Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Намозда Фотиҳа

00:00 / 27.04.2009 | eski savollar | 804
Ҳурматли Шайҳ ҳазратлари, Сиздан бир мавзуга очиқлик киритишингизни илтимос қилмоқда эдик. Ибн Касирнинг Қурон оятларининг тафсирида ([урл=ҳттп://"ҳттп://www.қтафсир.ъом/индех.пҳп?оптион=ъом_ъонтент&амп;таск=виэw&амп;ид=100&амп;Итемид=35"]ингилизча таржимаси[/урл]) Фоти=а сурасининг фазилатлари ҳақида ўқиётиб қуйидаги ҳадисга кўзимиз тушиб қолди (ингилизчадан таржима қилинди, Аллоҳ билгувчироқдир) Муслим ривоят қилади : Абу Ҳурайра розиаллоҳу анҳу ривоят қилади : Расулоллоҳ (с.а.в) дедилар : "Ораларингизда кимдир намоз ўқисаю, унда Умм ал-Қуръонни (Фотиҳа сураси) ўқимаса, намози тўлиқ эмасдир", деб уч мартта такрорладилар.Абу Ҳурайрадан сўрашди: "Имомнинг орқасида турганимизда ҳамми?'' У деди, "Ўзингиз учун ўқингиз, чунки Расулоллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар," Аллоҳ Таоло, айтдики: "Мен саловотни (Фотиха сурасини) Ўзим ва бандам орасида иккига ажратганман, ва бандам сўраганида ўзига тегишли қисмини олиши керак", Агар банда: "Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи билан бошлайман""Барча мақтов, шукрлар оламларнинг тарбиячиси Аллоҳга бўлсин", деса, Аллоҳ, ъБандам Менга ҳамд айтди' дейди. ...Агар банда, "Бизни тўғри йўлга бошлагин. Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига (бошлагин), ғазабга дучор бўлганларнинг йўлига эмас, адашганларникига ҳам эмас", деса, Аллоҳ ъБу бандам учундир, ва Менинг бандам сўраган нарсасини олиши керак'', дейди.Ҳуллас бу ҳадисда бизни ўйлантирган қисми, юқорида қизил билан ишора қилинган, намозда имомнинг орқасида бўлса ҳам Фотиҳа сурасини ҳам бир киши ўзи учун ўқиши кераклиги ва бундан катта фойда бор эканлигини тушундик. Лекин илгари имомга иқтидо қилинганда, имом қироат қилаётганда орқадагилар жим туриб қулоқ солиб туриши керак деб билар эдик. Шайҳ ҳазратлри балким, ҳадисни нотўғри тушунгандирмиз. шунинг учун шу мавзуга ойдинлик киритиб берсангиз.Намозда, имом ҳоҳ овоз чиқариб, ҳоҳ ичида Қуръон фотиҳа ва зам сурани ўқиганда, эргашувчилар жим туришадими ёки ўзлари ҳам ичларида ўқишадими?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Сиз инглизчани ўқишда хатога йўл қўйибсиз. "Ўзингиз учун ўқингиз” деган гап Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг гапи. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг гаплари кейин келган жумлалар. Бошқа тилларда китоб ўқиш яхши. Аммо шунга ўхшаш хатоларга сабаб бўлмаслиги керак. Бу ҳадис ва унга боғлиқ гаплар ўз тилимизда китоб бўлиб чиққанига анча бўлди. Сиз ўтиб кетган гапни қўзиб бизнинг вақтимизни ҳам зое қилмоқдасиз.- Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намоз ўқиса-ю, унда Уммул Қуръонни ўқимаса. Бас, у (намоз) ноқисдир, ноқисдир, ноқисдир, батамом эмасдир», дедилар». Бас, Абу Ҳурайрага: «Биз, имомнинг ортида бўламиз?!» дейилди. У киши: «Уни ичингда ўқи, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ таоло, намозни Ўзим ила бандам орасида иккига тақсим қилганман. Ва бандамга сўраган нарсаси бўлур. Бас қачон банда, Алҳамду лиллаҳи Роббил оламийн, деса, Аллоҳ таоло, бандам Менга ҳамд айтди, дейди. Ва қачон, ар-Раҳмонир Роҳийм, деса, Аллоҳ таоло, бандам Менга сано айтди, дейди. Ва қачон, Малики явмиддин, деса, У, бандам Мени улуғлади, дейди. Ва бир марта, бандам Менга солди, деди. Бас, қачон, Ияяка наъбуду ва ияяка настаъийн, деса, бу, Мен билан бандам ўртасида, бандамга сўраган нарсаси бўлур, дейди. Бас, қачон, Эҳдинас сиротал мустақийм, сироталлазийна анъамта алайҳим ғойрил мағзуби алайҳим ва лаззолийн, деса, бу бандам учундир ва бандамга сўраган нарсаси бўлур, дейди», деганларини эшитганман, деди». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотиҳа сурасининг намозда ўқилишини зарурлиги ва унинг фазли ҳақида сўз юритмоқдалар. «Уммул-Қуръон» - Қуръоннинг онаси-Фотиҳа сурасининг исмларидан биридир.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:«Ким намоз ўқисаю, унда Уммул Қуръонни ўқимаса, бас, у (намоз) ноқисдир, ноқисдир, ноқисдир, батомом эмасдир» деганлари. Намозда Фотиҳа сурасини ўқиш ҳукми ҳақидаги мазҳаблар тортишувида Ҳанафий мазҳаби учун жуда ҳам кучли далилдир. Чунки, ноқис, дегани, намоз бўлади-ю, камчилик билан бўлади, маъносини англатади. Унинг орқасидан, «батамом эмасдир», дейилиши бу фикрни яна ҳам қувватлайди.Биз, ноқисдир, деб таржима қилган ибора арабчада, ҳадис матнида «хидожун», деб келган, бу ибора, чала туғилган туя боласига ишлатилади. Бу эса, худди Ҳанафий мазҳаби уламолари айтган муддаони билдиради. Улар, сураи Фотиҳасиз намоз тарки вожиб бўлгани учун чала намоз бўлади, саждаи саҳв қилмаса бўлмайди, дейишади. Уларнинг фикрича бу ҳадис, ўзидан аввалги ҳадисдаги «намози бўлмас»ни, намози тўлиқ бўлмас, деб тафсир қилишини айтишади. Шу билан бирга Шофеъий мазҳаби уламоларининг «хидож» сўзини, «фасод», деб таъвил қилишларини танқид қиладилар. Аввал айтилганидек, бу тортишув оғзаки тортишув бўлиб, амалга келганда ҳамма бир хил йўл тутади.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бу ҳадиси шарифни эшитиб, Фотиҳа сурасини намозда ўқиш ўта аҳамиятли иш эканини тушуниб етган кишиларда савол пайдо бўлди. Улар томонидан: «Абу Ҳурайрага: «Биз имомнинг ортида бўламиз?!» дейилди». Демак, ўша сўраган одамлар имомнинг ортидан иқтидо қилиб турганларида Фотиҳа сурасини ўқимас эканлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ҳадисни эшитиб, Фотиҳа сурасини ўқиш шунчалар таъкидланган экан, бизнинг имом ортидан уни ўқимай туришимиз қандоқ бўлади, деб мазкур саволни беришди. Шунда, У киши: «Уни ичингда ўқи», деди». Яъни, имомнинг ортида бўлганингда Фотиҳа сурасини ичингда ўқи, деганлари.Имомнинг ортидан туриб қироат қилиш масаласи кейин келади. Лекин, ўрни келганда, ушбу, «Уни ичингда ўқи», дейиш Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ўз ижтиҳодлари эканини айтиб ўтишимиз керак. Чунки, шундоқ қилишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўргандим ёки эшитдим деганлари йўқ. Балки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган нарсалари бошқа нарса, Фотиҳа сурасининг фазли тўғрисидаги ҳадиси қудусий бўлиб, уни қуйидагича баён қилмоқдалар:«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ таоло, намозни Ўзим ила бандам орасида иккига тақсим қилганман...»Ушбу иборадаги «намозни» сўзидан мақсад, «Фотиҳа» сураси»ни деганидир, дейдилар уламоларимиз. Чунки, намозда ўқилади ва уни ўқиш намознинг бир бўлаги ҳисобланади. Сўнгра намоз ҳаммаси Аллоҳ учун бўлиши маълумдир. Ҳадиснинг давоми ҳам шу фикрни тасдиқлайди. Фотиҳа сураси етти оят, биринчи уч оят Аллоҳ таолога ҳамду санодан иборат. Охирги уч оят сўровдан иборат. Ўртадаги бир оят эса, ярими сано, ярими дуодан иборат. «Ва бандамга сўраган нарсаси бўлур».Яъни, ўша иккига бўлинган Фотиҳа сурасидан менга сано бўлур, бандамга сўраган нарсаси бўлур.«Бас, қачон банда, Алҳамду лиллаҳи Роббил оламийн, деса, Аллоҳ таоло, банда Менга ҳамд айтди, дейди». Яъни, қачонки банда Фотиҳа сурасини ўқишни бошлаб, «Алҳамду лиллаҳи Роббил оламийн» - Оламларнинг Роббисига ҳамд-шукр-мақтовлар бўлсин, деса, Аллоҳ таоло фаришталарга, бандам Менга ҳамд-шукр-мақтовлар, айтди, дейди. Аллоҳ таолонинг, бандам, дейиши банда учун чексиз бахт.Қуръони Каримда ҳам сарвари олам Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни энг олий мақомларда Аллоҳ таоло, бандам, деб зикр қилган.«Ва қачон, ар-Роҳманир Роҳийм, деса, Аллоҳ таоло, бандам Менга сано, айтди, дейди».Аллоҳ таолонинг бу икки улуғ сифатини ихлос билан эслаш, тиловат қилиш, У зотга сано айтиш, эканлигини Аллоҳ таолонинг Ўзи баён қилмоқда.«Ва қачон, малики явмиддин» деса, У, бандам Мени улуғлади, дейди».Яъни, банда Фотиҳа сурасининг, малики явмиддин-(қиёмат) жазо кунининг Подшоҳи-оятини тиловат қилса, Аллоҳ таоло, бандам Мени улуғлади, дейди.«Ва, бир марта, бандам Менга солди, дейди».Имом Муслимнинг ривоятида худди мана шу жумла йўқ. Бу ҳадиснинг ровийъидан баъзилари томонидан қилинган иш бўлса керак. Яъни, бу ҳадисни ривоят қилиш давомида бир марта, бандам мени улуғлади, деган ривоят келса, бошқа мартасида унинг ўрнига, бандам менга солди, келган. Шу билан Аллоҳ учун бўлган ярим тугайди. Энди оралиқ оят келади.«Бас, қачон, ияяка наъбуду ва ияяка настаъийн, деса, бу, Мен билан бандам ўртасида, бандамга сўраган нарсаси бўлур, дейди».Яъни, қачонки, банда, ияяка наъбуду ва ияяка настаъийн, (фақат Сенгагина ибодат қилурмиз ва фақат Седангина ёрдам сўраймиз) оятини ўқиса, Аллоҳ таоло:«Бу, Мен билан бандам ўртасида, Менга унинг ибодати бўлур, бандамга сўраган нарсаси бўлур, дейди». Банданинг сўрайдиган нарсаси эса, суранинг иккинчи ярмида қуйидаги оятларида келади.«Бас, қачон, эҳдинассиротал мустақийм, сироталлазийна анъамта алайҳим, ғайрил мағзуби алайҳим валаззоолиийн, деса...»Яъни, бизни тўғри йўлга бошлагин, Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига, ғазаб қилинганларникига ва залолатга кетганларникига эмас» деса, Аллоҳ таоло:«Бу бандам учундир ва бандамга сўраган нарсаси бўлур, дейди», деганларини эшитганман», дейди».Бундан Фотиҳа сурасининг фазли очиқ-ойдин кўриниб турибди. Энди, уни ўқиганимизда доимо ушбу маъноларни тўлиқ тасаввур этишимиз лозим бўлади.Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида Бамдод намозида эдик. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қироат бир оз оғир бўлди. Фориғ бўлганларидан сўнг: «Эҳтимол, имомингиз ортида туриб қироат қилаётгандирсиз?» дедилар. Биз: «Ҳа, шундоқ қилмоқдамиз, эй, Аллоҳнинг Расули», дедик. У зот: «Фақат китобнинг Фотиҳасидан бошқада ундоқ қилманглар. Чунки, ким уни ўқимаса, намози бўлмас», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.Шарҳ: Демак, иқтидо қилувчиларнинг имом ортидан туриб қироат қилишлари, имомга қироат қилиш оғирлашишига сабаб бўлади. Шунинг учун ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ва бошқа ҳадисларда имом ортидан туриб қироат қилишни манъ қилганлари учун имомга иқтидо қилган одам қироат қилмаслиги керак бўлади.Аммо, иқтидо қилувчининг имом ортидан туриб Фотиҳа сурасини қироат қилиши ёки қилмаслиги алоҳида масала бўлиб, бу ҳақда бир неча ҳадислар келган. Ўша бир неча ҳадислардан бири ушбу ҳадисдир. Ушбу ҳадисда, Фотиҳа сурасидан бошқани ўқиманг. Чунки, ким «Фотиҳа» сурасини ўқимаса, намози бўлмас, дейилмоқда. Ушбуга биноан, Шофеъий мазҳабида имомнинг орқасида турган одам «Фотиҳа» сурасини ўқиши керак, дейилади.Жумҳур уламолар эса, жумладан Ҳанафий мазҳаби ҳам, иқтидо қилувчи шахс, имомнинг ортидан туриб умуман, жумладан, «Фотиҳа» сурасини ҳам қироат қилмайди, дейдилар. Ҳамда бир қанча ҳадислар ичидан қуйидаги икки ҳадисни ҳам ҳужжат қилиб келтирадилар.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари овоз чиқариб қироат қилган намоздан бурилиб: «Ҳозир мен билан сиздан бирор киши қироат қилдими?» дедилар. Бир киши: «Ҳа, эй, Аллоҳнинг Расули», деди. У зот: «Айтдим, нимага мен Қуръонда жазб қилинаяпман, деб», дедилар. Бас, одамлар овоз чиқариб қироат қилинадиган намозларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қироат қилишдан тўхтадилар». Сунан эгалари ривоят қилишган.Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:1. Имомнинг ортидан биров қироат қилса, имомга қироат қилиш қийинлашиши.2. Бундоқ ҳолни сезган имом қавмга танбеҳ бериши.3. Қавмнинг ичидан хатога йўл қўйган одам дарҳол тан олиши.4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бошқалар ортларида намозда туриб қироат қилганида жазб бўлганлари.5. Овоз чиқариб қироат қилинадиган намозда имомнинг ортидан қироат қилиш мумкин эмаслиги.6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларидаёқ кишилар аввал қироат қилган бўлсалар ҳам, шу ҳадисдан кейин қироат қилишдан тўхтаганлари. Жумҳур уламолар Шофеъийлар зиддига ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб келтирадилар.Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтадиларки: «Ким бир ракъат намоз ўқисаю унда Уммул Қуръонни ўқимаса, намоз ўқимабди. Магар имомнинг ортида бўлса (ўқимасин)». Термизий ривоят қилган ва «саҳиҳ» деган.Шарҳ: Бу ривоятда имомнинг ортидан «Фотиҳа» сурасини ўқиб бўлмаслиги очиқ ойдин айтилмоқда.Лекин, жумҳурнинг, хусусан, ханафийларнинг кучли ҳужжатлари булар эмас. Уларнинг энг кучли ҳужжатлари аввало Қуръони Каримдан: Аллоҳ таоло: «Қачонки, Қуръон қироат қилинса, уни эшитинглар ва жим туринглар», деган. Демак, имом қироат қилаётганда иқтидо қилувчи, жим туриб тинглаши керак.Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон имом такбир айтса, такбир айтинглар ва қачон қироат қилса жим туриб, тингланглар», деганлар.Ибн Можа, Дора Қутний, Табароний, Ибн Ҳиббонлар Жобир ибн Абдуллоҳ, Ибн Умар, Абу Саъд ал-Худрий, Абу Ҳурайра, Ибн Аббос ва Ибн Молик розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким имомнинг ортидан намоз ўқиса, имомнинг қироати, унинг қироатидир», деганлар.Имомлар ўзларига етиб келган далиллар асосида ижтиҳод қилиб ўзларига яраша савобларини олиб кетганлар. Уларнинг ижтиҳодлари самарасидан фойда олаётганлар, имомлари ҳақларига дуо қилиб ўз мазҳабларига амал қилишда давом этаверганлари маъқул. Умумий шаръий қоида шу. Бекордан ихтилоф чиқариш эса, Исломга ва мусулмонларга зарар етказади, холос.Умум халқ ўзи эргашаётган мазҳабга амал қилса, ҳадисга амал қилган бўлади. Мақсад шу бўлгандан кейин ихтилофнинг нима кераги бор. Имом Шофеъий бир ҳадисга амал қилишни олган бўлсалар, бошқа имомлар бошқа ҳадисларга амал қилишни олибди. Ана шунга амал қилиш матлуб. Шунингдек, барча мусулмонлардан ихтилоф қилмаслик ҳам матлубдир.

Топ рейтинг www.uz Openstat