Ҳумо қуши

Ҳумо қуши

СаволларМавзу: АқийдаҲумо қуши
alisher сўради 2 хафта аввал

Ассалому алайкум! Устозлар, бугун тeст саволларида ҳумо қушини бахт тинчлик рамзи қайси диндан олинган саволга исломдан дeб юбордим. Кeйин хато қилдим дeб қолдим тавба қилдим энди мeн исломдан дeганим учун кофир бўлганманми? Ўзимга ўзим қушку дeб айтиб қолдим.

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 2 хафта аввал

Ва алайкум ассалом!

Сизнинг инсофингиз бор экан. Оғзингизга келганини гапирганингизни тушуниб етибсиз. Бу ҳам бир неъмат. Аслида билмаган ёки эшитиб олган таг-туги йўқ гапларни диндан деб гапириб юрувчилар ҳамда  Аллоҳ таоло фарз қилган диндан бўлган амалларни бекор гап дегувчилар Аллоҳ таолодан қўрқсинлар. Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасида марҳамат қилади :

فَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنِ افْتَرَى عَلَى اللّهِ كَذِبًا أَوْ كَذَّبَ بِآيَاتِهِ أُوْلَئِكَ يَنَالُهُمْ نَصِيبُهُم مِّنَ الْكِتَابِ حَتَّى إِذَا جَاءتْهُمْ رُسُلُنَا يَتَوَفَّوْنَهُمْ قَالُواْ أَيْنَ مَا كُنتُمْ تَدْعُونَ مِن دُونِ اللّهِ قَالُواْ ضَلُّواْ عَنَّا وَشَهِدُواْ عَلَى أَنفُسِهِمْ أَنَّهُمْ كَانُواْ كَافِرِينَ۝

37. Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарган кимсадан кўра золимроқ ким бор?! Ана ўшаларга китобдан насибалари етадир. Ниҳоят, элчиларимиз келиб, уларнинг жонларини олаётиб: «Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсаларингиз қани?» – дерлар. Улар: «Биздан ғойиб бўлишди», – дерлар ва кофир бўлганларини айтиб, ўзларига қарши гувоҳлик берарлар.
Дунёдаги энг золим одам Аллоҳ таолога нисбатан ёлғон тўқиган, Аллоҳ таоло айтмаган нарсани айтди, деб, буюрмаган нарсани буюрди, деб юрган, ўзининг заиф ақли билан жорий қилиб олган қонун, урф-одатларига илоҳий қонунлар мақомини берадиган одамдир.
Дунёдаги энг золим одам Аллоҳ таолонинг оятларини ёлғонга чиқарувчи одамдир. Бу икки зулмдан бирини қилган иккинчисини ҳам қилади. Билингки, дунёда улардан золимроқ одам йўқ!
Аммо, минг золим бўлсалар ҳам, бу дунёда яшаб ўтадилар.
«Ана ўшаларга китобдан насибалари етадир».
Қазои қадар китобида нима ёзилган бўлса, шуни татиб, яшаб кўрадилар, Аллоҳ таоло сабаб қилиб қўйган ишларни қилиб, ундан ҳосил бўлган натижаларга гувоҳ бўлиб ўтадилар. Аммо ажаллари етиб, бу дунёни тарк этиш онлари келганда, ғаройиб бир саҳна вужудга келади. Ўлим фаришталари, яъни:
«Ниҳоят, элчиларимиз келиб, уларнинг жонларини олаётиб: «Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсаларингиз қани?» – дерлар».
Жони халқумига келиб, ўлими олдидан ҳамма нарса аён бўлиб қолган кофиру мушриклар нима дея оладилар? Уларни ўлим фаришталаридан ким қутқариб олади? Дардларига ким малҳам бўлади? Умр бўйи Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқидилар. Мана энди Аллоҳнинг элчилари – ўлим фаришталари келиб, жонларини олмоққа шай бўлиб турибдилар. Жуда ноқулай ҳолга тушиб қолишди-ку. Бу дунёда ишонган тоғларидан бирортаси йўқ. Бўлганда ҳам, нима қилиб берар эди. Ёмон бўлди-да. Дунё ҳаётида Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқармаса бўлар экан. Мана энди у оятлар ҳақ экани намоён бўлди. Аммо энди сўнгги лаҳзаларда иймон келтирса ҳам, самараси йўққа ўхшайди. Ўлим фаришталарининг авзойлари бузуқ. Савол бериб, тақалиб туришибди. Улар «Аллоҳдан ўзга сиғинганларинг, айтганига юрганларинг қани?» дейишмоқда. Нима деб жавоб қилсалар экан? Бор ҳақиқатни айтадилар-да. На илож?!
«Улар: «Биздан ғойиб бўлишди», – дерлар…»
Ғойиб бўлмасдан, не қилсинлар?! Ўзлари ҳеч нимага арзимайдиган нарсалар эди. Мана энди йўқ бўлишди. Заррача фойдалари тегмади. Уларга ишонганларнинг ҳоли хароб. Энди кофирликларига иқрор бўлиб, ўзларига қарши гувоҳлик бердилар. Айбларини тан олдилар. («Тафсири ҳилол» китобидан). Валлоҳу аълам!