Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Савоб учун борармиш

14:40 / 26.08.2015 | Ilhom 0005 Ibragimov | 1157

Ассаламу алайкум! Ҳурматли устозлар. Бир танишим фақат Жума куни намоз ўқишга боради қолган кунлари бир маҳал ҳам намоз ўқимайди. Ароқни канда қилмай ичади, аёлларга суяги йўқ, лекин ҳар жума куни намоз ўқишга масжидга боради. Мен унга “бу нима қилганинг, сен намозни ҳам ўйин қилиб гуноҳга ботаяпсан” десам, у “жамоат билан намоз ўқишни савоби кўп бўларкан, мен савоб учун бораман. Зора қиладиган гуноҳларимни шу савоблар билан енгиллаштирсам” дейди. Шу иши тўғрими? Жума куни намозга бориб, бошқа кунларда хоҳлаган ишини қилиб юроверса ўқиган намозини фойдаси борми? Шунга ўхшаш одамлар жудаям кўпайиб кетган, ўзича фақат жума куни намозга борадида, бошқа кунлари билган ишини қилиб юраверади. гуёки бир хафталик гунохларини Жума куни намозга бориб ювиб келишади. Мумкин бўлса яна бир саволимга жавоб берсангиз сегарет чекса одамни таҳорати бузиладими? Жавоб учун олиндан раҳмат.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Бақара” сураси 208-оятида :
Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир.
Маълумки, «Ислом» сўзи «Аллоҳга бўйсуниш» маъносини билдиради. Бу ҳолатда оятнинг умумий маъноси «Аллоҳга бутун борлиғингиз ила бўйсунинг», дегани бўлади. Яъни Аллоҳга бўйсуниш тўлалигича бўлсин. Тили билан бўйсуниб, дили билан бўйсунмасдан ёки бадани билан бўйсунмасдан қолиш керак эмас. Хулласи калом, бўйсуниш тўлалигича, ҳамма томондан бўлиши керак.
«Ислом» сўзининг маъноларидан яна бири – «тинчлик»дир. У ҳолда оятнинг умумий маъноси «Тинчликка тўлиғича киринг», дегани бўлади. Тинчликка тўлиғича кириш эса Исломни татбиқ қилиш билан амалга ошади. Исломда тинчлик инсон қалбининг тинчлигидан бошланади. Фақат банда ва Парвардигор, борлиқ ва охират ҳақидаги Ислом ақийдаларигина ҳар бир инсон қалбига тинчликни солиши мумкин. Сўнгра қалбдаги бу тинчлик оилага кўчади. Ислом оила тинчлиги учун зарур бўлган барча чораларни ишга солади. Оилалардаги тинчлик қўни-қўшни, қариндош-уруғлар орасига кўчади. Исломда қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар билан тинч яшашнинг йўл-йўриқлари батафсил кўрсатиб қўйилган. Сўнгра бу тинчлик жамиятга ўтади. Исломда ҳар бир жамият ўзаро тинчликда яшаш учун нималар қилиши лозимлиги ҳам белгилаб қўйилган. Давлат миқёсида тинч яшашга эса қалб тинч, оила тинч, қўни-қўшни, қариндош-уруғ тинч, жамият тинч бўлганда эришилади. Исломда давлат билан фуқаролар орасидаги тинч-тотувлик асослари ҳам, давлатлараро тинч-тотувлик йўл-йўриқлари ҳам мукаммал йўлга қўйилган. Охири келиб, Ислом кўзлаган тинчликда бутун дунё тинчлигига эришилади. Унда барча қалблар тинч, оилалар тинч, қўни-қўшнилар тинч, қариндош-уруғлар тинч, жамиятлар тинч, давлатлар тинч, ҳайвонот, наботот ва бутун борлиқ тинч бўлади, иншааллоҳ.
«Ислом»нинг машҳур маъноларидан бири Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилган диндир. Бу ҳолатда оятнинг умумий маъноси – «Ислом динига тўлиғича киринг» бўлади. Ислом инсоннинг ҳаётини тўлиғича қамраб олган диндир. Инсоннинг онадан туғилиб, қабрга киргунгача бўлган даврдаги ҳар бир нафаси ва ҳаракати Исломнинг ихотаси доирасидадир. Исломга тўлиғича кириш оралиқ даврда, яъни бутун ҳаёт давомида бутунлигича мусулмонча яшаш, демакдир. Инсоннинг туғилишидан тортиб, то озуқаланиши, тарбияланиши, вояга етиши мусулмонча бўлиши керак. Балоғат ёшига етганда, дин таклиф қилган барча нарсаларга тўлиқ амал қилиши лозим. Инсон ўзининг шахсий, оилавий, ижтимоий, иқтисодий, маданий, сиёсий ва яна ҳаётининг бошқа соҳаларида Исломга амал қилгандагина, Ислом буюрган ҳамма нарсага юриб, у қайтарган ҳамма нарсадан қайтгандагина унга тўлиқ кирган бўлади. Шундагина бахт-саодатга эришади. Бугун халқимиз орасида кўпларимиз нима қиляпмиз? Номларимизга, насл-насабимизга қаралса, ҳамма мусулмон. Кимлиги суриштирилса, «Мен мусулмонман», дейди-ю, аммо ўзи ғайри муслимларнинг ишини қилиб юради. Яна: «Нимага мусулмон бўлсак ҳам, ишимиз юришмаяпти?» – дея нолийди. Динга, Аллоҳга туҳмат қилади. Кўраётган кўргиликлари ўзи мусулмон бўла туриб, Исломда яшамаётганининг оқибати эканини хаёлига ҳам келтирмайди. Ҳолбуки, айб ўзида. Бошига тушган омадсизликларни Исломдан кўришга ҳеч бир мусулмоннинг ҳаққи йўқ. Ислом бир-бирини тўлдириб келувчи турли таълимотлар ва амалларнинг мажмуасидир. Намоз ўқиб туриб, закотни инкор қилса бўлмайди. Ақийдани мусулмонча қилиб туриб, оилада христианча яшаса бўлмайди. Ҳамма-ҳаммаси мусулмонча бўлиши керак.
Оятнинг охири Исломдан бошқа йўлга юриш шайтоннинг изидан эргашишдан бошқа нарса эмаслигини ва у очиқ душман эканини таъкидлаяпти:
«…ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир».
Демак, Исломга тўлалигича кирилмаганда, шайтоннинг изидан эргашилган бўлар экан.( “Тафсири Ҳилол” китобидан).
Уламолар Исломни беш қисмга бўлганлар.
1-эътиқод. Яъни киши мўмин бўлиши учун нималарга эътиқод қилиш керак ва Ислом доирасидан чиқиб кетмаслик учун нималардан сақланиш керак.
2-ибодатлар. Яъни намоз, рўза кабилар
3-муомолат. Ҳар бир кишининг касб-хунар қилиши.
4-муошарот. Ижтимоий муомалалар.
5-хулқ. Мусулмон киши қандай хулққа эга бўлиб, қандайлардан халос бўлиши керак. Баъзи одамлар бу беш қисмни баъзиларига тўлиқ амал қилиб, қолганлари ҳам Исломдан эканлигини унутиб қўймоқдалар. Натижада уларнинг бу ишлари Исломга таъна тошларини отилишига сабабчи бўлмоқда. Шунинг учун юқоридаги беш қисмнинг ҳаммасини яхши ўрганиб, имкон қадар амал қилишга ҳаркат қилинса ин шаа Аллоҳ Исломга тўлиқ кирганлар сафида бўлади. Баъзисига амал қилиб баъзисини тарк қиладиган одамлар Исломни ёмон отлиқ бўлишига, “Э намозхонларинг шу бўлса, намоз ўқимайман” дегувчиларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat