Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Эри вафот қилган аёлнинг иддаси шарт эмасми?

14:31 / 28 июнь | Мунисса | 952
Ассалому алайкум! Қайнотам ўтган ой оламдан ўтдилар. Қайнонам 3 кун уйда ўтириб аза тутдилар ва 4-кундан ишга чиқиб кетдилар. Уларга идда ўтирмайсизми десам "аза 3 кун" дедилар ва "фақат яна қайта турмушга чиқиб болали бўлмоқчи бўлганларгина иддада ўтиради" дедилар. Шу тўғрими?

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Бу тушунча мутлоқ нотўғри бўлиб, Аллоҳнинг оятига тескари. Аллоҳ таоло "Бақара" сурасида марҳамат қилади: 

 وَالَّذِينَ يُتَوَفَّوْنَ مِنكُمْ وَيَذَرُونَ أَزْوَاجًا يَتَرَبَّصْنَ بِأَنفُسِهِنَّ أَرْبَعَةَ أَشْهُرٍ وَعَشْرًا فَإِذَا بَلَغْنَ أَجَلَهُنَّ فَلاَ جُنَاحَ عَلَيْكُمْ فِيمَا فَعَلْنَ فِي أَنفُسِهِنَّ بِالْمَعْرُوفِ وَاللّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ۝ 

234. Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ою ўн кун кутарлар. Муддатлари етганда, ўзлари ҳақида маъруф ила қилган ишларида сизга гуноҳ йўқ. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир.
Исломдан олдинги даврда аёл зоти турли азоб-уқубатларга ва хорлашларга дучор бўлар эди. Жумладан, эри ўлгандан кейин ҳам у хор-зор бўлар, ҳаққи поймол қилинар эди. Жоҳилият аҳлининг одатига биноан, эри ўлган хотиннинг устига эрининг қариндошларидан бири ридосини ташлаб қўйса, аёл бечора ўз-ўзидан ўша одамнинг мулкига айланиб қолар эди. Хоҳласа, ҳалиги одам уни ўзи хотин қилар, хоҳласа, бошқа эрга бериб, маҳрини олар ёки сотиб юборар эди.
Эри ўлган хотинга энг ёмон кийимлар кийдирилиб, хароба уйга киритиб қўйилар эди. У бир йил давомида ювинмай, хушбўй нарса суртмай ўтирарди. Яна булардан бошқа турли хурофотлар остида эзилар эди.
Ислом аёлнинг елкасидан бу зулмни кўтариб ташлади. Эри ўлган аёлнинг иддасини маълум муддатга чегаралаб қўйди:
«Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ою ўн кун кутарлар».
Бунинг ҳикмати кўп. Аввало, бу муддат ичида аёл раҳмининг (бачадонининг) ҳомиладан бўш ёки бўш эмаслиги билинади.
Иккинчидан, аёл киши ўз эрига бўлган ҳурмати, бирга яшаган ҳаётларининг ҳурмати сифатида аза тутади. Қолаверса, ўлган эри қариндошларининг синган кўнгилларига ҳам малҳам бўлади.
Идда ичида аёл киши пардоз қилиб, ясанмайди, чиройли кийимларни киймайди. Лекин маълум рангли ёки шаклли кийим кийиши ҳам шарт эмас.
Мўминларнинг онаси Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом «Аллоҳга ва охират кунига иймони бор аёлга ўлган киши учун уч кундан ортиқ аза тутиш ҳалол эмас. Магарам эрига тўрт ою ўн кун аза тутади», – деганлар.
«Муддатлари етганда, ўзлари ҳақида маъруф ила қилган ишларида сизга гуноҳ йўқ».
Яъни иддалари чиққанидан кейин, у аёллар шариат йўли билан ўзларига совчи кутсалар, айб эмас. Демак, эри ўлганидан тўрт ою ўн кун ўтгач, хотин ясаниб, пардоз қилиб, эрга тегиш учун совчи кутса, ўзининг иши, ҳеч кимга гуноҳ бўлмайди. Уни бу ишдан тўсишга ҳеч кимнинг ҳаққи ҳам йўқ. Шариатнинг ҳукми шу. Ҳаётда бундан бошқа ҳолларнинг учраб туриши эса бидъат ёки хурофотдир. Хурофотдан сақланиш лозим. Чунки:
«Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир». ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat