Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қуръони Каримнинг маънолар таржимаси

00:00 / 02.10.2012 | eski savollar | 2268
устоз 2 та савол билан мурожаат қилмоқчи эдим.Машааллоҳ сизнинг Қуръони карим ва маънолар таржимаси китобингизга ўта нодир даражада маъноларни таржима қилганингизга кўзимиз тушади фаҳмимиз етади. Мен ҳам бу ноёб илмга қандай эришишим мумкин, араб тилини мукаммал нозик нуқталаригача билишнинг тушунишнинг ўзи етарлими?Иншоаллоҳ динимизга хизмат қилиш талабидаги, умидидаги мухлис шогирдингиз ҳаққига дуолар қилиб туринг. Аллоҳ қилаётган солиҳ амалларингизни қабул қилсин ва устимизда хақ динни таълим беришингизни, бизларнинг устозимиз бўлиб юришингизни насиб айласин.Ҳурмат ва эҳтиром ила (Абдуллоҳ)

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Қуръони Карим маънолари таржимаси ҳам тафсирнинг бир тури бўлгани учун тафсирчига қўйилган шартлар таржимонга ҳам қўйилади. Қуйида саволингизга жавоб ўлароқ Қуръони Каримни тафсир ва маъноларини таржима қилувчилар учун қўйилган шартларни эслаб ўтамиз:Қуръони Карим тафсири билан шуғулланадиган кишида бўлиши зарур шартлар ишлаб чиқилди. Қуйида ана шу шартлардан баъзиларини келтирамиз: Биринчи шарт: Тафсир билан шуғулланадиган шахс, соф эътиқодли бўлиши керак. Чунки, эътиқод масаласи ўта нозик иш эканлиги ҳаммага маълум. Эътиқод масаласида нуқсони бор киши тафсир қилса, тафсири ҳам нуқсонли чиқиши турган гап. Шунинг учун ҳам эътиқодида «Аҳли Сунна ва Жамоа» мазҳабидан озгина оғиш бор шахсга тафсир қилишга изн берилмаган ёки ундоқ одам қилган тафсир йўқ қилинган. Бас, гап шундоқ экан, эътиқодсиз, бенамоз, баъзи гуноҳ ишларни содир этганлиги маълум бўлган кишилар ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.Иккинчи шарт: Ҳавои нафсга эргашишдан холи бўлиш. Бошқача қилиб айтганда, тафсирчи бўлиш ниятидаги шахс тарафкашлик дардига чалинган бўлмаслиги керак. Акс ҳолда, унинг ишида хиёнат содир бўлиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам, Қадария, Рофиза, Мўътазила каби тоифаларга мансуб шахсларнинг тафсирлари қабул қилинмаган.Учинчи шарт: Араб тилини ўта яхши билмоқ. Бу ҳеч қандоқ изоҳга ўрин қўймайдиган шартдир. Қуръони Карим араб тилида нозил бўлган, араб тилини яхши билмай туриб Қуръони Каримни биламан, дейишлик мутлақо ноўриндир. Араб тили чексиз луғат уммони билангина чегараланиб қолмайди. Балки, араб тили бундан бошқа яна бир неча улуғ илимларни ўз ичига олгандир. Наҳв, Сарф, Маоний, Баён, Бадийъ, Фасоҳат каби илмлар шулар жумласидандир. Бу борада Улуғ тобеъинлардан бўлмиш Мужоҳид розияллоҳу анҳунинг қуйидаги гапларини келтиришнинг ўзи кифоя қилса керак деб ўйлаймиз: «Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган киши учун араб тили олими бўлмай туриб Аллоҳннг китоби ҳақида сўз айтмоқ ҳалол эмас».Тўртинчи шарт: Қуръони Каримга боғлиқ илмларни яхши билмоқлик. Мазкур илмларга жумладан: Қироатлар илми, илми Тавҳид, илми Сабаби нузул, илми Носих ва мансух, илми Ом ва хос, илми Муташобиҳ ва бошқа бир қанча илмлар киради.Бешинчи шарт: Аввало Қуръонни Қуръон билан тафсир қилмоғи шарт. Чунки, бир маъно Қуръони Каримнинг бир жойида умумийроқ зикр қилинган бўлса, бошқа бир жойида батафсилроқ баён қилинган бўлади, бир оятда қисқа ишора қилиб қетилган нарса иккинчи оятда кенгайтирилиб тушунтирилади. Шунинг учун Қуръони Каримни яхши ва чуқур англашда унинг оятларини бир-бирига солиштириб ўрганиш катта аҳамият касб этади. Олтинчи шарт: Қуръони Каримни Суннати мутаҳҳара билан тафсир қилмоқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Сунатлари Қуръони Каримнинг шаарҳи ва татбиғи бўлиб келгани ойдек равшан нарса. Шунинг учун Қуръони Каримни тафсир қилмоқчи бўлган шахс Пайғамбар алайҳиссаломнинг Суннатларини жуда ҳам яхши билмоғи шартдир.Еттинчи шарт: Тафсирни Қуръони Каримнинг ўзидан ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларидан топмаса, Саҳобаларнинг гапларига қайтмоқ. Чунки, саҳобаи киромлар розияллоҳу анҳумлар Қуръони Каримнинг нозил бўлишига шоҳид бўлган, ўша даврни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаган, Қуръони Каримни аниқ тушуниб етган кишилардир.Саккизинчи шарт: Агар тафсирни юқорида зикр қилинган масдарлардан бирортасида ҳам топа олмаса, тобеъинларнинг тафсирига қайтиш. Чунки тобеълар, саҳобалардан дарс олган авлоддирлар. Саҳобалардан кейин Қуръони Каримни энг яхши биладиган авлод ҳам ўша кишилардир.Тўққизинчи шарт: Ўткир фаҳмли бўлмоқ. Бу сифат, бир маънони иккинчисидан устин қўя билиш ва шариат мақсадларига мос маъноларни истинбот қилиш учун керак бўлади.Ушбу шартларни ўзида мужассам қилган кишигина тафсир билан шуғулланиши мумкин, десак, бир оз шошилган бўламиз. Уламоларимиз муфассир бўлишдек улуғ бахтга эришиш учун ўзига яраша одобларга ҳам эга бўлишни шарт қилиб қўйганлар. Мазкур одоблар қуйидагилардан иборат:1-Яхши ниятли ва соғлом мақсадли бўлмоқ. Муфассир фақат Аллоҳ таолонинг розилигини ва охират савобини ҳамда дину диёнат равнағини ўйлаб иш қилмоғи лозим. Орага бошқа ғаразлар аралашса бўлмайди.2-Ҳусни хулқли бўлмоқ. Албатта, Қуръони Каримга боғлиқ одам Қуръоний ахлоқ-одобларга эга бўлмоғи лозим. Бўлмаса, унинг қилган тафсиридан не фойда бор?3-Илмига амал қилмоқ. Амалсиз илм бефойда экани ҳаммага маълум. Бу нарса Аллоҳ таолонинг китобига боғлиқ бўлганда яна ҳам ўзгача маъно касб этиши ҳам турган гап.4-Маъноларни нақл қилишда содиқ ва аниқ бўлиш. Муфассир ўзи аниқ ишониб етган маъноларнигина гапирмоғи ёки ёзмоғи керак. Акс ҳолда, гаплар бир-бирига аралашиб, ноаниқлик юзга келиши мумкин.5-Иззатини билмоқлик. Муфассир ўзини хор қилмаслиги, пастга урмаслиги лозим. У турли бўлмағур ишлардан, бошқаларнинг ҳузурида ўзини паст тутишдан сақланмоғи керак. Ҳақгўй бўлмоқ. Аллоҳ таолонинг каломида ҳақгўл бўлмаса, нимада ҳам ҳақгўй бўлиши мумкин.7-Виқорли бўлмоқ. Муфассир юриш-туришда, ҳаракату саканаотда виқорли бўлиб, ташқи кўринишида ҳам ҳайбат касб қилмоғи лозим.8-Тавозуъли ва ҳалим бўлмоқ. Агар бу сифатлар бўлмаса, одамлар унинг илмидан фойда олишлари қийин бўлади. 9-Оғир-босиқ ва салмоқли бўлмоқ. Муфассир тасарруфотларида ва гап-сўзида шошмасдан, аниқлик ва босиқлик билан тасарруф қилмоғи керак. 10-Пешқадам олимларни ўзидан устун қўймоқ. Ўзидан кўра пешқадам бўлган олимларни ҳурмат-эътиборини жойига қўя олган кишигина ҳақиқий муфассир бўла олади. Ушбу шарт ва одоблардан Ислом уммати Қуръони Карим маъноларини муҳофаза қилиш учун қанчалик ҳаракат қилгани кўриниб турибди. Ушбу тариқа ҳаракат қилиб бориб, Қуръони Каримга маъно айтишга фақат етук кишиларгина саралаб олинган. Турли ғаразгўйлар учун мазкур мартабанинг эшиги маҳкам беркитилган. Мазкур шартлар ва одобларни ўзида мужассам қилмаган шахсларнинг қилган тафсирларига биров қулоқ ҳам осмаган, ёзганларини ҳеч ким ўқимаган. Шу тарзда тақволи, ҳақиқий илм соҳиби бўлган муфассирлар ўз-ўзидан ажраб, қадр топиб келаверган. Ислом уммати ўзи ишонган тафсирчиларни ўзига хос услуб ила танлаб олган бўлса, ўша танланган тафсирчилар Аллоҳ таолонинг китоби, Қуръони Каримнинг маъноларини мусулмонларга етказиш учун силқи дилдан хизмат қилиб келишди. Ислом маданияти гуллаб яшнаган пайтларда тафсирчилик ҳам гуллаб яшнади. Мусулмонлар тушкинликка юз тутганларида эса, ишлар орқага кетди. Авваллари Ислом етган ерларнинг аҳолиси араб тилини ўрганиб, ўша тил орқали Аллоҳ таолонинг китоби билан танишган бўлса. Кейинчалик, мусулмонлар заифлашиб, янги мусулмонларга араб тилини ўргатиш у ёқда турсин, ўзлари ҳам ул тилни керак даражада ўргана олмай қолдилар. Вақт ўтиши билан, араб тилини билмайдиган мусулмонлар Қуръони Карим маъноларини кандоқ ўрганадилар, деган савол пайдо бўлди. Гап таржимага бориб тақалди. Лекин уламолар бир овоздан, Қуръони Каримни таржима қилиб бўлмайди, деб туриб олдилар. Уларниг фикрларича, Қуръони Карим илоҳий, мўъжиза калом бўлиб, унга ўхшаш арабча калом келтириш имкони бўлмаганидан кейин, унинг мақсадини бошқа тилда, айни шаклда баён қилиш имкони ҳам йўқ эди. Қуръони Карим савиясида бўлмаган нарсани Қуръон, деб аташ эса, мутлақо мумкин эмас. Энг муҳими, Қуръони Карим таржимаси, деган даъво билан кишиларни ҳақиқий Қуръондан узоқлаштириш хавфи туғилиши мумкин эди. Ушбу ва шунга ўхшаш мулоҳазалар асосида Қуръони Карим таржимаси мумкин эмас, деган қатъий қарор чиқди. Шунинг учун ҳам, қадимда бошқа тилларда Қуръони Каримга ёзилган тафсирлир ёки тушинтиришларни учратамизу, аммо, Қуръони Карим оятларининг бевосита таржималарини деярли учратмаймиз. Ушбу ҳолатнинг ёрқин намуналаридан бири, бундан эллик-олтмиш сана илгари бўлиб ўтган. Ислом ва Қуръонга хайрихоҳ бўлмаган ҳукмдорлардан бири, Қуръони Каримга ўз тилида битта тафсир ва битта таржима ёзилишига амр этади. Ўша пайтнинг етук кишиларидан бирлари тафсир ва яна бирлари таржима ёзишга ихтиёр қилинадилар. Таржимон ишни бир оз юриштиргандан сўнг Мисрга боради. Мисрлик уламолар у кишига қилинаётган таржима Қуръони Карим муҳофазаси учун хизмат қилмаслиги, аксинча ўта хатарли иш бўлиб, мазкур ҳоким шу таржима ёрдамида катта бир мусулмон халқни ҳақиқий Қуръони Каримдан узоқлаштириш мақсадида эканини англатадилар. У киши юртига қайтиб бориб, қилган таржимасини куйдириб ташлаб, ҳукмдорга, мен Қуръони Каримни таржима қила олмас эканман, деб айтади.Демак, йигирманчи мелодий асрнинг бошларигача Қуръони Каримни таржимасига расмий рухсат берилмаган. Яъни, Исломий сиёсатда бу иш марғуб иш ҳисоланмаган. Уламоларимиз бу ишни жоиз, деб фатво бермаганлар. Замон ўзгариб, турли халқлар орасидаги алоқалар ривожланиши асносида ғарб халқлари ҳам мусулмонлар билан борли-келди қилишга ўтдилар. Мазкур борди-келдилар мустамлакачилик асосида бўлгани ҳаммага маълум. Бу омил барча алоқаларга ўз соясини солиб туриши ҳам маълум. Худди ўша омил юзасидан ғарб халқлари Қуръони Каримни ўз тилларига таржима қилишни бошладилар. Қуръони Каримнинг маъноларини билиш мусулмон халқлари ичида мустамлакачилик сиёсатини олиб борувчиларга жуда ҳам зарур эди. Шунинг учун ҳам, Қуръони Карим маъноларини асосан, ғарб мустамлакачилигининг содиқ аскарлари, шарқшунослар, томонидан таржима қилинганини кўрамиз. Улар мазкур таржималарни ўзларича, ҳавои нафслари хохлаганича қилдилар ва, Қуръон, деб номладилар. Кўпроқ асл арабча матндан эмас, бошқа таржималардан таржима қилингани ҳам сир эмас.Ана ўша таржималарни нафақат мустамлакачилар, балки, уларнинг тилини биладиган баъзи мусулмонлар ҳам ўқий бошладилар. Чунки, ҳар бир мусулмонда Қуръони Карим маъноларини билиш орзуси бўлиши турган гап. Шунингдек, ҳар бир мусулмон ҳам араб тилини билмаслиги аниқ гап. Ушбу омиллар ва Қуръони Карим таълимотларини, Ислом динини бутун дунёга тарқатиш масъулияти уламоларимизни Қуръони Карим маъноларини таржима қилиш масаласини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.Авваллари айнан Қуръони Карим муҳофазаси йўлида, асл Қуръон қолиб унинг маънолари таржимасига суяниб қолинмасин, таржималардаги ихтилофлар Қуръон ҳақида ихтилофларга олиб бормасин, таржимага суяниб одамлар араб тилини ўрганмай қўймасин каби мулоҳазалар ила Қуръони Карим маънолари таржимасига расмий рухсат берилмаган эди.Энди эса, шароит тамоман ўзгарган эди. Аллоҳ таоло томонидан нозил этилган араб тилидаги асл Қуръон муҳофазаси собит бўлган эди. Одамлар маънолар таржимасига суяниб, асл матн унитилиши хавфи ҳам кўтарилган эди. Араб тилини биладиган мусулмонлардан кўра у тилни билмайдиган мусулмонлар кўпайиб кетган эди. Уларнинг барчасига Қуръони Каримни тушунадиган равишда араб тилини ўргатиш қийинлиги ҳам аён бўлган эди. Бунинг устига дунёнинг мусулмон эмас халқларини ҳам Исломга даъват қилиш керак эди. Энг муҳими, Қуръони Карим маъноларини бошқалар нотўғри таржима қилиб таратмоқда эдилар. Бу ўзига яраша катта хатар эди. Ана ўша омилларни эътиборга олган уламоларимиз Қуръони Каримнинг маъноларини Исломий таржимаси зарурлиги ҳақида фатво чиқардилар ва бундоқ таржима учун керакли шартларни ҳам баён қилдилар. Мазкур шартлар, Қуръони Карим маънолари таржимаси унинг тафсиридек нарсадир, деган тушунча асосида қўйилганидан, биз юқорида зикр қилиб ўтган, тафсир ва тафсирчи учун қўйилган шартларнинг айни ўзлари эди. Шу билан бирга маънолар таржимасига қўшимча шартлар ҳам қўйилди. Улардан баъзилари қуйидагилар:1-Таржимон араб тилини ўта яхши билиши билан бирга таржима қилинаётган тилни ҳам жуда яхши билиши шартлиги.2-Таржимани, Қуръон таржимаси эмас, балки, Қуръони Карим маънолари таржимаси, деб аташ ва тушуниш лозимлиги. Чунки, Қуръони Каримни айни ўзидек таржима қилиш умуман иложи йўқ нарсадир. На фақат таржима, балки, араб тилида ҳам Қуръони Каримнинг комил матни уёқда турсину, бирор оятига ўхшаш матнни келтириш ҳам амри маҳол экани собит ҳақиқтдир.3-Мазкур маънолар таржимасидан фақат Қуръони Карим мвъноларини тушунишдаги ёрдамчи сифатида фойдаланиш мумкинлиги. Ул маънолар таржимасини ибодатда қироат қилиш, улардан ҳукм чиқаришга ҳаракат қилиш, тражималар атрофида ихтилофлар қилиш мутлақо мумкин эмаслиги.4-Қуръони Карим маънолари таржимасини ёзганда, албатта, арабча оятлар билан бирга ёзиш шарт. Биринчидан, асл матннинг қудусияти балқиб туради. Қолаверса, таржиманинг аниқлигини ҳар доим текшириш имкони бўлади.

Топ рейтинг www.uz Openstat