Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ражаб ойида рўза тутиш ҳақида

16:45 / 12.05.2013 | Muhriddin Najmiddin | 39427
Шайх ҳазратлари. Мен Ражаб ойида рўза тутмоқликни ният қилиб юргандим, саҳарлик ва ифторликда ният қанақа бўлади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

РАЖАБ ойи РЎЗАСИ 

Усмон ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу деди: «Саъийд ибн Жубайрдан Ражаб ойида турганимизда Ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: «Ибн Аббоснинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик», деяётганини эшитганман», деди».  Тўртовлари ривоят қилганлар. Усмон ибн Ҳаким Саъийд ибн Жубайрдан Ражаб ойи рўзаси ҳақида сўраса ҳам, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий одатлари ҳақида жавоб берганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида сурункасига рўза тутар эдилар, ҳатто кишилар у киши оғизларини очмаса керак, деб ўйлаб қолишарди. Гоҳида эса оғизлари сурункали очиқ ҳолда юрганларидан кишилар энди рўза тутмасалар керак, деб ўйлаб қолишар эди. Ражаб ойида ҳам шундай бўлар эди. Мужийба ал-Боҳилийя розияллоҳу анҳодан, у киши ўз оталари ёки амакиларидан ривоят қилинади:  «Албатта, у (отаси ёки амакиси) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борди. Сўнгра эса бир йилдан кейин ҳолати ва кўриниши ўзгарган ҳолда яна келди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, мени танимаяпсизми? » деди. «Сен кимсан? » дедилар. «Ўтган йили олдингизга келган ал-Боҳилийман», деди. «Сени нима ўзгартирди? Кўринишинг чиройли эди? » дедилар. «Сиздан ажраганимдан сўнг фақат кечасигина таом едим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нима учун ўзингни азобга солдинг? – дедилар-да, сўнгра: – Сабр (Рамазон) ойи рўзасини тут ва ҳар ойдан бир кун тут», дедилар. «Бир оз зиёда қилинг, менинг қувватим бор», деди. «Икки кун рўза тут», дедилар. «Бир оз зиёда қилинг», деди. «Уч кун рўза тут», дедилар. «Бир оз зиёда қилинг», деди. «Ҳаром (ой)ларнинг баъзисида рўза тут, сўнгра (баъзисини) тарк қил, ҳаром (ой)ларнинг баъзисида рўза тут, сўнгра (баъзисини) тарк қил, ҳаром (ой)ларнинг баъзисида рўза тут, сўнгра (баъзисини) тарк қил», деб учта бармоқларини букиб, очиб кўрсатдилар».  Абу Довуд, Аҳмад ва Насаийлар ривоят қилганлар. Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар: 1. Йил бўйи рўза тутиш шариатга тўғри келмаслиги, ўзини ўзи азоблаш эканлиги. 2. Нафл рўза тутмоқчи бўлган одам Рамазондан бошқа ойларда бир, икки ёки уч кундан тутса бўлиши. 3. Агар мазкур миқдорни ҳам оз деб билса, ҳаром ойларда уч кун-уч кундан тутса, яхши бўлиши. Ушбу ҳадиснинг бу фаслда келтирилишининг сабаби Ражаб ойи ҳам ҳаром ойлардан бўлганлигидандир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Албатта Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони Аллоҳнинг китобида осмонлар ва ерни яратган кунидаги ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри дийндир. Бас, уларда ўзингизга зулм қилманг», («Тавба» сураси, 36-оят) деган. «Ҳаром ойлар» – ҳурматли, улуғланган ойлар, уруш-жанжал, душманлик қилиш ҳаром қилинган ойлар, деганидир. Ана ўша ҳурматли тўрт ой – Муҳаррам, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Ражаб ойларидир. Демак, Ражаб ойида нафл рўза тутиш савобли иш ҳисобланади. Машҳур саҳиҳ китоблардан бошқа ҳадис китобларида келтирилган ривоятларда Ражаб ойида рўза тутганларга улкан савоблар ваъда қилинган. Иложини топган кишилар бу ойда нафл рўза тутсалар, яхши бўлиши аниқ.

Топ рейтинг www.uz Openstat