Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Тарозида кам ёки кўп ўлчаш ҳақида

15:29 / 23.10.2017 | Bekzod Axmad | 3198

Ассалому алайкум! Мeн бозорда савдо қиламан. Тарозидан фойдаланиш пайтида тарози тўғри бўлмайди ёки озроқ кўпайиб кeтади баъзан аксинча. Шу ҳақида фиқҳий фикрлар қандай? Жавоб учун олдиндан раҳмат.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Тарозида оз қилиб бериш шариатимизда ҳаром қилинган амаллардан. Оқибати жуда ёмон бўлади. Аллоҳ таоло “Мутоффифун” сурасида марҳамат қилади:

وَيْلٌ لِّلْمُطَفِّفِينَ

1. Вайл бўлсин ўлчовдан уриб қолувчиларга. «Вайл» сўзининг икки хил маъноси бор, бири «Вой бўлсин», иккинчиси эса дўзахнинг номларидан бири «Вайл», яъни «Ўлчовдан уриб қолувчиларга Вайл дўзахи бўлсин» деганидир. Бизнингча, икки маъно бир-бирини тўлдириб келади: «Вайл»га тушган одамнинг ҳолига вой бўлади, ҳолига вой бўлган одам «Вайл»га тушади. Демак, Ислом ўзининг дастлабки кунларидан бошлабоқ, бировнинг ҳаққини ҳаромдан ейишга қарши қаттиқ уруш очган. У ўлчовдан оз-оз уриб қолувчиларнинг ҳам дўзахга тушиб, ҳоли вой бўлишини эълон қилган. Қуръони Карим бу масалани ушбу сураи каримадан бошқа сураларда ҳам кўтарган. Хусусан, Шуаъйб алайҳиссалом қиссасида у зотнинг қавмларининг энг катта айби ўлчовда бировнинг ҳақидан уриб қолиш экани такрор-такрор таъкидланган. Ҳар сафар шу ҳақда сўз кетганда, Аллоҳ таоло ўша қавмни мазкур айби учун ҳалок қилгани ҳам такрорланган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўз ҳадиси шарифларида ояти карималарнинг маъноларини таъкидлаганлар. Жумладан, имом Ҳоким ва Тобароний Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўлчовдан уриб қолмаслар. Набототдан ман қилинурлар ва қаҳатчилик ила тутилурлар», – деганлар. Бу «Ўлчовда бировнинг ҳақидан уриб қолиш билан машғул бўлган қавмнинг юртидан барака кўтарилиб, очарчиликка дучор бўлурлар» деганидир. Биринчи оятда ўлчовдан уриб қолувчиларга бериладиган жазо эълон қилиб бўлинганидан сўнг, энди келадиган оятларда улар мазкур қабиҳ ишни қандай шаклда олиб боришлари васф қилинади.

وَإِذَا كَالُوهُمْ أَو وَّزَنُوهُمْ يُخْسِرُونَ الَّذِينَ إِذَا اكْتَالُواْ عَلَى النَّاسِ يَسْتَوْفُونَ

2. Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар. 3. Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар. Ҳа, ўлчовда уриб қолувчилар асосан олибсотар савдогарлар бўладилар. Улар савдогарликларини ҳалоллик, поклик билан қилсалар, энг баракали касбни қилган бўлар эдилар, кўп фойда топар эдилар. Аммо улар очкўз, ебтўймас шахсларга айланиб қолганлар. Шунинг учун савдодан тушган фойдани еб, тўймасдан, ўлчовдан ҳам уриб қолиб – ялаб тўймоқчи бўладилар. Улар кишилардан нарса ўлчаб олаётганларида заррача ҳам камайтирмасдан, иложи бўлса, бир оз ортиғи билан ўлчаб олишга уринадилар. Ўзлари бировга ўлчаб ёки тортиб берганларида эса камайтириб берадилар. Ана ўшалар шу йўл билан фойда кўрмоқчи бўладилар. Кишиларга сездирмай, осон йўл билан молу мулк касб қилмоқчи бўладилар. Эҳтимол, улар бу беш кунлик дунёда қўлга тушмай, қилган жиноятларининг жазосини тортмай, қутулиб кетарлар. Аммо...

أَلا يَظُنُّ أُوْلَئِكَ أَنَّهُم مَّبْعُوثُونَ

4. Ана шулар албатта қайта тирилтирилишларини ўйламайдиларми? Қайта тирилтирилганларида ҳам...

لِيَوْمٍ عَظِيمٍ 

5. Буюк бир Кунда. Қайта тирилтирилурлар.

يَوْمَ يَقُومُ النَّاسُ لِرَبِّ الْعَالَمِينَ 

6. У Кунда одамлар оламлар Робби ҳузурида тик турарлар. Ҳа, барча халойиқ албатта қайта тирилтириладиган кун Улуғ Кундир. У кунда одамлар Роббул оламийн ҳузурида тик туриб, бу дунёда қилган заррача амаллари ҳақида ҳам ҳисоб-китоб берадилар. Ана шунда бу дунёда ўлчовдан уриб қолганлар нима қиладилар? «Нима учун фалон куни ўлчов пайтида Пистончининг ҳақидан бунча нарсани уриб қолдинг?» деб сўралса, нима деб жавоб беришларини ўйлаб кўрмайдиларми?! Ана ўшанда вайл – дўзахга тушиб, ҳолларига вой бўлишини ўйлаб кўрмайдиларми?! Юқоридаги оятларда савдода кишилар ҳақидан уриб қолувчи фирибгарлар ҳақида сўз юритилди. Тарозими, метрми ёки бошқача ўлчовми – барибир, улар кишилардан нарса олаётганларида тўлиқ, балки ортиқча оладилар, аммо харидорларга ўлчаб бераётганда кам берадилар. Улар бу ишни қиёматдан қўрқмаганларидан қиладилар. Шунинг учун ҳам келаси оятларда иш улар ўйлаганларидек эмас, балки бошқача бўлиши, ҳар бир нарсанинг аниқ ҳисоб-китоби борлиги баён қилинади.

كَلاَّ إِنَّ كِتَابَ الْفُجَّارِ لَفِي سِجِّينٍ 

7. Йўқ! Албатта, фожирларнинг китоби «сижжийн»дадир. Йўқ!!! Ундай қилмасинлар! Бу йўлларидан қайтсинлар! Ўзларини ўнгласинлар! Ва билиб олсинларки, албатта, улар каби фожирларнинг китоби охиратда, мазкур одамлар Роббул оламийн ҳузурида тик туриб, ҳисоб берадиган Улуғ Кунда «сижжийн»да бўлади.

وَمَا أَدْرَاكَ مَا سِجِّينٌ 

8. «Сижжийн» не эканини сенга нима билдирди?! Яъни «Сен сижжийн нима эканини қаердан ҳам билардинг. Унинг моҳияти шундай каттаки, сен уни идрок эта олмайсан. Билиб қўй!»

كِتَابٌ مَّرْقُومٌ 

9. У ёзилган китобдир. «Сижжийн» луғатда «ўта тор» деган маънони англатади. Ушбу оятнинг таърифидан эса у фожир одамнинг бу дунёда қилган каттаю кичик амаллари ёзиб юрилган «номаи аъмол» китоби эканини билиб оламиз. У китобда бирор нарса, ҳатто зарра миқдорида бўлса ҳам, ёзилмай қолмайди. Унга ёзилган нарса эса асло ўчирилмайди. Ҳаммаси тўлалигича қиёмат куни банданинг ўзига кўрсатилади. Ана ўшанинг асосида банда ҳисоб-китобга тутилади. Қиёмат куни фожирларнинг номаи аъмоллари «сижжийн»да бўлар экан. Уларнинг ўзлари тор дўзахга асфаласофилин бўлганлари учун, уларнинг китоблари ҳам ана шундай васфга эга бўлар, ана шундай жойга қўйилар экан. Бундан барча кофир, фожир ва осийлар керакли хулоса чиқариб, фурсатнинг борида ўзларини ўнглаб олишлари керак. Қиёматдан қўрқиб, унга иймон келтириб, унга тайёргарлик кўриб яшасинлар. У кунни ёлғонга чиқарсалар бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло қиёмат кунини ёлғонга чиқарувчиларга дўзахни нақд қилиб қўйибди:

وَيْلٌ يَوْمَئِذٍ لِّلْمُكَذِّبِينَ 

10. Ўша Кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин! ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat