди», дедилар».

Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилишган.

Балоғатга етмаган қизга намоз фарз бўлмайди.

3. Идда ўтирган аёл ҳайз кўрса, ҳомиласи йўқлигига ҳукм қилинади.

4. Идда ўтириш ҳам ҳайз билан белгиланади.

НИФОС

Нифос боладан кейин келадиган қондир. Унинг озининг чегараси йўқ. Кўпи қирқ кун. У эгизакларнинг онаси учун, Муҳаммадга хилоф ўлароқ, биринчи боладан бошланади. Иддасининг тугаши эса охиргисидан эканлигига иттифоқ қилинган. Тушиб қолган ҳомиланинг баъзи аъзоси аён бўлса, бола ҳисобланади. Унинг онаси нифосли ҳисобланади. Она чўри бўлса, умму валад бўлади. Унинг туғилишига боғлаб қўйилган нарса воқе бўлади ва у билан иддаси тугайди.

Нифос ҳайзга яқин нарсадир. Уларнинг ҳукмлари ҳам деярли бир хил. Аммо нифоснинг ўзига хос хусусиятлари ҳам бор. Келаси сатрларда ана шу нарсалар ҳақида батафсил баён келади.

«Нифос» сўзи луғатда «туғиш» ва «қон» маъноларини англатади. Шариатда эса Нифос – бола туғилгандан кейин келадиган қондир.

Боладан олдин ва у билан бирга чиққан қон нифос ҳисобланмайди.

Унинг озининг чегараси йўқ. Кўпи қирқ кун.

Чунки шаръий манбаларда нифоснинг ози тўғрисида маълумот келмаган. Бундай ҳолда воқелик
эътиборга олинади. Баъзан нифос кўрмайдиган аёллар ҳам учрайди.

Нифоснинг кўпи ҳақида эса шаръий далил бор.

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَت: كَانَتِ النُّفَسَاءُ تَجْلِسُ عَلَى عَهْدِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَرْبَعِينَ يَوْمًا، فَكُنَّا نَطْلِي وُجُوهَنَا بِالْوَرْسِ مِنَ الْكَلَفِ. رَوَاهُ التِّرْمذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Нифос кўрган аёллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қирқ кун ўтирар эдилар. Юзларимизга нарса тошиб кетиб, варас суртиб олар эдик», деди».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

У эгизакларнинг онаси учун, Муҳаммадга хилоф ўлароқ, биринчи боладан бошланади.

Эгизак туққан аёлнинг нифоси биринчи боланинг туғилган вақтидан бошланади. Чунки бола туғилганидан кейин келган қон нифос бўлади.

Иддасининг тугаши эса охиргисидан эканлигига иттифоқ қилинган.

Аллоҳ таоло Талоқ сурасида:

وَأُولَاتُ الْأَحْمَالِ أَجَلُهُنَّ أَن يَضَعْنَ حَمْلَهُنَّ

«Ҳомиладорларнинг иддаси ҳомилаларини қўймоқликдир», деган (4-оят).

Биринчи бола туғилгандан кейин ҳомиланинг ярми қолган бўлади ва иккинчи бола туғилганда идда тўлиқ чиқади.

Тушиб қолган ҳомиланинг баъзи аъзоси аён бўлса, бола ҳисобланади. Унинг онаси нифосли ҳисобланади. Она чўри бўлса, умму валад бўлади.

Муддатидан олдин тушиб қолган ҳомилада панжами ёки шунга ўхшаш бирорта аломат бўлса, у ҳомила бола ҳисобланади ва онасига бола туққан аёлга жорий қилинадиган ҳукмлар жорий этилади. Жумладан, ўша она нифосли ҳисобланади. Қадимда, қул ва чўрилар бор вақтда чўрининг юқоридаги каби ҳомиласи тушса, хўжайини учун умму валад деб ҳисобланар эди.

Унинг туғилишига боғлаб қўйилган нарса воқе бўлади ва у билан иддаси тугайди.

Мисол учун, эри «Туққан кунинг талоқсан», деган бўлса, ҳалиги сифатдаги ҳомила тушиши билан талоқ бўлади.

Иддаси тугаши эса Аллоҳ таолонинг Талоқ сурасидаги «Ҳомиладорларнинг иддаси ҳомилаларини қўймоқликдир», деган оятига биноан бўлади.

Истиҳозанинг ҳукмлари

Ҳайзнинг озидан кам бўлган, дастлаб ҳайз кўрувчининг ҳайзидан зиёда бўлган, – у ўн кундир – ёки дастлаб нифос кўрувчининг нифосидан зиёда бўлган, – у қирқ кундир – ёки иккисида ҳам одатга биноандир, шунингдек, иккисининг кўпидан ортиб кетган ҳамда ҳомиладор кўрган нарса истиҳозадир.

У намозни ҳам, рўзани ҳам, жинсий яқинликни ҳам ман қилмайди.

 Узрлиларнинг ҳукмлари

Кимга фарзнинг вақти ўтмасдан истиҳоза, бурун қонаши ёки шуларга ўхшаш бетаҳоратлик етиб туриш одат бўлиб қолган бўлса, ўшанинг сабабидан ҳар фарзнинг вақтига таҳорат қилади ва у билан ўша вақтда хоҳлаганича фарз ёки нафлни ўқийверади.

Бундай таҳоратни қуёш чиқишига ўхшаш вақтнинг чиқиши синдиради. Заволга ўхшаш вақтнинг кириши эмас.

Энди ушбу матнларни шарҳ қилишга ўтайлик.

Ҳайзнинг озидан кам бўлган, дастлаб ҳайз кўрувчининг ҳайзидан зиёда бўлган, – у ўн кундир – ёки дастлаб нифос кўрувчининг нифосидан зиёда бўлган, – у қирқ кундир – ёки иккисида ҳам одатга биноандир, шунингдек, иккисининг кўпидан ортиб кетган ҳамда ҳомиладор кўрган нарса истиҳозадир.

Фиқҳий таъриф бўйича, «Истиҳоза» аёл кишининг раҳмидан одатдан (ҳайз ва нифосдан) ташқари қон оқишидир.

Матннинг юқоридаги жумлаларида аёл киши кўрадиган қонларнинг қайсилари истиҳоза бўлиши тушунтирилмоқда.

1. Ҳайзнинг озидан кам бўлган.

Ҳайзнинг ози уч кундир. Демак, аёл кишидан уч кундан оз муддат қон келса, у истиҳозадир.

2. Дастлаб ҳайз кўрувчининг ҳайзидан зиёда бўлган, – у ўн кундир.

Ҳайзнинг кўпи ўн кун. Ўн кундан ортиқ ҳайз бўлиши мумкин эмас. Биринчи бор ҳайз кўрувчининг қони давомли келиб турса, ўн кунгачаси ҳайз ҳисобланади. Ундан зиёда келган қон истиҳозадир.

3. Ёки дастлаб нифос кўрувчининг нифосидан зиёда бўлган, – у қирқ кундир.

Нифоснинг кўпи қирқ кундир. Қирқ кундан ортиқ нифос бўлиши мумкин эмас. Биринчи бор нифос кўрувчининг қони давомли келиб турса, қирқ кунгачаси нифос ҳисобланади. Ундан зиёда келган қон истиҳозадир.

4. Иккисида ҳам одатга биноандир.

Яъни дастлаб ҳайз ёки нифос кўргандаги одатига биноан бўлади. Ҳайз кўрувчининг одати уч кун билан ўн куннинг орасида бўлади. Нифос кўрувчининг одати қирқ кунгача бўлади.

Мисол учун, дастлаб беш кун ҳайз кўрган аёлга ҳар сафар беш кун ҳайз кўриш одат бўлиб қолади.

Дастлаб ўттиз кун нифос кўрган аёлга ҳар сафар ўттиз кун нифос кўриш одат бўлиб қолади.

5. Шунингдек, иккисининг кўпидан ортиб кетган.

Ҳайз ўн кундан, нифос қирқ кундан ортиб кетса, ортиғи истиҳоза бўлади.

Одатдан ортиб, кўпига етмаса, ҳайз ёки нифосга қўшилади. Мисол учун, бир аёлнинг одати беш кун ҳайз кўриш эди. Аммо бу сафар беш кундан ўтиб кетди. Ўн кунгача ҳайз ҳисобланаверади. Ўн кундан ошгани истиҳоза бўлади.

Бир аёлнинг одати ўттиз кун нифос кўриш эди. Аммо бу сафар ўттиз кундан ўтиб кетди. Қирқ кунгача нифос ҳисобланаверади. Қирқ кундан ошгани истиҳоза бўлади.

6. Ҳамда ҳомиладор кўрган нарса истиҳозадир.

Ҳар бир ҳомиладор аёл кўрган қон истиҳозадир. Чунки ҳомиладорлик вақтида ҳайз кўриш йўқ. Туғмагунича нифос кўриш ҳам йўқ.

У (истиҳоза) намозни ҳам, рўзани ҳам, жинсий яқинликни ҳам ман қилмайди.

Бу ҳукмларни фақиҳларимиз қуйидаги далиллардан олганлар:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتِ: اعْتَكَفَ مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ امْرَأَةٌ مِنْ أَزْوَاجِهِ، فَكَانَتْ تَرَى الصُّفْرَةَ وَالْحُمْرَةَ، وَرُبَّمَا وَضَعْنَا الطَّسْتَ تَحْتَهَا وَهِيَ تُصَلِّي. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у зотнинг завжаларидан бир аёл эътикоф ўтирди. У (аёл) сарғиш ва қизғиш (қон) кўрар эди. Гоҳида у намоз ўқиётганида остига тоғора қўйиб қўяр эдик», дедилар».

Абу Довуд, Бухорий ва Насоий ривоят қилишган.

عَنْ عِكْرِمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَتْ أُمُّ حَبِيبَةَ تُسْتَحَاضُ، فَكَانَ زَوْجُهَا يَغْشَاهَا.

Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умму Ҳабиба истиҳозали бўлар, эри эса унга яқинлик қилар эди».

وَعَنْهُ: أَنَّ حَمْنَةَ بِنْتَ جَحْشٍ كَانَتْ مُسْتَحَاضَةً، وَكَانَ زَوْجُهَا يُجَامِعُهَا. رَوَاهُمَا أَبُو دَاوُدَ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Ҳамна бинт Жаҳш мустаҳоза бўлса ҳам, эри унга яқинлик қилаверар эди».

Иккала ривоятни Абу Довуд келтирган.

Кимга фарзнинг вақти ўтмасдан истиҳоза, бурун қонаш ёки шуларга ўхшаш бетаҳоратлик етиб туриш одат бўлиб қолган бўлса, ўшанинг сабабидан ҳар фарзнинг вақтига таҳорат қилади ва у билан ўша вақтда хоҳлаганича фарз ёки нафлни ўқийверади.

Мазкур ҳолатларга доимий равишда ел чиқиб туриши, пешоб оқиб туриши, яранинг қонаб туриши каби ҳолатлар ҳам қиёс қилинади. Мазкур ҳолатга мубтало бўлган кишилар ҳар намознинг вақтига бир таҳорат қилиб олиб, ўша намознинг вақти чиққунча таҳоратли одамга жоиз бўлган ишларни қилаверади.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ: جَاءَتْ فَاطِمَةُ بِنْتُ أَبِي حُبَيْشٍ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنِّي امْرَأَةٌ أُسْتَحَاضُ فَلَا أَطْهُرُ، أَفَأَدَعُ الصَّلَاةَ؟ فَقَالَ: «لَا، إِنَّمَا ذَلِكِ عِرْقٌ وَلَيْسَ بِالْحَيْضَةِ، فَإِذَا أَقْبَلَتِ الْحَيْضَةُ فَدَعِي الصَّلَاةَ، وَإِذَا أَدْبَرَتْ فَاغْسِلِي عَنْكِ الدَّمَ وَصَلِّي». وَفِي رِوَايَةٍ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِذَا أَقْبَلَتِ الْحَيْضَةُ فَدَعِي الصَّلَاةَ، وَإِذَا أَدْبَرَتْ فَاغْسِلِي عَنْكِ الدَّمَ وَصَلِّي». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Фотима бинт Абу Ҳубайш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мен истиҳоза бўламан, пок бўлмайман. Намозни қўяманми?» деб сўради. Ул зот: «Йўқ! У томир узилганидандир, ҳайз эмас. Қачон ҳайз келса, намозни тарк эт. Қачон у кетса, ўзингдаги қонни ювиб ташлаб, сўнгра намоз ўқийвер», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон ҳайз келса, намозни тарк эт. Қачон у (кунлар) ўтиб кетса, ўзингдан қонни ювиб, намоз ўқийвер», дедилар», дейилган.

Бешовлари ривоят қилишган.

Бундай таҳоратни қуёш чиқишига ўхшаш вақтнинг чиқиши синдиради.

Мисол учун, узрли шахс бомдод учун таҳорат қилди. Унинг таҳорати қуёш чиқиши билан синади. Қуёш чиққандан кейин қилган таҳорати билан пешинни ўқиса бўлади.

Заволга ўхшаш вақтнинг кириши эмас.

Заволдан олдин таҳорат қилган узрли шахснинг таҳорати завол бўлиб, пешиннинг вақти кириши билан синмайди. Балки ўша таҳорат пешиннинг вақти чиқиши билан синади.

Валлоҳу аълам.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077

Топ рейтинг www.uz Openstat