Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Кибрдан қутилиш

22:06 / 08.03.2017 | Abdulla | 1124

Ассалому алайкум! Мен яқинда янги кийимлар олгандим. Бу менга кибр бағишламоқда. Қандай қилиб бунга курашиш мумкин!


"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

КИБРНИ ДАВОЛАШ ЙЎЛЛАРИ

Кибр ҳалокатга олиб борувчи дардлардан бўлиб, инсоннинг ундан холи бўлиши қийин. Кибрни йўқ қилиш фарзи айндир. Кибр ўз-ўзидан йўқ бўлмайди, балки уни турли дармонларни ишлатиб, қунт ва бардавомлик ила даволаш лозим. Кибрни даволаш икки мақомда бўлади: Биринчи мақом – кибрни таг-томири билан қўпориб ташлаш. Бу мақомдаги даволаш илмий ва амалий бўлади. Ҳар иккиси ҳам ишга солинмаса, шифо мукаммал бўлмайди. Илмий муолажа қуйидагича бўлади: Аввало банда ўзини ва Роббини танисин. Шунинг ўзи ундаги кибрни йўқотиш учун кифоя қилади. Агар банда ўзининг кимлигини ҳақиқатда англаб етса, ҳар бир хордан ҳам хор эканини, ҳар бир кичикдан ҳам кичик эканини билади. Ана шунда унга тавозели бўлиш ва ўзини хокисор тутишдан бошқа нарса тўғри келмаслигини англаб етади. Агар банда Роббини ҳақиқий равишда таниса, улуғлик У Зотдан бошқага тўғри келмаслигини англаб етади. Амалий муолажа қуйидагича бўлади: Бунда амалий равишда Аллоҳ таолога тавозе қилинади. Одамларга нисбатан доимий равишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, аҳли солиҳларнинг ва тавозелиларнинг ахлоқи ила муомалада бўлинади. Иккинчи мақом – вақтинча пайдо бўлган кибрни инсонни такаббур қилмайдиган даражага келтириш учун ўзига хос сабаблар ила даволаш. Агар кибрланиш насаб туфайли бўлса, билсинки, у бошқанинг камолини кўра олмай, ўзини юқори тутмоқда. Шунинг учун отаси ва бобосининг аслини ўргансин. Отасининг асли ифлос нутфа бўлган. Бобосининг асли тупроқ бўлган. Асли шу каби нарсалар бўлган инсонга кибрланишни ким қўйибди?! Агар кибрланиш жамол туфайли бўлса, ўзининг ичига оқиллар назари билан қарасин, ҳайвон кўзи билан қарамасин. Агар кибрланиш қувват сабабли бўлса, ўйлаб кўрсин, бир кеча уйқусизлик етса, қуввати кетиб, ожизларнинг ожизига айланиб қолади-ку! Бир кун иситмаси чиқса, қувватини бир неча кунгача қайта тиклай олмай қолади. Оёғига оддийгина тикан кирса нима бўлишини ўйласин. Агар кибрланиш бойлик сабабли бўлса, ўзидан олдин ўтган ва ҳалокатга учраган бойларнинг ҳолини кўз олдига келтирсин. Офат етиб, бир лаҳзада бир тийинсиз қолиши мумкинлигини эсидан чиқармасин. Агар кибрланиш илм сабабли бўлса, Аллоҳ таолонинг ҳужжати жоҳилдан кўра олимга таъкидли эканини билиб қўйсин. Илм аҳлининг масъулияти катта эканини эсига олсин. Ҳар бир мутакаббир Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким кибрга лойиқ эмаслигини яхши англаб етсин. Кибр қилган банда Аллоҳ таолонинг наздида ёмон кўринишини унутмасин. Ўзидаги кибрни тавозе ила даволаш пайидан бўлсин. Танбеҳ: Бошқа ахлоқлар каби, кибрда ҳам икки тараф ва ўртачалик бор. Зиёда тарафи «такаббурлик», нуқсонга мойил бўлган тарафи «хорлик» дейилади. Ўртачаси тавозе деб аталади. Яъни кибрга ҳам берилмай, ўзини ҳам хорламай, тавозе кўрсатилади. Ишларнинг яхшиси ўртачасидир. Бас, ким ўзини тенгдошларидан юқори тутса, мутакаббирдир. Ким ўзини тенгдошларидан паст тутса, мутавозедир. Мўътадил бўлиш яхши. Бунда ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳаққи берилади. ("Руҳий тарбия" китобидан). Валлоҳу аълам! http://savollar.islom.uz/savol/90911

Топ рейтинг www.uz Openstat