Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Таҳажжуд ва истихора

09:07 / 29.07.2015 | shuhrat | 1220

Ассалому алайкум! Сизларга Аллоҳдан ҳотиржамлик тилайман. Бир илтимосим бор эди, таҳажжуд номози ва истихора намозига тарғиб қилинган ҳадислар ва қоидаларни ўрганмоқчидим. Озроқ биламан лекин жуда кам. Шуларни батафсилроқ ўрганмоқчидим. Қайси саҳифадан ўқисам бўлади? Илтимос менга юборсангизлар. Олдиндан раҳмат.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло: «Кечанинг баъзисида у ила таҳажжуд қил. Сенга нофила ўлароқ. Шоядки, Роббинг сени мақтовли мақомда тирилтирса», деган (Исро сураси, 79-оят). Шарҳ: Ушбу оят билан таҳажжуд намозига тарғиб қилиш Қуръонда келганлиги эслатилмоқда. Кечаси бир ухлаб туриб, ўқиладиган намоз таҳажжуд намози деб аталади. Шунингдек, бу намоз «қиём намози» деб ҳам аталади. Аввал бу намоз вожиб бўлган эди. Бир йилча вақт ўтганидан кейин вожиблиги насх қилинган. Бу маъно «Тафсири ҳилол»да, «Муззаммил» сурасининг тафсирида батафсил баён қилинган: «Эй ўраниб ётувчи! Кечанинг озгинасидан бошқасини (ибодатда) тик туриб ўтказ!» Албатта, ушбу оят ниҳоятда улкан маъно касб этади. Бу кишиларни Аллоҳнинг йўлига – энг тўғри йўлга бошлаш учун қилинган амр эди. Аллоҳнинг ўраниб ётадиган вақт ўтди, тур энди, деган нидоси эди. Шунинг учун ҳам Хадича онамиз Пайғамбар алайҳиссаломга «Бир оз ухлаб олсангиз-чи», десалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Эй Хадича, уйқунинг вақти ўтди», дер эдилар. «Ярмида ёки ундан бир оз қисқароғида (бедор бўл)». Яъни, кечанинг ярмида бедор бўлиб, ибодат қил ва ярмида ухла ёки ярмидан озроғида ибодат қилиб, кўпроғида ухла. «Ёки у (ярим)га яна қўш ва Қуръонни тартил билан тиловат қил!» Яъни, кечанинг ярмидан кўпроғини ибодат билан ўтказгин-да, озроғида ухлагин. Қуръонни тартил билан ўқиш деб, уни дона-дона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади. Қуръонни тартил билан ўқишга бўлган бу илоҳий фармон барча мўмин-мусулмонларга оммавий фармондир. Муҳаммад алайҳиссаломга Жаброил алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар. Ўз навбатида, Пайғамбар алайҳиссалом ҳам умматларига тартил билан ўқиб берганлар. Мусулмон уммати эса авлоддан авлодга Пайғамбаридан қандай қилиб олган бўлса, шундай ўтказиб келмоқда. Қориларимиз Қуръон қироати қоидаларини тартибга солиб, китоблар битганлар. Бу қоидаларни билиш ҳар бир мусулмон учун зарурдир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон тажвид қоидалари бўйича бир китоб ўқиши, Қуръон тиловатини тажвид илмига эга бўлган қорилардан ўрганиши лозим. Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай башорат қиладилар: «Қиёмат кунида Аллоҳ Қуръон қорисига «Ўқиб, кўтарилиб боравер, у дунёда қандай ўқиган бўлсанг, шундай ўқи, охирги оятни ўқиган жо¬йинг сенинг (жаннатдаги) мартаба манзилинг бўлади», дейди». Кечалари қоим бўлиш, яъни, ибодат билан бедор бўлиш ҳақида ҳам ривоятлар жуда кўп. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда жумладан шундай дейилади: «...Эй мўминларнинг онаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечалари қоим бўлишлари ҳақида сўзлаб беринг», дедим. «Яа айюҳал муззаммил» сурасини ўқиганмисан?» дедилар. Мен (Саъийд ибн Ҳишом): «Ўқиганман», дедим. «Албатта, Аллоҳ таоло ушбу суранинг аввалида кечалари қоим бўлишни фарз қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари бир йил кечалари қоим бўлдилар. Ҳатто оёқлари шишиб кетди. Аллоҳ таоло суранинг охирини туширмай, ўн икки ой ушлаб турди. Сўнгра бу суранинг охирида енгиллик тушди», дедилар». Кечалари қоим бўлиш фарз амалдан ихтиёрий амалга айланди... Кечалари бедор бўлиб, ҳатто оёқлари шишиб кетгунча туриш, Қуръонни тартил билан тинмай тиловат қилиш катта аҳамиятга эга бўлган оламшумул ишга тайёргарлик эди. Бу оғир ишнинг қабули келгуси оятда нозил бўлган. «Албатта, Биз устингга оғир сўзни ташлармиз». Яъни, Қуръонни ташлаймиз. Қуръон ўзи енгилликка барпо қилинган, лекин у ҳақиқат мезонида оғирдир. Унинг қалбга таъсири оғирдир. Бошқа бир оятда: «Агар биз бу Қуръонни тоққа туширсак эди, Аллоҳдан қўрққанидан парчаланиб кетганини кўрар эдинг», дейилган. Ҳа, масъулиятини улкан тоғлар ҳам кўтара олмайдиган улкан ишни Муҳаммад алайҳиссалом кўтарганлар. Қуръон оятларининг тушиш жараёни ниҳоятда оғир кечарди. Ваҳий тушган пайтда, агар кунлар совуқ бўлса ҳам Пайғамбар алайҳиссалом терлаб кетар, нафас олишлари тезлашар эди. Саҳобалардан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу шундай ҳикоя қиладилар: «Менинг соним Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонларига тегиб турган пайтда ваҳий тушиб қолди, унинг шиддатидан соним ёрилиб кетай деди». Агар Пайғамбаримиз алайҳиссалом туяда кетаётганларида ваҳий тушиб қолса, оғирликдан туя ҳам юра олмай қолар экан. «Албатта, тунги ибодат кўпроқ мувофиқ келур ва қироати тўғрироқ бўлур». Яъни, кечаси тинчлик ҳукм сурганлиги учун, тирикчилик ташвишлари, кўнгилни безовта қилувчи нарсалар бўлмаганлиги учун ибодатда ўқилган нарсалар қалбга яхшироқ ўрнашади, қироат ҳам тўғрироқ чиқади. Аллоҳ таоло бу сураи каримани узун оят билан тугатади. Юқорида эслатиб ўтганимиздек, суранинг аввали тушганидан сўнг бир йил муддат ўтиб, тушган оят мана шу оятдир: «Албатта, Роббинг сени кечанинг учдан биридан озроғини ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундай қилаётганларини) билади. Ва Аллоҳ кечаю кундузни Ўзи ўлчайди. (У) ҳеч тоқат қила олмаслиги¬нгизни билиб, сизларга (енгилликни) қайтарди. Энди, Қуръондан муяссар бўлганича қироат қилинглар. Сизлардан келажакда касаллар бўлишини, бошқалар ер юзида юриб, Аллоҳнинг фазлини ахтаришини, яна бошқалар эса Аллоҳнинг йўлида жанг қилишларини ҳам билди. Энди ундан муяссар бўлганича қироат қилинглар. Ва намозни қоим қилинглар, закот беринглар ва Аллоҳга «қарзи ҳасана» беринглар. Ўзингиз учун нима яхшилик қилган бўлсангиз, уни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз, у яхшироқ ва ажри улканроқдир. Аллоҳдан мағфират сўранг. Албатта, Аллоҳ Ғафур ва Раҳиймдир». Бу оят билан Аллоҳ таоло суранинг аввалидаги оятларида фарз қилган ибодатини, яъни кечаси қоим бўлишни бекор қилди. Шундан сўнг тунги фарз намозидан бошқа ибодат ихтиёрийга айланди. Оятда аввалги буйруқ нима учун бекор қилинганлиги ҳам айтиб ўтилди. Ушбу ояти кариманинг бошида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларига кечанинг маълум қисмини ибодат ила бедор ўтказиш фарз қилинганлиги очиқ-ойдин айтиб ўтилмоқда. «Албатта, Роббинг сени кечанинг учдан биридан озроғини ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундай қилаётганларини) билади». Уларга кечанинг ярмини ёки учдан бирини ёки ундан озроқ қисмини бедор бўлиб ўтказиш амр қилинган эди. Кечаси зикр, намоз, Қуръон тиловати каби турли ибодатлар ила қоим бўлиш мўмин-мусулмон кишининг танасини бақувват, руҳини пок қилади. Уларни турли машаққатларни осонлик билан кўтаришга ўргатади, айш-ишрат, ҳою ҳавасга берилишдан сақлайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло дийнига хизмат қилишлари кутилаётган зотларни алоҳида руҳий, маънавий ва жисмоний тарбия қилиш учун ушбу услубни қўллаган эди. «Ва Аллоҳ кечаю кундузни Ўзи ўлчайди. (У) ҳеч тоқат қила олмаслигингизни билиб, сизларга (енгилликни) қайтарди. Энди, Қуръондан муяссар бўлганича қироат қилинглар». Яъни, олдин сизларни чиниқтириш учун кечаси намоз ўқиш фарз қилинган эди. Энди эса У зот сизлар бу ишга ҳеч чидай олмаслигингизни билгани учун сизларга енгилликни қайтарди. Энди туннинг маълум қисмини бедорлик билан ибодат қилиб ўтказиш фарз бўлмай қолди. Ушбу оят нозил бўлганидан бошлаб, бу иш ихтиёрий бўлди. Бас, энди Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар. Оятнинг давомида эса туннинг маълум қисмини бедор ўтказиш ҳукмини фарздан тушириб, ихтиёрийга келтиришнинг сабабларидан учтаси — беморлик, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш ва ер юзида юриб, Аллоҳнинг фазлини ахтариш зикр қилинди. Ушбу уч тоифа кишиларга кечаси бедор бўлиб, ибодат билан машғул бўлиш оғирлик қилади. Аллоҳ эса бандаларига оғир бўлишини хоҳламайди. «Сизлардан келажакда касаллар бўлишини, бошқалар ер юзида юриб, Аллоҳнинг фазлини ахтаришини, яна бошқалар эса Аллоҳнинг йўлида жанг қилишларини ҳам билди». Аллоҳ таоло ушбу оятдаги «...бошқалар ер юзида юриб, Аллоҳнинг фазлини ахтаришини, яна бошқалар эса Аллоҳнинг йўлида жанг қилишларини ҳам билди...» жумласида Аллоҳнинг фазлини ахтарувчилар, яъни, касбу кордагилар Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилувчилар билан тенглаштирилмоқда. Шунинг учун ҳам саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Кимки сабр қилиб, қийинчиликларга чидаб, савоб умидида мусулмонлар диёрига бирор нарсани келтириб, ўша куннинг нархида сотса, Аллоҳнинг ҳузурида шаҳидлар мартабасига эришади», деганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу эса: «Мен учун Аллоҳнинг йўлида жанг қилиб ўлишдан кейинги энг яхши ўлим ер юзида Аллоҳнинг фазлини ахтариб юриб, юкларим орасида ўлишдир», деганлар. Ҳа, Исломда ҳалол касб билан шуғулланиб, ризқ-рўз топиш шундай улуғланади. «Энди ундан муяссар бўлганича қироат қилинглар. Ва намозни қоим қилинглар, закот беринглар ва Аллоҳга «қарзи ҳасана» беринглар. Ўзингиз учун нима яхшилик қилган бўлсангиз, уни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз, у яхшироқ ва ажри улканроқдир. Аллоҳдан мағфират сўранг. Албатта, Аллоҳ Ғафур ва Раҳиймдир». Оятда келган «Аллоҳга «қарзи ҳасана» беринглар» жумласи ҳақида ҳам бир оз тўхталиб ўтишимиз лозим. «Қарзи ҳасана» – бировга қарз бериб, устига қўшимча олмаслик, яъни, судхўрлик қилмасликдир. Оятда одамларга бериладиган қарзнинг Аллоҳ таолога берилаётганлиги бойларга танбеҳдир. Яъни, камбағал-муҳтожга қарз берсанг, Аллоҳга қарз берганинг билан баробар. Камбағалга миннат қилмагин, балки раҳмат айтгин. Чунки у сенинг савобга сазовор бўлишингга сабаб бўлди, деганидир. Ислом таълимотлари ҳар бир нарсада юксак инсоний фазийлатлар ҳукм суришини йўлга қўйиб келган ва, иншааллоҳ, шундай бўлиб қолади. (Ҳадис ва Ҳаёт). ИСТИХОРА НАМОЗИ «Истихора» сўзи луғатда «хайрни талаб қилиш» деган маънони англатади. Мусулмон киши икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганида, хайрлисини танлаш учун истихора намози ўқийди. Бу намозни ҳар бир ишдан олдин ўқиш мустаҳабдир. 933. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди Қуръондан сурани ўргатгандек ўргатар эдилар. У зот: «Қачон бирортангиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарз намоздан бошқа икки ракъат намоз ўқисин. Сўнг: «Аллоҳим! Албатта, мен Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сенинг улуғ фазлингдан сўрайман. Чунки Сен қодирсан, мен қодир эмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайб¬ларни яхши билувчи Зотсан. Аллоҳим! Агар ушбу иш менга дийнимда, ҳаётимда ва ишимнинг оқибатида (охиратимда) (ёки «ҳозирги ишимдаю келгусида» дедилар) яхши эканлигини билсанг, уни менга тақдир қилгин, менга осон қилгин, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш мен учун дийнимда, ҳаётимда ва ишимнинг оқибатида (охиратимда) (ёки «ҳозирги ишимдаю келгусида» дедилар) ёмон эканлигини билсанг, уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил. Сўнгра мени унга рози қил», десин ва ҳожатини айтсин», дедилар». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган. Шарҳ: Ушбу намозни ўқигандан кейин мазкур иш ҳақида ўйламай, Аллоҳ ихтиёр қиладиган нарса кутиб юрилади. Кейин кўнгилга тушиб, ўзига маъқул бўлиб, қилгиси келиб қолса, ўша иш қилинади. Бу ҳақда туш кўриш ҳам мумкин. Агар иш бир тарафга бўлмай, туриб қолса, истихора намози яна қайтадан ўқилади. Қайта ўқиш етти мартагача бўлиши мумкин. Истихора намозининг биринчи ракъатида Фотиҳа сурасидан кейин Кафирун сураси, иккинчи ракъатида Ихлос сураси ўқилади. Кўриниб турибдики, истихора намози ҳам бош¬қа намозлар каби бандани Аллоҳ таолога боғловчи омилдир, бир ишни қилмоқчи бўлганда Аллоҳ таолонинг ўзига ёлвориб, яхши йўл кўрсатишни сўрашдир. Бу маъно эса мусулмон киши ҳаётида намознинг ўрни қанчалар муҳим эканлигини яна бир бор кўрсатади. Мусулмон киши ҳатто қиладиган дунёвий ишида ҳам дунёнинг Холиқи ва Бошқарувчиси – Аллоҳ таолонинг Ўзидан маслаҳат сўраш имконига эгадир. Намоз ўқимайдиганлар эса бу улуғ саодатдан бебаҳрадирлар, улар шайтоннинг маслаҳати билан иш қилишга мажбурдирлар. (Ҳадис ва Ҳаёт). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat