Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Азондаги калималар

19:26 / 11.08.2015 | Jobir_1977 | 1293

Ассаламу алайкум! Устозлар саволим қуйидагича : Азон айтилаётганда азон калималари такрорланиб турилади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари зикр этилганида баъзилар саловат айтади. Лекин китобларда азоннинг сўзлари такрорланиши буюрилган экан. Нега саловат эмас? Қайси ҳолат шариатга мувофиқ?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида азон айтилаётганда азон калималарини такрорлаб туришга буюрганлар.
 عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِذَا قَالَ الْمُؤَذِّنُ اللهُ أَكْبَر، اللهُ أَكْبَر، فَقَالَ أَحَدُكُمُ: اللهُ أَكْبَر، اللهُ أَكْبَر، ثُمَّ قَالَ: أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، قَالَ: أَشْهَدُ أَنْ لَاَ إِلَهَ إِلَّا اللهُ، ثُمَّ قَالَ: أَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، قَالَ: أَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، ثُمَّ قَالَ: حَيَّ عَلَى الصَّلَاةِ، قَالَ: لَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللهِ، ثُمَّ قَالَ: حَيَّ عَلَى الْفَلَاحِ، قَالَ: لَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللهِ. ثُمَّ قَالَ: اللهُ أَكْبَر، اللهُ أَكْبَر، قَالَ: اللهُ أَكْبَر، اللهُ أَكْبَر، ثُمَّ قَالَ: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، قَالَ: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، مِنْ قَلْبِهِ دَخَلَ الْجَنَّةَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ ، وَالنَّسَائِيُّ، وَابْنُ خَزُيْمَةَ.
 Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бирорта (эшитганингиз) муаззин «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар» деганда «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар» деса; «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар» деганда, «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар» деса; «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ» деганда «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ» деса; «Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ» деганда «Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ» деса; сўнг «Ҳайя ъалас-солаҳ» деганда «Лаа ҳавла, ва лаа қуввата иллаа биллаҳ» деса; «Ҳайя ъалал фалаҳ» деганда «Лаа ҳавла, валаа қуввата иллаа биллаҳ» деса; сўнг «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар» деганда «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар» деса; «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деганда чин дилдан «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деса, жаннатга киради».
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг пайғамбари, умматга шариатни етказгувчисидирлар. У зотнинг ҳар бир айтган сўзлари Аллоҳнинг ваҳийсидир.

Бунга мисол Аллоҳ таоло “Нажм” сурасида :
У ҳаводан нутқ қилмас.
Яъни сизнинг адашмаган ва йўлдан озмаган соҳибингиз Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг номидан гапирганида ҳаводан олиб гапирмайди. Аксинча, у зот, Аллоҳ менга нозил қилди, деб айтаётган:
4. У (Қуръон) юбориладиган ваҳийдан ўзга нарса эмас.
Дин душманлари: «Муҳаммад ўзи хаёлига келган гапини гапириб, «Менга худодан хабар келди», деб, бизни лақиллатяпти, ўзининг обрўсини ўйлаб, ҳийла қиляпти, Қуръон деган нарсаси худодан келган хабар эмас, балки ўзи тўқиган гапдир» деганга ўхшаш туҳмат-бўҳтонлар қилишар эди. Юқоридаги ояти карималар бундай куфроний қарашларга раддия сифатида нозил қилиингандир.
Демак, Қуръони Карим Аллоҳ нозил қилган ваҳийдан ўзга нарса эмас. У аввалидан охиригача Аллоҳнинг каломи, Муҳаммад алайҳиссалом ҳам, Жаброил фаришта ҳам бирор ҳарфини ўзгартиришга ҳақли эмаслар. Ҳеч ким бирор ҳарфини ўзгартира олмайди, ўзгартирган ҳам эмас.
Ҳаводан нутқ қилмас» деган гапнинг маъносини қандай тушунмоқ керак? Қуръон тўғрисида унинг узил-кесил маъносию сўзлари, ҳатто ҳарфлари ҳам Аллоҳники экани айтилди. Ҳадис (Набий алайҳиссаломнинг сўзлари) – маъноси Аллоҳдан, ибораси Муҳаммад алайҳиссаломдан бўлган кўрсатма-хабарлардир. Аммо барибир, иборалари Қуръондан кейин иккинчи ўринда туради.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу бундай деганлар: «Набий алайҳиссаломдан нимани эшитсам, ёдлайман, деб ёзиб юрардим. Қурайш қабиласидагилар:
«Сен Набий алайҳиссаломдан нимани эшитсанг, ёзиб оласан, у киши ҳам одам, аччиқлари чиққанда ҳам гапирадилар», – дейишган эди, ёзмай қўйдим. Бир куни бу ишни Расулуллоҳга айтган эдим, у киши:
«Ёзавер, Аллоҳга қасамки, мендан ҳақ гапдан бошқа гап чиқмайди», – дедилар».
Яна Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Набий алайҳиссалом:
– Мен ҳақдан бошқани гапирмайман, – деганларида баъзи саҳобалар:
– Эй Аллоҳнинг Расули, бизга ҳазил-мутойиба қиласиз-ку? – дейишди. Ул зот яна:
– Албатта, мен ҳақдан ўзга гапни айтмайман, – дедилар».
Ул зоти бобаракотнинг ҳазиллари ҳам ҳақ бўларди. Ҳазил деб, кулдириш мақсадида у зот ноҳақ ибораларни ишлатмасдилар. Мисол учун, бир куни қари кампир келиб:
– Эй Аллоҳнинг Расули, шоядки, жаннати бўлсам, – дебди. Шунда Набий алайҳиссалом:
– Кампирлар жаннатга кирмайди, – дебдилар. Аёл йиғлай бошлади. Кейин унга «Жаннатга қари ҳолда кирилмайди, ҳамма ўттиз уч ёшли бўлиб киради», деб тушунтирилгач, хурсанд бўлган экан.
Бу ҳодисага «Хурмони чанглатиш» номи билан машҳур ҳодисани қўшсак, тўлиқ тасаввур пайдо бўлади. Саҳиҳ ривоятларда келишича, бир куни Пайғамбар алайҳиссалом Мадинаи Мунавварадаги хурмо боғларидан бирининг ёнидан ўтиб кетаётсалар, одамлар хурмо дарахтлари устида нималардир қилишаётган эмиш.
– Улар нима қилишяпти? – деб сўрабдилар.
– Хурмони чанглатишяпти, шундай қилса, ҳосил мўл бўлади, – деб жавоб қилишибди. Пайғамбар алайҳиссалом «Аллоҳ берса, шундоқ ҳам мўл бўлаверади» деган маънода сўз айтибдилар. Боғбонлар мазкур сўз таъсирида чанглатишни тарк қилибдилар. Йилнинг охирига келиб, ҳосил мўл бўлмабди. Кишилар бу хабарни Пайғамбар алайҳиссаломга айтишган экан, у зоти бобаракот:
– Мен сизларнинг динингизда бир гап айтсам, тўлалигича қабул қилинглар, дунё ишларида сиз ўзингиз билувчироқсиз, – дебдилар.
Шундан келиб чиқиб, уламолар айтадиларки, Пайғамбар алайҳиссалом диний ҳукмлар борасида ўзларидан гапирмаганлар. Тажриба, инсон маҳоратига боғлиқ ишларда ўзларидан гапирганлар.
Энди Набий алайҳиссаломга ваҳий келтирувчи фаришта Жаброил алайҳиссаломнинг сифатлари зикр қилинади. Чунки Қуръонни инкор қилувчиларни лол қолдиришда бу ҳам катта далилдир.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нимага буюрган бўлсалар, ўшанга амал қилиш бизнинг вазифамиз. У буйруқларга ўзимиз тарафимиздан бирор нарсани қўшишга ҳам, камайтиришга ҳам ҳаққимиз йўқ. Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat