Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ёдлашни осонлаштирувчи омиллар

00:00 / 15.09.2011 | eski savollar | 2289
Ассаламу алайкум ва рохматуллохи ва барокатуху. Аллохга беадад хамду-санолар булсинким, уйларимиз ва иймонимиз уйи булмиш калбларимиз тобора купрок Куръон урин олган маконларга айланиб бормокда. Мухтрам устозлар, Куръон илмидан анча ортда колганликдан хижолатда булсакда, ёшимиз тобора ошиб борган булса хам, устоз топиб унга шогирд тушиш мушкулликдан холи булмасада Куръонни урганиш, уни ёдлаш ва унга амал килишга булган мойиллигимиз ортиб бормокда. Бу мойилликни факат унга - Куръонга булган якинлик кондира оларкан. Алхамдулиллах, "пора"-"пора" килиб, "утказиб" олишга розилик берган устозлар хам топилди. Ниятим Уни ёдлаш. Иншааллох, кунт, сабр ва гайрат, хамда озрок зехн хам бор. Саволларим куйидагича:1. Ёдлашни осонлаштирувчи омиллардан, ёдлаш услубларидан, хотирани мустахкамловчи амаллардан, катта устозларнинг тавсияларидан дарс берсангизлар. 2. Ёдлашни осонлаштириш хакидаги хадислардан дарс берсангиз. 3. Хатмларингизда бизни хам эслаб, бу борада, илмда, покликда ва Роббимизнинг магфирати хакида дуо килсангиз. Вассаламу алайкум ва рохматуллохи ва барокатуху.

"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.Аллоҳ таоло Ўзининг Каломига бўлган муҳаббатларимизни зиёда қилсин ва ушбу муқаддас Каломни ўрганишмизда Ўзи ёрдамчи бўлсин.Қуръон ўқишни қандоқ ўрганамиз?Қуръон ўқишни ўрганиш учун маълум меъёрларга риоя қилиш лозим. Энг аввал илм олиш учун зарур бўлган воситаларни ҳозирлаш керак. Шу билан бирга илм олиш одобларига амал қилиш ҳамда ўрганиш ва ёд олишни осонлаштирувчи омилларни ишга солиш мақсадга мувофиқдир. Қуйида биз ана шу мавзуларда сўз юритамиз.Илм олиш учун зарур бўлган воситалар.Ҳар бир илм толиби илм таҳсили учун зарур бўлган шароит ва имкониятларни ҳам ҳозирлашга ҳаракат қилмоғи айни муддаодир.Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ илм ҳосил қилиш учун зарур бўлган воситаларни ўзларининг бир шеърларида қуйидагича баён қилганлар:Азизим, илмга етолмассан ҳеч,Олти нарса бўлмаса, мен қилай баён.Заковат, иштиёқ, тиришмоқ, маблағ,Устоз суҳбатию ҳам узоқ замон. (Таржима)Демак, илм олмоқчи бўлган киши зоҳирий воситаларни ҳам ишга солиши лозим. Уламоларнинг таъкидлашларича, уларнинг асосийлари қуйидагилар экан:1. Заковат. Бу ҳислат ҳар кимда ҳар хил бўлиб, у кишининг фаолиятига қараб ривожланиши ёки аксинча, сусайиши ҳам мумкин. Айрим мутаҳассислар қорни очганини, иссиқ-совуқни билган кишида заковат бор, у илм олиши, қори бўлиши, олим бўлиши мумкин, дейишади.2. Иштиёқ. Инсон нимага қизиқса, шунга нисбатан қобилияти ва имконияти ортиб боради. Аммо қизиқмаган нарсасига нисбатан эса, бунинг акси бўлади. Мўмин киши ўзининг ушбу ҳиссиётини ҳам ақл билан бошқара билиши лозим. Агар инсон илмга муҳаббат қилиб, унинг файзидан баҳра олиб қолса ва унга ҳақиқий иштиёқманд бўлиб қолса, унинг учун бошқа барча воситалар ҳам ўз-ўзидан муҳайё бўла бошлайди. 3. Тиришқоқлик. Толиби илмда ҳар қанча қобилият ва имкониятлар кенг бўлмасин, агар унда илм таҳсилида етарли тиришқоқлик бўлмаса, мақсад ҳосил бўлмайди. Мисол учун бир кишининг илмга иштиёқи, муҳаббати бор, аммо, етарли даражада ҳаракати йўқ, унда тиришқоқлик топилмайди, дангасалик қилади. Бу ҳолда унинг иштиёқи оддий бир ҳиссиёт бўйича қолаверади.Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг катта шогирдларидан, аввалида қобилиятсизлиги билан ажраб турган, кейинчалик Имомдан кейинги мақомга лойиқ бўлиб, Қозибошилик мартабасигача етган Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳига: «Сени тиришқоқлик эсипастликдан олиб чиқиб кетди», деган эканлар.4. Маблағ. Илм олувчи кишининг турар жой, кийим-бош, озиқ-овқат, илм олиши учун зарур бўлган маблағ каби ўзига яраша молиявий эҳтиёжлари ҳам қондирилган бўлиши зарур. Бошпанасиз, қорни оч, китобга пули йўқ инсоннинг илм таҳсил қилиши жуда ҳам мушкул.5. Устоз ёрдами. Ҳар бир илмнинг ўз устаси бўлади. Устоз гўё тоғ йўлларининг харитасига эга бўлган, уларни бир неча маротаба ўзи босиб ўтган, бу борада керакли тажриба ҳосил қилган киши ҳисобланади. Бинобарин, тоғ чўққисига чиқишнинг энг осон, бехатар йўли мазкур харита эгасининг этагини ушлашдир. Айниқса, Исломий илмларни, хусусан Қуръон илмини устозсиз эгаллашнинг иложи йўқ. Устоз қидирганда ҳам илм ва тақво соҳиби бўлган устоз топишга ҳаракат қилиш лозим.6. Узоқ замон. Ҳа, албатта. Илм толибида барча имкониятлар мужассам бўлгандан сўнг, маълум вақт уларни илм йўлида сарф қилиши ҳам керак. Бўлмаса, топган имкониятларининг ҳеч қандай аҳамияти бўлмайди. Шунингдек, ҳеч қайси илм озгина муддатда қўлга кирмайди, балки, ҳар бири учун етарли муддат шуғилланиш керак. Шу боис, киши илм талаби учун қисқа муддат белгилаб шошқолоқлик қилмаслиги, бир ой, икки ой ёки фалон муддатда эгалласам ўқирдим, деган баҳоналар ахтармаслиги лозим. Балки, сабр-бардош билан оз-оздан бўлса ҳам бардавом бўлиши даркор.Қуръон ўрганиш одоблариҲар бир илмни ўрганишда унинг қоидаларига, одобларига амал қилинса, ҳаракатлар гўзал, тўла манфаатли ва яхши натижали бўлиши барчага маълум. Шу боис, энди Қуръон ўрганишнинг одоб ва ахлоқлари ҳақида сўз юритамиз.Қуръон ўрганишнинг одоб ва ахлоқлари асосан қуйидагилар:– Ниятни холис қилиш, фақат Аллоҳнинг розилигини қасд қилиш. Мол-дунё, обрў-эътибор, мақтов, олқишлар каби дунёвий ғаразларни кўзламаслик, қалбда уларга ўрин бермасликка ҳаракат қилиш. Бунинг учун вақти-вақти билан ниятни янгилаб турилса ҳам яхши бўлади.– Ҳар сафар дарсни таёрлашда бадан, кийим-бош ва маконининг пок, озода бўлиши ва ўзининг таҳоратли бўлиши.– Дарсга киришишдан олдин ақлни машғул қиладиган турли омиллардан зеҳнни холи қилиш.– Ҳар гал дарсга киришиш олдидан Аллоҳ таолодан уни осон этишини чин дилдан сўраш ва У Зотдан доимо ғайрат, куч-қувват ва имкониятлар сўраб дуою илтижода бўлиш. Зотан Аллоҳдан ўзга ҳеч кимдан қувват ва ёрдам йўқдир.– Бу ўринда оддий матнни эмас, балки, буюк илоҳий китоб, лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳ томонидан бўлган, У Зотнинг қадийм каломи бўлмиш Қуръони каримни, илоҳий ваҳийни ўқишни ўрганаётганини унутмаслик, бу ҳақиқатни доимо ҳис қилиб туриш.– Бу йўлда тўғри ният билан қилинган ҳар бир ҳаракат ва машғулот ибодат ҳисобланишини доимо ёдда тутиш.– Қиблага юзланиб, тавозуъ билан, иложи бўлса, чўкка тушиб ўтириб ўқиш. Ёнбошлаб, оёқ узатиб ёки мутакаббирона ўтирмаслик. – Шошилмаслик. Дарсларни ўзлаштиришда, тайёрлашда вақтни қизғаниб ёки бошқа сабаблар билан шошилиб ўқимаслик.– Машғулотни иштиёқ ва ғайрат билан бажариш, дарсни яхши ўзлаштириб бориш, бунинг учун бор имкониятни ишга солиш. Зеро, ибодатда сусткашлик қилиш ҳақиқий мўмин кишига муносиб эмас. – Жисмига зарар етадиган даражада кўп ўқимаслик, баданига дам бериб туриш.– Чиройли овози, яхши ўқиши билан ажабланиб, ўзига баҳо беришдан сақланиш. Доимо олдинга интилиш, камчиликларини тўғирлаш пайида бўлиш.– Қуръон товушларини, қироат қоидаларини ҳарчанд уриниб ҳам тўлиқ ўзлаштира олмайдиган кишилар, айниқса катта ёшдаги ўрганувчилар бу ўринда ноумид бўлмасликлари керак. Улар тиловатни барча имкониятларни тўла ишга солиб, иложи борича тўғри адо этсалар бас, ўз вазифаларини бажарган ҳисобланадилар. Чунки, инсон Аллоҳнинг олдида имкониятларидан сўралади. Аллоҳ таоло инсонни тоқат ва имкониятидан ташқари нарсага буюрмайди.– Маълум илмнинг вожиб бўлган қисмини эгаллагандан сўнг, нафл қисмини ўзлаштиришда бошқа зарурий, вожиб ишларини ундан олдинга қўйиш ҳам илм олиш тартибларидан ҳисобланади.Илм олиш сирлари:Илм олмоқчи бўлган кишига қуйидагилар тавсия этилади:– Гуноҳ ва маъсиятлардан, номаъқул ахлоқлардан қочиш. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Мен кишининг билган илмини унутишини қилган ёмон амали сабабли деб ҳисоблайман», деган эканлар. Али ибн Хашрам айтади: «Вакиъ ибн Жарроҳга: «Мен зеҳни ўта паст кишиман, умуман ёдлаш қобилиятим йўқ. Бирорта зеҳнга дори бўлса, ўргатсангиз», дедим. У менга: «Эй ўғилчам, Аллоҳга қасамки, мен ўз тажрибамда зеҳнга гуноҳларни тарк этиш каби дорини топмодим», деди».Имом Шофеъий ҳам ушбу маънода шеър битганлар:Зеҳнимдан шикоят айладим ВакиъгаДеди: «Тарк эт гуноҳни бўлса ҳам майдаЧунки, илм бир нурдир шубҳасиз, айтчи,Аллоҳнинг нури бўлур осийга қайда?– Ихлос ва муҳаббат билан қуролланиш. Зеро ниятнинг холис бўлиши, муҳаббат билан Аллоҳга юзланиш амалнинг баракали ва натижали бўлишининг асосий калити ҳисобланади. Бу борада устознинг ўрни каттадир.– Астойдил қасд қилиш. Инсоннинг барча қувватлари унинг қасдига кўра ҳаракатланади.– Ўрганишга, ёд олишга бўлган ишонч. Инсон ўзида ишонч ҳис қилмаса, ҳеч бир ишга ўзида қувват топа олмайди.– Ёшликни ғанимат билиш. Инсон умр давомида фақат улғайиб, кексайиб боради. Шу боис ёши нечада бўлишидан қатъий назар айни вақтини ғанимат билиш лозим. Хусусан, болалик ва ўсмирлик даврини беҳуда ўтказмаслик керак. Имом Дайламий ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кичик боланинг ёд олиши тошдаги нақш кабидир», деганлар.Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда: «Ким балоғатга етмай туриб Қуръонни ёд олса, гўдаклигидаёқ ҳукм берилганлардан ҳисобланади», дейилган.Аммо кишида ҳиммат баланд бўлиб, қасд ва рағбат мустаҳкам бўлса, ёшнинг катта бўлишининг зеҳнга зарари йўқ.– Етук устоз танлаш. Киши одатда устоз олдида масъулият ҳис қилади. Бу нарса ўз навбатида дангасилик кетиб, дарсда фикрнинг жамланишига ва уни осон ёдланишига ёрдам беради. Шунингдек, устоз унга ўз тажрибаси асосида яхши маслаҳатлар беради, қийналган вақтида кўмаклашади, йўл кўрсатади.– Машғулот учун қулай жойни танлаш. Жойнинг ҳавоси тоза, турли нақшу манзаралардан, хаёлни оладиган ранглардан холи бўлиши ёд олишни осонлаштиради. Хонанинг кенг бўлганидан торроқ бўлгани яхши. Ибн Жавзий айтади: «Денгиз бўйида, кўкаламзор жойда ёд олмаслик керак».– Муносиб вақт танлаш. Ёдлаш учун энг афзал вақт тонг саҳар ва намоздан кейинги эрталабки соатлар. Чунки бу вақтда қалб турли ташвиш ва ўйлардан холи, жисм тўлалигича дам олган бўлади. Баъзи уламолардан: «Илмга қандай етишдингиз?», деб сўралганида улар: «Чироқ ва тонгда ўтириш билан», деб ёки «Сафар ва бедорлик ҳамда эрта тонгда туриш билан», деб жавоб берган эканлар.Энг асосийси Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳим, умматимнинг тонгига барака бер», деб дуо қилганлар. – Овоз чиқариб ўқиш. Инсон ўқиганидан кўра эшитганини яхши эсда сақлаб қолади. Овоз чиқариб ўқилганда дарс икки томонлама зеҳнга қайд бўлади.– Фикрни чалғитадиган нарсаларни бартарф этиш, машғулот вақтида ҳаёлни бир жойга қўйиш.– Тартибли равишда, ҳар куни маълум ҳажмда ва бир хил вақтда ёд олиш. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматимнинг амалларининг афзали оз бўлса ҳам бардавом бўлганидир», деганлар.Табибларнинг айтишларича, хотира ёдлашга ҳаракат қилинганида миядадан ажраб чиқувчи махсус суюқлик воситасида ишлар экан. Инсон агар ҳар куни маълум вақтда ёдлаш билан шуғилланадиган бўлса, бир неча кундан кейин ўша вақтда мазкур суюқлик табиий равишда, рефлекс тарзида ажралиб чиқаркан. Натижада ёд олиш жараёни сезиларли даражада осонлашар, ёдлаш қобилияти ўткирлашар экан. – Дарс ҳажмини аста-секин, даражама-даража ошириш. – Ўқишдан чарчаб, малолланиб қолинганда фикрни бошқа бирор нарса билан чалғитиш. Масалан, ҳикоя, шеър ва шунга ўхшаш ҳаёлни ёзадиган нарсалар билан мияга дам бериш.– Дарс тайёр бўлгандан сўнг мияга 20 дақиқа дам бериш. Яъни мияга куч келадиган нарсаларга киришмаслик керак. Масалан телевизор кўриш, компютор, телефон ё бошқа воситаларда ўйин ўйнаш каби. – Аллоҳ талолодан тазарруъ билан ёрдам сўраш, доимо У зотга дуою илтижода бўлиш. Зеро Аллоҳ осон қилган нарсани қийинлаштирувчи, қийин қилганини осонлаштирувчи бўлмас.Ўрганиш ва ёд олиш сирлари ҳақидаги баҳсимизни маънавий қоида билан бошлаган бўлсак-да, юқоридаги сатрларда асосан моддий қоидалар ҳақида сўз юритдик. Энди эса баҳсимизни уни бошлаган нарса билан тугатмоқдамиз.Ҳар қандай нарсани қўлга киритшда моддий воситаларни ишга солиш билан бирга, маънавий омилларни ҳам ўз ўрнида ҳозирлаш лозим. Балки, маънавий омиллар моддий воситалардан муқаддам ва натижали ҳисобланади. Бунга воқеликда ҳам етарли далиллар мавжуд. Хусусан Қуръони каримни ёд олишда, илм ҳосил қилишда толиби илмнинг ички олами ана шундоқ руҳий қувват билан сифатланиши лозиму лобуддир. Жумладан, доимо Парврдигори оламга тўлиқ ишонч билан илтижо қилиб, У Зотдан ёрдам сўраш энг муҳим омил бўлишида шубҳа йўқ. Бу борада ҳадиси шарифларда ва мўътабар китобларда келган махсус дуолардан фойдаланилса, яна-да яхши бўлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик, бирдан Али келиб:«Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули! Ушбу Қуръон менинг кўксимдан чиқиб кетмоқда. Уни ушлаб туришга қодир бўла олмаяпман», – деди.«Эй Абул Ҳасан! Сенга Аллоҳ улар ила манфаат берадиган ва сен ўргатганларга ҳам манфаат берадиган ҳамда таълим олган нарсангни кўксингда собит қиладиган калималарни ўргатиб қўяйми?», – дедилар.«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули! Менга ўргатинг», – деди.«Қачон жума кечаси бўлганда, агар кечанинг охирги учдан бирида туришга қодир бўлсанг, – албатта, у шоҳид бўлинадиган соатдир. Унда дуо ижобат бўладир. Биродарим Ёқуб ўз ўғилларига: «Тезда сизлар учун Роббимга истиғфор айтурман», деганида, жума кечаси келсин деган эди – ўшанда, агар қодир бўлмасанг, унинг ярмида тур, борди-ю, бунга ҳам қодир бўлмасанг, аввалида тур ва тўрт ракъат намоз ўқи. Биринчи ракъатда «Фотиҳатул Китоб» билан «Ясин» сурасини ўқи. Иккинчи ракъатда «Фотиҳатул Китоб» билан «Духон» «Ҳаа-миим»ни ўқи. Учинчи ракъатда «Фотиҳатул Китоб» билан «Алиф лаам миим. Танзийлу» – «Сажда»ни ўқи. Тўртинчи ракъатда «Фотиҳатул Китоб» билан муфассал «Таборак»ни ўқи. Қачон ташаҳҳуддан фориғ бўлсанг, Аллоҳга ҳамд айт ва Аллоҳга гўзал сано айт. Менга яхшилаб саловот айт ва бошқа набийларга ҳам. Мўминлар ва мўминалар ҳамда сендан олдин иймон билан ўтган биродарларинг учун истиғфор айт. Ана ўшалардан сўнг: «Аллоҳим! Мени тирик қолдирган муддатингда маъсиятларни доимо тарк қилишим ила менга раҳм қилгин. Ўзимга бефойда бўлган нарсага уринмаслигим ила менга раҳм қилгин. Мени Сени мендан рози қиладиган нарсага яхши назар ила ризқлантиргин. Аллоҳим! Осмонлару ерни беназир қилиб яратган Зот! Жалол, икром ва мислсиз иззат эгаси! Эй Аллоҳ! Эй Роҳман! Жалолинг ила, юзингнинг нури ила сўрайманки, қалбимга Китобингни Ўзинг менга таълим берганингдек ёд олишни лозим қилгин! Уни Сени мендан рози қиладиган тарзда тиловат қилиш ила мени ризқлантиргин.Аллоҳим! Осмонлару ерни беназир қилиб яратган Зот! Жалол, икром ва мислсиз иззат эгаси! Эй Аллоҳ! Эй Роҳман! Жалолинг ила, юзингнинг нури ила сўрайманки, Китобинг ила кўзимни мунаввар қилгин. Уни тилимга жорий қилгин. У билан қалбимни очгин. У билан кўксимни кенгайтиргин. У ила баданимга амал қилдиргин. Зеро, менга ҳақда Сендан ўзга ёрдам бера олмас. Уни Сендан ўзга бера олмас. Ўзгартириш ҳам, қувват ҳам фақатгина Алий ва Азийм Аллоҳ ила бўладир», дегин.Эй Абул Ҳасан! Ўшани уч жума ёки тўрт ёки бешта қилгин, Аллоҳнинг изни ила ижобат қилинурсан. Мени ҳақ ила юборган Зот ила қасамки, бу ҳеч бир мўминни четлаб ўтмаган», – дедилар».Ибн Аббос розияллоҳу анҳу:«Аллоҳга қасамки, Али беш ёки етти (жума) ўтиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига худди аввалгига ўхшаш мажлисга келди ва:«Эй Аллоҳнинг Расули! Авваллари тўрт оят ёки шунинг атрофидагинани ёд олар эдим. Қачон уларни ўқийман десам, ёдимдан чиққан бўлар эди. Бугун эса қирқ ва унинг атрофидагини ўрганмоқдаман. Қачон уларни ичимда ўқисам, худди Аллоҳнинг Китоби кўзим олдида тургандек бўлади. Ҳадисни ҳам эшитар эдим. Агар қайтармоқчи бўлсам, ёдимдан чиққан бўларди. Бугун эса, ҳадисларни эшитмоқдаман, сиз уларни айтганингизда бир ҳарфини ҳам қолдирмайман», – деди.Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:«Мўминсан! Каъбанинг Роббиси ила қасам! Эй Абул Ҳасан!», – дедилар».Термизий ривоят қилган.Энди хотирани яхшиловчи ташқи омилларга келсак, қоринни ўта тўйдиришлик ва доимо тўқ юришлик ҳам хотира ва зеҳнга салбий таъсир кўрсатади. Бу борада, суннатга мувофиқ, душанба, пайшанба кунлари рўза тутиш жуда яхши фойда беради. Шунингдек, мизожи қуруқ маҳсулотларни истеъмол қилиш, хусусан, наҳорда ёнғоқ ва сариқ майиз ейиш ҳам зеҳн-хотирага қувват бахш этувчи омиллардан ҳисобланиши тажрибалардан маълкм. Биз дуодамиз, сизлар ҳам дуода бўлинглар.Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat