Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ушр садақа ҳақида

10:48 / 16.09.2015 | Abdumalik99 | 1447

Ассалому алайкум! 1. Ушр садақа ҳақида ўқиб қолдим. Биз яқинда шерикчиликка иссиқхона қурдик, Худо хоҳласа яқинда ҳосил олиб қоламиз. Биз ушр садақасини қандай қилиб берамиз? Ҳосилни сотиб, ҳаржатларни чиқариб ташлабми ёки сотилган маҳсулотни ўзиданми(чиқимларни ҳисобламасдан)?
2. Ушр садақани қанча фоиз чиқарилади? Аллоҳ рози бўлсин.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Сизларга чиққан ҳамма маҳсулотнинг ҳаражатларини чиқариб ташламасдан йигирмадан бирини садақа сифатида чиқаришингиз вожиб бўлади.
Оз бўлса ҳам, ушрий ернинг ва тоғнинг асалидану мевасидан ҳамда ердан чиққан нарсалардан, агар уни оқин сув ёки ёмғир суғорган бўлса, ушр берилади. 
Илло, ўтинга ўхшаш нарсада ушр йўқ.
Агар катта пақир ёки чархпалак ила суғорилса, ушрнинг ярми берилади. Бунда зироат учун қилинган харажат чиқариб ташланмайди.

ЗИРОАТ МАҲСУЛОТЛАРИ ЗАКОТИ

Ердан чиққан нарсалардан, агар уни оқин сув ёки ёмғир суғорган бўлса, ушр берилади.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабларида ердан чиққан ҳар бир нарсадан закот олинади.
У кишининг ҳужжатлари:
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: 

أَنفِقُواْ مِن طَيِّبَاتِ مَا كَسَبْتُمْ وَمِمَّا أَخْرَجْنَا لَكُم مِّنَ الأَرْضِ 

«Ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсалардан инфоқ қилинглар», деган  (Бақара сураси, 267-оят).
У Зот бирини айтиб, иккинчисини қўймаган. Бир зироат маҳсулотини бошқасидан ажратмаган.
Аллоҳ таоло яна: 

وَآتُواْ حَقَّهُ يَوْمَ حَصَادِهِ 

«Йиғим-терим куни ҳақини беринглар», деган ­(Анъом сураси, 141-оят).
Ушбу оятнинг аввалида Аллоҳ таоло боғу-роғларни, хурмони, зироатни, зайтунни ва анорни зикр қила туриб, кейин инфоқ қилишга амр этган.

عَنْ سَالِمِ بْنِ عَبْدِ اللهِ، عَنْ أَبِيهِ رَضِي اللهُ عَنْه، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «فِيمَا سَقَتِ السَّمَاءُ وَالْعُيُونُ أَوْ كَانَ عَثَرِيًّا الْعُشْرُ، وَمَا سُقِيَ بِالنَّضْحِ نِصْفُ الْعُشْرِ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَصْحَابُ السُّنَنِ  

Солим ибн Абдуллоҳ отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Осмон, булоқлар ёки ёмғир билан суғорилганлардан ушр, сув қўйиб суғорганлардан ушрнинг ярми», дедилар».
Бухорий ва «Сунан» эгалари ривоят қилишган.
«Қут бўладиган, бўлмайдиган, қурийдиган, қуримайдиган», демаганлар.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳаблари далил томонидан ҳам ақл томонидан ҳам, мантиқ томонидан ҳам, воқелик томонидан ҳам қадимдаю ҳозирда ҳам кўпчилик уламолар томонидан қўллаб-қувватланган. Барча зироат маҳсулотларидан закот бериш зарурлиги таъкидланган.
Илло, ўтинга ўхшаш нарсада ушр йўқ.
Яъни ердан чиққан нарсалардан ерга ишлов бериш билан ўстирилмайдиганларида, хусусан, ўтинга ўхшаган нарсаларда ушр йўқ. Бунга қамиш, ўт-ўлан ва шунга ўхшаш нарсалар киради.
Агар катта пақир ёки чархпалак ила суғорилса, ушрнинг ярми берилади. Бунда зироат учун қилинган харажат чиқариб ташланмайди.
Бу ҳукмларнинг далили ҳадиси шарифда келган. 

عَنْ جَابِر صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، عَنِ النَّبِي صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «فِيمَا سَقَتِ الْأَنْهَارُ وَالْغَيْمُ الْعُشُورُ، وَفِيمَا سَقَتِ السَّانِيَةُ نِصْفُ الْعُشُورِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَفِي رِوَايَةٍ: «فِيمَا سَقَتِ السَّمَاءُ وَالْأَنْهَارُ وَالْعُيُونُ أَوْ كَانَ بَعْلًا الْعُشْرُ، وَمَا سُقِيَ بِالسَّوَانِي وَالنَّضْحِ نِصْفُ الْعُشْرِ  

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Анҳорлар ва булутлар суғорган нарсалардан – ушр (ўндан бир), сув чиқарувчи ҳайвон ила суғорилгандан – ушрнинг ярми», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Бошқа бир ривоятда:
«Осмон, анҳорлар, булоқлар ёки томиридан сув ичганларидан – ушр. Сув чиқарувчи ҳайвонлар ва сув чиқарувчи асбоблар ила суғорилганлардан – ушрнинг ярми», дейилган.
Ушбу ҳадиси шарифда ишлаб чиқаришда ишлаб чиқарувчи томонидан сарфланган маблағ ва хизмат қанчалик қадр-қийматга эга экани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Экинларни суғориш учун инсон ўз хизмати ва маблағини сарфлаб сув чиқарганда унда оддий ҳолатдагининг ярмига закот олиниши шуни кўрсатади.
Ислом уммати зироат бойликларидан закот (ушр) ёки ушрнинг ярмини чиқариш фарзлигига доимо ижмоъ қилган.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи эса: «Зироат маҳсулотларининг озидан ҳам, кўпидан ҳам закот олинади», дейдилар. Бу гапни Иброҳим Нахаъий, Ато ибн Аби Рабоҳ, Умар ибн Абдулазиз ва бошқалар ҳам айтганлар. Улар ўз ижтиҳодларига закот фарзлиги тўғрисидаги оят ва ҳадисларда нисоб ҳақида сўз йўқлигини ҳужжат қилиб келтирадилар.
Табиий ҳолатда келадиган сув ила суғорилган экинлардан олинган зироат маҳсулотларидан ушр (ўндан бир) закот олинади. Сув чиқаришга чархпалак, ҳайвон ва бошқа нарсаларни ишлатиб, сарф-харажат қилинган бўлса, ушрнинг ярми (яъни йигирмадан бир) миқдорида закот олинади. Суғоришдан бошқа ишларда қилинган сарф-харажатлар эътиборга олинмайди.
Ҳанафий мазҳаби бўйича, вақф ерлардан чиққан зироат маҳсулотларидан ҳам закот олинади. Чунки зироат бойликлари закотида чиққан ҳосил эътиборга олинади.
Ижарага олинган ердан чиққан маҳсулотлардан бериладиган ушр ҳанафий мазҳаби бўйича ижарага берувчидан олинади. Ерни давлатдан ижарага олувчилар эса ўзлари ушр берадилар.
Чиққан зироат маҳсулоти закот фарз бўлганидан кейин мулк эгасининг айбисиз нобуд бўлса, закот соқит бўлади.(“Кифоя”). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat