Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қарз бериш ҳақида

08:28 / 24.01.2016 | T M M | 2753

Ассалому алайкум! “Бировга қарз беришда гувоҳлар билан ёзиб бериш керак, шундай қилинмаса Аллоҳ у одамни дуоларини қабул қилмайди” деб эшитдим. Яқин таниш ёки қариндошга қарз берилганда ҳам шундай қилинадими? Агар аввал берган қарзим бўлса унда қандай йўл тутганим маъқул бўлади? Эшитишимча бу Қуръонда ёзилган экан, шу оятни ҳам ёзиб юборсаларингиз. Аллоҳ рози бўлсин.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аввалги ишларни ёзишнинг имкони бўлса, ёзиб, иқрорига гувоҳ ҳам қилиб қўйинг. Аллоҳ таоло “Бақара” сураси 282-оятида марҳамат қилади : يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِذَا تَدَايَنتُم بِدَيْنٍ إِلَى أَجَلٍ مُّسَمًّى فَاكْتُبُوهُ وَلْيَكْتُب بَّيْنَكُمْ كَاتِبٌ بِالْعَدْلِ وَلاَ يَأْبَ كَاتِبٌ أَنْ يَكْتُبَ كَمَا عَلَّمَهُ اللّهُ فَلْيَكْتُبْ وَلْيُمْلِلِ الَّذِي عَلَيْهِ الْحَقُّ وَلْيَتَّقِ اللّهَ رَبَّهُ وَلاَ يَبْخَسْ مِنْهُ شَيْئًا فَإن كَانَ الَّذِي عَلَيْهِ الْحَقُّ سَفِيهًا أَوْ ضَعِيفًا أَوْ لاَ يَسْتَطِيعُ أَن يُمِلَّ هُوَ فَلْيُمْلِلْ وَلِيُّهُ بِالْعَدْلِ وَاسْتَشْهِدُواْ شَهِيدَيْنِ من رِّجَالِكُمْ فَإِن لَّمْ يَكُونَا رَجُلَيْنِ فَرَجُلٌ وَامْرَأَتَانِ مِمَّن تَرْضَوْنَ مِنَ الشُّهَدَاء أَن تَضِلَّ إْحْدَاهُمَا فَتُذَكِّرَ إِحْدَاهُمَا الأُخْرَى وَلاَ يَأْبَ الشُّهَدَاء إِذَا مَا دُعُواْ وَلاَ تَسْأَمُوْاْ أَن تَكْتُبُوْهُ صَغِيرًا أَو كَبِيرًا إِلَى أَجَلِهِ ذَلِكُمْ أَقْسَطُ عِندَ اللّهِ وَأَقْومُ لِلشَّهَادَةِ وَأَدْنَى أَلاَّ تَرْتَابُواْ إِلاَّ أَن تَكُونَ تِجَارَةً حَاضِرَةً تُدِيرُونَهَا بَيْنَكُمْ فَلَيْسَ عَلَيْكُمْ جُنَاحٌ أَلاَّ تَكْتُبُوهَا وَأَشْهِدُوْاْ إِذَا تَبَايَعْتُمْ وَلاَ يُضَآرَّ كَاتِبٌ وَلاَ شَهِيدٌ وَإِن تَفْعَلُواْ فَإِنَّهُ فُسُوقٌ بِكُمْ وَاتَّقُواْ اللّهَ وَيُعَلِّمُكُمُ اللّهُ وَاللّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ 282. Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда уни ёзиб қўйинг. Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин. Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин. Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган айтиб турсин, Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин. Агар ҳақ зиммасига тушган эсипаст, заиф ёки айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин. Иккови(аёл)дан бирорталари адашса, бирлари бошқаларининг эсига солади. Ва чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар. Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг. Мана шу Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликка кучлироқ ва шубҳаланмаслигингиз учун яқинроқдир. Магар ораларингизда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз ҳам сизга гуноҳ йўқ. Олди-сотди қилганингизда гувоҳ келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин. Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир. Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм берадир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир. «Ояти мудояна» – «қарз олди-бердиси ояти» номини олган ушбу ояти карима Қуръони Каримдаги энг узун оятдир. Ушбу ояти карима Қуръони Каримнинг, Ислом динининг инсон ҳаётининг барча томонларини қамраб олганига ёрқин мисолдир. Бу ояти каримани ўрганган одам бошқа барча тузум ва жамиятлар ўзларининг асосий ҳужжатларида инсон турмушида тез-тез учраб турадиган қарз масаласига Қуръони Карим қанчалик аҳамият берганини англаб етади. Энди бевосита ояти кариманинг тафсирига ўтайлик: «Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда уни ёзиб қўйинг». Аллоҳ таоло бу ояти каримани ҳам мусулмон бандаларига маҳбуб бўлган «Эй иймон келтирганлар!» нидоси ила бошлаганидан унда келадиган амрлар, масалалар алоҳида эътиборга сазовор эканини билиб оламиз. Шу билан бирга, ушбу ояти кариманинг айтганига амал қилиб, қарз олди-берди қилганимизда ёзиб-ҳужжатлаштириб қўйишимиз зарурлигини англаб етамиз. Ояти кариманинг давомида мазкур ёзиб қўйиш қайси хилда бўлиши айтилади: «Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин». Демак, қарз олди-бердиси ҳақидаги ҳужжатни қарз олувчи ҳам, қарз берувчи ҳам ёзмайди. Балки учинчи – холис бир шахс адолат билан ёзади. Ушбу қарз ишига ўхшаш ишлар одатда ташвиш келтириши маълум. Шунинг учун бундай бош оғриғи бўладиган ишга ёзувчи сифатида иштирок этишни кўпчилик истамайди. Ана шу ҳолни эътиборга олиб, ояти кариманинг давомида: «Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин», – дейилади. Чунки бу савобли ишдир. Бу иш – Аллоҳ таолонинг амрига биноан бўлаётан иш. Мусулмонлар жамоатга керакли ишларда ҳожатмандларнинг ҳожатини чиқаришга доимо тарғиб қилинадилар. Шунинг учун ҳам ёзувчиликка таклиф этилган одам «Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган айтиб турсин, Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин». Ояти карима «ҳақ зиммасига тушган киши» деганда қарз олувчини назарда тутган. Демак, ўртадаги киши келиб, қарз олди-бердини ёзаётган вақтда матнни қарз олувчи айтиб туради. Аввало, қарз олаётганини эътироф қилади. Қарзнинг миқдорини, шартини ва муддатини айтади. Бу нарсаларни қарз берувчи айтиб турса, ўз фойдасига буриб юбормасин, деган эҳтиёт чораси сифатида шундай қилинади. Қарз олувчи муҳтож бўлиб тургани учун бундай қилмаслиги аниқроқ. Чунки у муомаланинг тезроқ амалга ошишига муҳтож. Шундай бўлса ҳам, ояти карима яна бир бор уни Роббига тақво қилишга ва ҳеч нарсани камайтирмасликка даъват қилмоқда. «Агар ҳақ зиммасига тушган эсипаст, заиф ёки айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин». Яъни қарз олаётган одам эси паст, молиявий ишлар тадбирини билмайдиган бўлса, заифлиги (ёши кичикдир ёки ўта кексадир, касалдир) туфайли ёки тилидаги нуқсони, гапира олмаслиги ва бошқа мавжуд нуқсонлар туфайли айтиб тура олмаса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Чунки валийлар бошқа ишларда ҳам ўз қарамоғидагиларнинг масъулиятини оладилар. «Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг». Молиявий олди-берди катта аҳамиятга эгадир, чунки бунда орага мол ва пул аралашади. Бундай ҳолда биров бошқанинг ҳаққини еб кетишининг йўлини ҳар жиҳатдан тўсиш лозим. Бунда адолатли котибга ёздириб қўйиш билан кифояланмай, яна мусулмонлардан икки эркак кишини гувоҳ қилишга ҳам амр бўлмоқда. Исломда гувоҳликка доимо адолатли кишилар ўтишлари зарур, бу нарса бошқа жойларда кўп таъкидлангани учун бу ерда қайта айтилмади. Аммо, барибир, бу шарт бекор бўлмайди. Чунки шариат ўлчовида адолатсиз бўлган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди. Гувоҳларнинг эркак киши бўлишини таъкидлашнинг ҳам ҳикмати бор. Ҳақиқий исломий жамиятда юқоридаги каби серташвиш, хархашали ва масъулиятли ишлар одатда эркаклар зиммасига юкланади. Исломда аёл киши мол-дунё ташвишини чекишдан умуман озод этилган. Муслима аёллар қарз олди-бердиси, ёзиб қўйиш ва ҳоказо ишлар билан безовта қилинмайдилар. Аммо мабодо гувоҳликка иккита эркак киши топилмай қолса, унда нима бўлади? «Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин». Бу ерда гувоҳларнинг адолатли бўлишлари устига яна бир муҳим шарт қўйилмоқда. Улар «ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан» бўлсин. Кейин бирор гап чиқиб қолгудек бўлса, «Гувоҳларга ишончим йўқ эди», «Гувоҳлар қарши томоннинг одами экан» каби гапларга ўрин қолдирмаслик учун шундай қилиш зарур. «Агар икки эр киши бўлмаса, бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин», дейилгани Ислом душманларига жуда қўл келиб, динимизга таъна тошларини отишларига сабаб бўлган. Душманлар «Ислом аёл кишини тўлиқ одам ўрнида кўрмайди, шунинг учун гувоҳликка ўтишда икки аёлни бир эркак билан тенглаштирган», – деб даъво қилишади. Гувоҳлик ҳақида сўз кетаётганда мавзу қарз олди-бердиси экани, муслима аёллар одатда бундай ишларда иштирок этмасликлари, шунинг учун ҳам эҳтиёт чораси тарзида шундай қилинганлигини ҳеч айтгилари келмайди, балки яширадилар ва умумлаштириб, «Бу ҳукм ҳамма нарсага оиддир», – деб айтадилар. Ҳолбуки, ояти кариманинг ўзи бундай тақсимотнинг сабабини очиқ-ойдин айтиб қўйган: «Иккови(аёл)дан бирорталари адашса, бирлари бошқаларининг эсига солади». Одатда аёл кишининг кўнгли бўш, таъсирчан, меҳри дарё бўлади. Оналик учун зарур бўлган бу сифатлар талашиб-тортишиш ва уруш-жанжалда тескари натижа бериб қолиши ҳам мумкин. Агар икки киши бўлсалар, бир-бирларига эслатиб, гувоҳликни адолат билан адо этадилар. Айнан мана шу эътибордан қарз олди-бердисида икки аёл гувоҳ бўлиши шарт қилинган. Шариатда шундай ишлар борки, унда мингта эркакнинг гувоҳлиги ўтмаса ҳам, битта аёлнинг гувоҳлиги ўтади. Мисол учун, идда, туғиш, эмизиш каби масалалар. Буларда фақат аёлларнинг гувоҳлиги ўтади. Энди, шу ҳукмни ушлаб олиб, «Ислом эркакларни одам ўрнида кўрмайди, чунки фалон, фалон ишларда уларнинг гувоҳликлари қабул бўлмайди», дейилса, инсофдан бўладими? Йўқ, албатта! Шундай экан, Ислом душманларининг юқоридагидек даъволари мутлақо ўринсиздир. «Ва чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар». Бу Аллоҳнинг амридир. Бунга амал қилмаган инсон гуноҳкор бўлади. Ҳақиқатни, адолатни ҳимоя қилиш учун гувоҳликка ўтиш улкан савоб ҳисобланади. Имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар алайҳиссолату вассалом: «Сизларга энг яхши гувоҳ кимлигини айтиб берайми? Гувоҳлиги сўралмасдан туриб гувоҳлик берадиганлардир», – деганлар. «Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг». Яъни қарз кичик миқдорда бўлса ҳам, катта миқдорда бўлса ҳам, вақтини аниқ қилиб, қачонгача олинганини айтиб-ёзиб қўйишни малол олманг. «Кейин ёзиб қўярман», «Эслаб қолдим», «Шуни ҳам ёзиб ўтирадими» каби баҳоналар беҳуда экани ушбу жумладан очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бу таъкиддан кўринадики, нима бўлса ҳам ёзиб қўйиш лозим экан. Чунки бу ишнинг фойдаси жуда ҳам катта бўлиб, унинг ҳикматларини кейинги жумла баён қилмоқда: «Мана шу Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликка кучлироқ ва шубҳаланмаслигингиз учун яқинроқдир». Демак, қарз олди-бердисини ёзиб қўйиш жуда ҳам зарур экан. Қарзни ёзиб қўйиш Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, афзалроқ экан. Гувоҳлик сифатида ҳам оғзакисидан кўра кучлироқ экан. Ва, ниҳоят, шундай қилинганда, шубҳага ўрин қолмас экан. Булардан маълум бўладики, қарзни ёзиб қўйиш тўғри иш, нозик ва дақиқ иш, ишончли иш ва хотиржамликни пайдо қилувчи ишдир. Қарз маълум муддатга олинадиган бўлса, ҳукми шундай. Аммо юриб турган савдо ишлари бўлса, ёзиш шарт эмас. Чунки ҳамма нарса аниқ: мол олдида турибди, савдо тез-тез такрор бўлиб турадиган нарса, ҳар бирини ёзиш керак бўлса, қийинлашиб кетади: «Магар ораларингизда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз ҳам сизга гуноҳ йўқ». Ёзиб борса, ўзининг иши, лекин ёзмаса, гуноҳ эмас. Бундан шундай хулоса чиқадики, аввал зикр қилинган нарсалар ёзилмаса, гуноҳ бўлади. «Олди-сотди қилганингизда гувоҳ келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин». Савдо ишларига гувоҳ келтириш ҳақидаги ҳукмни уламолар «мандуб» деганлар. Сотувчи билан харидор ўртасида баъзи келишмовчиликлар пайдо бўлиб қолса, гувоҳлар ҳақни ўрнатишда ўз гувоҳликлари билан ёрдам берадилар. Оятнинг аввалидан ҳозиргача ёзувчи ва гувоҳларга вазифа юкланиб келди. Уларга ушбу хизматдан қочмаслик қайта-қайта тайинланди. Мазкур жумлада эса ёзувчи ва гувоҳларнинг ҳақлари ҳимоя қилиняпти. Улар ёзувчилик ва гувоҳлик қилаётганларида зарар тортмасликлари зарур. Одатда ёзувчи ва гувоҳлар савоб умидида вақт сарфлаб, меҳнат қиладилар. Лекин кўпинча бало ва туҳматларга ҳам қоладилар. Шунинг учун уларнинг хотирини жам қиладиган, бу савобли ишга қизиқтирадиган ваъда шу ерда келмоқда: «Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир». Яъни «Агар ёзувчи ва гувоҳга зарар келтирсангиз, фосиқлик қилиб, Аллоҳнинг амридан чиққан бўласиз». Оятнинг сўнгида яна Қуръони Каримнинг одати бўйича, кишининг виждонига, қалбига, асосий таъсир жойига хитоб қилинган: «Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм берадир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир». Худди бошқа ишлардаги каби, бу ишларда ҳам тақво муҳим омил ҳисобланади. Тақво бўлса, Аллоҳ илм ҳам беради. У фазли улуғ Зотдир. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зот, Ўзи билиб, иш тутади.("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat