Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ислом ва бошқа дийнлар »

00:00 / 27.11.2010 | eski savollar | 2394
Ассалом алайкум Ҳазрат, саволни сўрашни турмуш ўртоғим илтимос қилган эдилар. Улар ишлари юзасидан ҳар хил дин вакиллари билан бирга ишлаб, улар билан дўстлашишларига тўғри келади(насроний, яхудий, буддист). Алоқалари оддий дўстлашишдан кўра яқинроқ, борди-келди қилиш, уларни уйга чақириб меҳмон қилиш. Ҳозирда бирга ишламасалар ҳам яхудий, насоро дўстлари билан баъзи-баъзида алоқада бўлиб турадилар. Аксаряти аёллар ҳам. Ҳурматли Устоз шунақа масалалар бўйича шариатимизда ҳукм қандай? Улар билан дўстлашиш чегараси қанча? Устоз ноқулайликлар учун узр сўрайман, Ассаламу алейкум.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Улар билан шариатга хилоф қилмасдан, гуноҳ ишларни аралаштирмасдан муомала қилинаверади. Иш юзасидан, одамгарчилик юзасидан. Ароқ ичиш ёки шунга ўхшаш гуноҳ ишлардан четда бўлинади.ИСЛОМ ВА БОШҚА ДИН ВАКИЛЛАРИ Инсоният тарихида инсонлар орасидаги тенг ҳуқуқликнинг бузилишига сабаб бўлган омиллардан бири-бир дин вакилларининг бошқа дин вакилларига диний айримчилик асосида қарашидир. Ўз динига бўлган тарафкашлик туйғуси, эга диндаги кишиларга бошқача назар билан қарашга олиб борган. Бу омилдан эса «сиёсатчилар» доимо ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб келганлар. Қайси бир урушни олиб кўрсак ҳам унинг келиб чиқишида асосий айб «сиёсатчиларда» бўлиб, ўша сиёсатчилар ким бўлишидан қатъи назар, ҳатто ўзи динсиз бўлса ҳам ўз мақсадига эришиш учун кишилардаги диний омилни яхшилаб ишга солиш пайида бўлганлар. Сиртдан эса, бир дин билан иккинчи дин уришган, диний уруш деб номланган урушлар бўлиб кўринган.Ҳозирги кунимизда эса, инсонлар динлари қандоқ бўлишидан қатъи назар тенг ҳуқуқли эканликлари шиори олдинга сурилмоқда.Ўз-ўзидан Ислом бу масалага қандоқ қараган, деган савол пайдо бўлади. Баъзи кишилар, саволга ўрин йўқ, ҳамма нарса маълум, дейиши мумкин. Нима маълум? десангиз, Ислом мусулмонларга ғайридинларни ўлдиришни фарз қилган, жиҳод фарз, мусулмон одам қаерда ғайридинни кўрса ўлдириши керак, ҳозирги тинч-тотув яшаш ҳақидаги гаплар замоннинг зайли билан айтилаётган гаплар холос, дейишади.Ҳақиқатдан шундоқми? Келинг, бир холисона ўрганиб чиқайлик. Инсоният тарихида бошқа дин вакиллари билан қандоқ қилиб тинч-тотув яшаш мумкин, деган савол Исломгача ташланган эмас. Тарихда биринчи бўлиб Ислом дини турли динга эътиқод ва амал қилувчилар биргаликда, бир жамиятда яшашлари мумкинлиги фикрини олдинга сурди ва бу фикрни ҳаётда татбиқ қилди. Агар Исломдан олдин бу масалани кўтарган, унга амал қилган дин ёки тузум бўлса, унинг исботи бўлса, биладиган кишилар раддия қилсинлар, марҳамат!Ислом эса самовий динларнинг барчасини асли бир, ҳаммаси Аллоҳ таолодан деб эълон қилди. Аллоҳ таоло «Шўро» сурасида:«У зот сизга диндан Нуҳга тавсия қилган нарсани ва Сенга (эй Муҳаммад) ваҳий қилган нарсани, Иброҳимга, Мусо ва Ийсога тавсия қилган нарсамизни шариат қилиб: «Динни барпо қилинглар ва унда тафриқага тушманглар, дедик», дейди. (13-оят)Демак, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларга дин юборган Аллоҳ таоло, Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам дин юборган. Уларни пайғамбар қилиб танлаб олган. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло томонидан юборилган мазкур пайғамбарларга Аллоҳ таолотомонидан бир хил фармон ҳам бўлган. У фармон, «Динни барпо қилинглар, унда тафриқага тушманглар», деган амри илоҳийдан иборат бўлган. Албатта, бу эълон дунё динлари тарихида янги саҳифа эди. Бу маънони Исломгача бирор дин ёки тузум эълон қила олмаган эди. Ушбу қоидага биноан, мусулмонларга барча самовий динларга Исломга иймон келтиргандек иймон келтириш фарз қилинган. Агар мусулмон киши мазкур динлардан бирортасини инкор қилса, уларга ҳурматсизлик назари билан қараса, диндан чиқади.Шунингдек, мусулмон инсон Аллоҳ таоло томонидан юборилган пайғамбарларнинг барчасига, уларга нозил қилинган китоб ва саҳифаларга бирдек иймон келтирмоғи, улардан бирортасини фарқлаб четга чиқариб қўймаслиги лозимлиги қаттиқ таъйинланган. Аллоҳ таоло бу ҳақда мусулмонларга хитоб қилиб «Бақара» сурасида:«Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Ёқуб, Асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва пайғамбарларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан биронтасини фарқламаймиз ва биз унга мусулмонлармиз», деб айтинглар» (136-оят).Ушбу ояти каримага биноан, ҳар бир мусулмон Аллоҳ таоло томонидан юборилган ҳамма пайғамбарларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтиргандек иймон келтириши, Аллоҳ таоло томонидан туширилган китобларга Қуръони каримга иймон келтиргандек иймон келтириш лозим. Агар улардан бирортасига иймон келтирмаса ёки уларни беҳурмат қилса, мусулмонлиги қолмайди. Бу ҳам дунё динлари ва тузумлари тарихида улкан янгилик эди.Лекин Ислом мазкур масалада фақат ақийда масаласидаги кенгбағирлик билан кифояланиб қолмади. Балки, ҳаётнинг барча соҳаларида ҳам турли дин вакиллари бир жамиятда, биргаликда яшашлари учун керак бўлган қонун-қоидаларини йўлга қўйди. Мисол учун энг нозик масалалардан бўлмиш оила ва озиқ-овқат масаласини олиб кўрайлик. Ҳамма динлар, ҳамма тузумлар бу икки масалага алоҳида эътибор берадилар. Ислом эса, бу икки нарсага ҳаммасидан ҳам кўра нозик иш сифатида қарайди. Шундоқ бўлса ҳам турли дин вакиллари бирга яшашлари, бир-бирларига кўнгил қўйишлари, бир-бирларини меҳмон қилишларини ҳисобга олиб мусулмонларга бошқа диндаги аёллар билан турмуш қуриш ва улар сўйган ҳалол ҳайвонлар гўштини тановул қилишни ҳалол қилди. Аллоҳ таоло бу ҳақда «Моида» сурасида:«Бугунги кунда сизга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Афийфа мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлмиш афийфа аёллар ҳам (ҳалолдир)» (5-оят).Ушбу ояти карима ҳукмига биноан, мусулмон шахс самовий китобга эга дин аҳлларининг таомини тановул қилса ва уларга ўзи таом берса, шунингдек, уларнинг аёлларига уйланса бўлади.Мусулмонлар жамиятида яшашни хоҳлаган бошқа дин вакиллари «Аҳли зимма» деб номланадилар. Яъни, мусулмон жамияти кафолатидаги кишилар, деганидир. зимма аҳли учун шахсий ҳуррият, фикр эркинлиги, ақийда эркинлиги, жон, мол, обрў ва бошқа нарсалар дахилсизлиги тўлиқ кафолатланади. Бу маънодаги умумий қоида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:«Уларга бизга бўлган имтиёзлар бор ва уларга бизга қўйилган мажбуриятлар бор», деганларидир. Демак, мусулмонлар жамиятида бошқа дин вакиллари ҳам худди мусулмонлар эга бўлган имтиёзларга эга бўлади ва уларга юклатилган мажбуриятлар олдида масъул ҳам бўлади. Фақат Арабистон ярим оролида яшовчи араб мушрикларигина зимма аҳли бўла олмайдилар. Улардан Исломдан бошқа нарса қабул қилинмайди. Бу алоҳида бир масала. Лекин шу масалани Ислом душманлари нотўғри талқин қилиб умумлаштириб юборганларини айтиб ўтишимиз лозим. Бошқа мушриклар, яъни, аҳли китоб бўлмаганлар ҳақида эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Уларга аҳли китобга қилинган суннатни қилинглар. Фақат аёлларига уйланманг ва сўйишларини емаган ҳолда», деганлар.Демак, самовий бўлмаган кишилар ўзларича эътиқод қилиб юрган дин вакиллари ҳам тўлиқ ҳақ-ҳуқуқларга эгадирлар. Ушбу маъноларни Ислом ўн тўрт аср илгари, дунёда биринчи бўлиб жорий қилган. Қандоқ қилиб жорий қилганини эса, қуйида ўрганамиз, иншааллоҳ.Ислом дини дунё тарихида илк бор ўз дини ва эътиқодидан ўзга дин ва эътиқодларга қарши мутаассибчиликдан холий бўлган жамият қурди. Бу жамият ўз аъзоларининг барчасига баробар назар билан қараб, уларга тенг шароит яратиб берди. Бу маънолар мусулмонлар ўз динларига тўлиқ амал қилган чоғларида бутун гўзаллиги ила намоён бўлди.Ислом дини мусулмонларга бошқа самовий динларга, уларнинг пайғамбарларига, муқаддас китобларига иймон келтиришни фарз қилиш билан бирга, ўша динларга эътиқод қилувчи кишиларга ёмонлик қилмаслик, улар билан яхши муомалада бўлиш, яхши қўшничилик қилиш, зиёфатга чақириш, оилавий алоқалар ўрнатишга ҳам ижозат берди. Шунингдек, Ислом дини мусулмон давлатга бошқа дин вакиларининг ибодатхоналарини ҳимоя қилишни, уларнинг диний-ақийдавий масалаларига аралашмасликни, ҳукмда уларга жабр қилмасликни, оммавий ҳуқуқ ва масъулиятларда уларни мусулмонлар билан тенг кўришни, уларнинг барча инсоний ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилишни вожиб қилди.Бу маънода Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:«Ким зимма аҳлидан бир кишининг ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Албатта, унинг ҳиди етмиш йиллик масофадан келиб турар», деган ва«Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигисиз бир нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан» деган ҳадисларининг ўзи кифоя қилади.Мусулмонлар жамиятида яшаётган ғайридин киши учун бундан ҳам ортиқ кафолат бўлиши мумкинми?!Айтилаётган маънолар қуруқ гап эмаслиги исботи тарзида воқеъликдаги ҳужжат-далил ва мисолларга назар солайлик. Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар. Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар. Жумладан, уларга ҳадиялар бериб, улар томонидан қилинган ҳадияларни қабул қилиб ҳам олар эдилар.Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари маълум ва машҳур. Бу маъно, ҳатто баъзи ўзини билмаган кишилар томонидан суъистемол қилингани ҳам маълум. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бир яҳудий аёл заҳар солиб берган қўй гўштини еб заҳарланганлари ҳеч ким учун сир эмас.Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига туширганлар ва «Улар бизнинг соҳибларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен уларни ўзим икром қилишни хуш кўраман, деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар.Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажрон насоролари гуруҳини ҳам ўз масжидларига туширганлар ва у ерда ибодатларини қилишга рухсат берганлар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Ислом давлатига бошлиқ бўлган шахслар ҳам бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенглик сиёсатини давом этдирганлар. Ҳазрати Умар Байтул Мақдисга келганларида у ердаги масийҳий динидаги аҳолининг шартларини қабул қилган ҳолда аҳднома тузганлар. Ғайридинларга берилган кенглик, омонлик ва ҳуррият борасида зарбулмасал бўлган мазкур ахдноманинг матни қуйидагича:«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ушбу Аллоҳнинг бандаси, амирул мўминийн Умар томонидан Илиё аҳлига берилган омондир. Уларнинг жонларига ва молларига, канисалари ва бутларига, шаҳарнинг бемору соғ барча миллатига омонлик берур. Уларнинг канисаларида биров истиқомат қилмас ва уларни бузилмас. Уларга ва уларга тегишли жойларга, шунингдек, уларнинг бутларига ва молу мулкларига ҳеч бир нарсага нуқсон етказилмас. Уларнинг бирортасига ҳеч ким қасдан зарар етказмас. Илиёда улар билан бирорта ҳам яҳудий бирга яшамас. Илиё аҳли ҳам, Мадоин аҳли каби, жизия ўтарлар. Улар у ердан румликлар ва ўғриларни чиқаришлари керак. Улардан ким бошқа томон чиқса, тинч жойига етиб олгунча жони ҳам, моли ҳам омонда бўлур. Ким туриб қолса, омонликдадир. У ҳам Илиё аҳли мислича жизия ўтайди. Илиё аҳлидан жонини ва молини олиб, ибодатхонаси ва бутларини қолдириб румликлар билан кетмоқчи бўлганларнинг ўзларига ибодатхоналари ва бутларига тинч жойларига етиб олгунларича омонлик берилур. Фалончининг ўлдирилишигача ер эгаси бўлганлардан ким ўтириб қолишни хоҳласа, қолиб, Илиё аҳли каби жизия ўтасин. Хоҳлаганлар румликлар билан кетсин. Ким хоҳлаб ўз аҳлига қайтиб келса, ҳосилни йиғиб олгунларича улардан ҳеч нарса олинмайди. Ушбу ёзилганларга Аллоҳ таолонинг аҳди, Унинг Расулининг, халифаларининг ва мўъминларнинг зиммаси бўлур. Агар Илиё аҳли ўзларига белгиланган жизияни ўтасалар.Ушбуга Холид ибн Валид, Амр ибн Осс, Абдурраҳмон ибн Авф, Муовия ибн Абу Суф-ён гувоҳ бўлдилар. Ўн бешинчи санада ёзиб, тарих қилинди».Ҳазрати Умарга насороларнинг патриархи ўша ернинг бош канисасида Аср намозини ўқиб олиш мумкинлигини айтган. Аммо, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу, мен бу ерда намоз ўқисам, кейин бошқа мусулмонлар ҳам, Умар намоз ўқиган жойда намоз ўқиймиз, деб сизларни безовта қиладилар, деб у ерда намоз ўқимаганлар.Мисрлик бир масийҳий аёл Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга Миср волийси Амр ибн Осс унинг ҳовлисини масжидга қўшиб олгани ҳақида шикоят қилади. Суриштирилганда, аёлнинг ҳовлисининг пули ортиқча нархи ила Байтул молда тургани маълум бўлади. Шундоқ бўлса ҳам ҳазрати Умар янги масжидни бузиб, масийҳий аёлга ҳовли-жойини тиклаб беришга амр қиладилар.Миср, Сурия, Иордания, Эрон каби давлатларда Ислом 14 асрдан кўп муддат ҳукм сураётган бўлса ҳам туб аҳолининг Исломни қабул қилишни хоҳламаган қисми ҳозиргача ўз динида турганлиги Ислом дининнг бошқа динларга нисбатан бағри кенглигидандир. Ҳиндистон ва Ливан каби юртларда мусулмонлар узоқ вақт ҳукм юритганларига қарамай, озчиликни ташкил қилишлари эса, фикримизни яна ҳам қувватлайди.Шариатни яхши тушунган Ислом давлатларда турли вазифалар кишининг динига ёки мазҳабига қараб эмас, шахсий қобилиятига, вазифани бажариш савиясига қараб берилар эди. Машҳур халифа Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг шахсий табиби Ибн Ассол исмли насроний табиб бўлган. Унинг котиби эса «Саҳнун» исмли масий-ҳий бўлган. Халифа Марвон ибн Ҳакам Атанасиюс исмли насроний кишига Мисрда давлат мансабларини берган ва у охири келиб давлат девонлари раиси мансабига эга бўлган.Бу ҳақиқатни кўплаб ажнабий тарихчилар ҳам тан олиб, китобларига ҳавас билан ёзганлар. Мисол учун Марк Сайс Ҳорун ар-Рашид давридаги Ислом давлати васфида қуйидагиларни ёзади: «Масийҳийлар, бутпарастлар, яҳудийлар ва мусулмонлар баб-баробар ҳукумат хизматида ишлар эдилар».Илмий баҳслар, изланишлар ва мансаблар ҳақида ҳам худди юқоридаги фикрни айтиш мумкин. Мусулмон жамиятида кишилар дини ва мазҳабидан қатъи назар тенг шароитда яшаб, ижод қилишар эдилар. Халифа Маъмун ўз академиясига турли дин ва мазҳаб соҳиблари бўлган олимларни тўплаган, илмдан нимани хоҳласангиз баҳс қилаверинглар, фақат тоифачилик мушкилоти келиб чиқмаслиги учун бирингиз ўз диний китобидан далил келтирмаса бўлди», деган эди.Исломдаги бундоқ илмий кенгбағирликни васфида машҳур америкалик олим жаноб Драбер қуйидагиларни ёзган эди: «Хулофалар давридаги аввалги мусулмонлар Несторий насоролари ва яҳудийлардан бўлган олимларни эҳтиром қилиш билан кифояланиб қолмаганлар. Балки, уларга улкан ишларни ишониб топширганлар. Уларни давлат мансабларига кўтарганлар. Ҳаттоки, Ҳорун ар-Рашид барча мадрасаларни текшириб туришни Ҳално ибн Мосавайҳга топширган. Олимнинг яшаган юртига, унинг динига қаралмас эди. Фақатгина унинг илм ва маърифатдаги маконатига қаралар эди».Бу маънода ҳар қанча гапирсак шунча оз. Лекин, яна бир нарсага ишора қилмоғимиз лозим. Исломнинг бошқа динларга нисбатан бағрикенглик сиёсати, нафақат бошқа динларнинг бир-бирларига нисбатан, балки бир диннинг турли мазҳаблари орасидаги муносабатларидан ҳам яхши эди. Бу фикрнинг далили сифатида исломий манбаларга эмас, Анатолия патриархи Буюк Михаилнинг гапларидан иқтибос:«Шу сабабдан қувват ва жабаруттда ёлғиз бўлган, башарнинг давлатини қандоқ хоҳласа шундоқ кетказиб, кимга хоҳласа шунга берадиган, пастни олий қиладиган интиқом худоси, қувватни ишга солган, канисаларимиз тортиб олган, барча роҳибхоналаримизни ўзиники қилиб олган, бизни бераҳимлик ила шаф-қатсиз равишда иқобга дучор қилган румликларнинг шаррини кўрганидан кейин жанубдан Ислом ўғилларни (мусулмонларни) бизни уларнинг қўли ила румликларнинг чангалидан қутқариш учун юборди. Ҳақиқатда, биз католик канисаларини қўлимиздан тортиб олиниши ва уларни Халқидания аҳлига берилиши туфайли ютқазган бўлсак ҳам канисалар уларни қўлида турган эди. Шаҳарлар арабларга тобеъ бўлганида сўнг, улар ҳар кимнинг қўлидаги канисани ўзига хос қилиб берилди. Ўша вақтда Ҳимснинг катта канисаси ва Ҳарроннинг канисаси биздан тортиб олинган бўлишига қарамай, румликларнинг шафқатсизликларидан, озорларидан, бизга қарши ҳиқди ҳасадларидан қутилиб, омонлик ва тинчликда бўлишимиз осон эмас эди».Машҳур тарихчи Белазурий «Футуҳул Булдон» китобида Абу Ҳафс Димашқий Саъид ибн Абдулазиздан ривоят қилган қуйидаги гапларни келтиради:«Геракл мусулмонларга қарши кўплаб аскар тўплаб, Ярмук томон бостириб келаётганидан хабардор бўлган мусулмонлар Ҳимс аҳлига улардан олинган харожни қайтариб бердилар ва: «Сизларни ҳимоя қилишдан машғул бўлиб қолдик, ўзингиз бир иш кўрарсизлар», дейишди. Ҳимс аҳли эса:–Албатта, сизларнинг волийлигингиз ва адолатингиз биз учун ўзимиз яшаб турган зулм ва истибдоддан яхшидир. Сизга қўшилиб шаҳарни Геракл лашкарларидан мудофаа қиламиз», дедилар.Шунда яҳудийлар ҳам туриб:–Тавротга қасамки, Гераклнинг омили фақат биз мағлуб бўлиб, тугамагунимизча Ҳимс шаҳрига кирмас,–дейишди. Дарвозаларни ёпиб, қўриқлаша бошлашди. Мусулмонлар билан сулҳ тузган бошқа ша-ҳарларнинг насоро ва яҳудийлари ҳам шундоқ қилишди. Улар, агар румликлар мусулмонлардан ғолиб келса, аввалги ҳол бошимизга яна келади. Шунинг учун, модомики мусулмонларнинг душмани бор экан, ушбу ишда маҳкам турамиз, дейишди.Аллоҳ таоло кофирларни мағлуб, мусулмонларни ғолиб қилгандан сўнг, улар шаҳарларининг дарвозаларини очишиб, харожни ўтадилар».Ҳа, Исломга амал қилмаслик фақат мусулмонларга эмас, балки бутун дунёга зарар келтиришини шу мавзуъдан фаҳмлаб олсак ҳам бўлади. Бу ҳақиқатни энг аввал мусулмонлар тушуниб етмоқликлари лозим. Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat