Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Жин билан мулоқот қилган домла иймонидан ажраб қоладими?

06:28 / 21.04.2013 | mmbmfl | 6758

Бизнинг қишлоғимизда бир неча домлалар бор.  Улардан биттаси жин ўқиб ва амал қилганларни ўқийди.  Мени бир дўстимни ўқиганда унга жин илашкан экан.  Уни ўқигандан кейин, дўстими ичидаги жин мусулмон бўлибди.  Ана шу жин орқали қолган одамларни ўқиб, кимга амал қилишган, кимга жин кирган, шулар ҳақида, шунингдек, одамларга кирган жинларни қандоқ қилиб чиқаришни сўрайди.  Ўша жин билан тез-тез мулоқот қилиб туради.  Ким озгина оғриб қолган бўлса, ана шу домлани олдига боради, у домла "эртага, фалон соатга келинг" деб жўнатади.  Кейин ўша куни мени дўстимни чақириб ўқийди ва ичида мусулмон бўлган жин билан мулоқот қилиб, у жинни ёки амални қандоқ қилиб чиқаришни сўрайди.  Шу иш тўғрими?  Аллоҳдан эмас жинга суянганлиги учун у домла иймондан чиқиб қолмайдими?


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Бу иш нотўғри. Бунга ўхшаш саволларга кўп жавоб берилган. Аммо одамларимиз ўша жавобларни топиб ўқишдан эриниб, саволни қайта бераверишади. Агар одам ўзининг ичига жин киради, деган эътиқодни қилса, унга ўша нарса бўлганга ўхшаб кўринаверади. Ақидаси мустаҳкам, Аллоҳ таолога қаттиқ ишонган, “бу нарса бўлиши мумкин эмас” деб юрган одамларнинг ичига жин ҳам кирмайди, улар бундай васавасаларга учрашмайди ҳам. “Жин одамнинг ичига киради” деган гапни саволингизда зикр қилинган каби “қори”лар айтса, оми одамлар бу сафсатага “қори одам айтмоқда-ку”, дея яна ҳам қаттиқроқ ишонишади. Бир катта қори одамнинг шогирди шу ишни қилган экан, бу динга, Қуръони Каримга тўғри келмайди, гуноҳкор бўлибсан, деб менинг олдимга ўша шогирдини бошлаб келди. Мен унга ҳаммасини тушунтирдим. Аммо Қуръони Каримдан бир оз ёд олиб, “қори” бўлган одамнинг илми йўқ экан, кейин яна ўша ишини давом эттирибди. Айтмоқчиманки, бировнинг қори бўлиши одамларни алдаб қўймаслиги керак. Минг афсуслар бўлсинки, баъзи имомлар ҳам шу ишни қилишади. Бу ҳам кўпчиликни алдаб қўймаслиги керак. Шунингдек, ўша жин чиқариш даъвосини қилаётган кишилар одамларга кўрсатаётган, телефонларга ёзиб олган кўринишлар ҳам одамларни алдаб қўймаслиги керак. Кўп марта такрорланганидек, бу нарсалар одамнинг ишонишига боғлиқ. Кейин фитна ва синов ҳам бўлади. Қадим замонлардаёқ мужтаҳид уламоларимиз “жин билан гаплашишни даъво қилган одамнинг шаҳодати (гувоҳлиги) соқит бўлади” деб фатво чиқарганлар. Шундай бўлгандан кейин жинкашлик қилиш, бундай ношаръий йўл билан пул топиш обрў келтирмайди, бу ор-номусни булғайди, шармандаликка сабаб бўлади. Чет элларда ҳам авваллари бу каби ҳолатлар бўлган. Жин чиқариш, азайимхонлик ва буларга ўхшаш нарсалар авж олиб кетган эди. Ҳозирда жинкашлик ва бошқа ишларни қилганлар тавба қилиб, одамларга узр айтдилар. Саудия Арабистонида ҳукумат маҳаллий ҳокимият вакили, миршаблар, диний олимлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқалардан иборат махсус ҳайъатлар тузиб, жинкаш, фолбин ва шуларга ўхшаш тоифаларга қарши катта сафарбарликлар ўтказди. Мазкур жинкаш, азайимхон, фолбин ва бошқаларнинг ҳийла-найрангларини оммавий ахборот воситалари орқали халққа етказиб, уларни шарманда қилишди. Бизга бу гаплар ўша тарафлардан кечроқ келгани учун ҳамон давом этмоқда, холос. Бизда ҳам уларга қарши қаттиқ чоралар кўрилса, яхши бўлар эди. “Одамнинг ичига жин кириб олади” деган гап бизда яқинда пайдо бўлди. Авваллари умуман бундай гаплар йўқ эди. Мисрда ўқиб келганлардан баъзилари ўша ердаги “жин чиқарувчи”лардан бу ишни ўрганиб келишди. Мен бу гапни жин билан ўралашганларга айтган эдим, улар тан олишди. Нимага бошқаларнинг ичига эмас, фақат мусулмонларнинг ичига жин киради, деган саволга ҳам жавоб бера олишмади. Энг ёмони, бу ишларнинг ҳаммаси пул учун қилинади. Гўё жин кирганга бепул дам соладиган “жин чиқарувчи”ни кўрганимиз-билганимиз йўқ. Шариатда жинга қарши дам солишни касб қилиб олиш мутлақо мумкин эмас. Аввал айтиб ўтилганидек, Аллоҳни зикр қилиш, ҳар доим эслаб юриш жин ва шайтонга қарши энг ишончли ва кучли қуролдир. Одамлар ўзлари билган сураларини ўқиб, ўзларига дам солиб юришлари керак. Айниқса, ҳадисларда келган Фотиҳа, Кафирун, Ихлос, Фалақ, Нас каби сураларни ва “Курсий ояти”га ўхшаш оятларни ўқиб ўзига дам солиб юриш жуда ҳам манфаатлидир.

Топ рейтинг www.uz Openstat