Мен жуда мушкул ҳолатдаман. Аллоҳ ҳидоят бериб, ҳижоб ўраганимга икки йил бўлди. Ота онам бошиданоқ қарши бўлишган. Энди турмушга чиқиш масаласида ҳам, фикрларимга қарши чиқишмоқда. Бенамоз, ибодатсиз одамга турмушга чиқмайман десам, мажбурлашмоқчи. “Кечагина рўмол ўраб олиб, 1-2 та китобларни ўқиб олиб ақл ўргатма, биз ота-онангмиз, ҳаётни сендан яхши биламиз” деб, фикрларимни, истакларимни эса инобатга олишмаяпти. Мен нотўғри ўйлаётган эмишман. Балки кейинчалик ўқир намозини ҳам, балки сен сабаб бўларсан дейишади. Аммо, у боланинг касби тўғри келмайди. Юристлик соҳасида ўқиган ва ишлаган экан. Қандай уни йўлга соламан ҳазрат? Алҳамдулиллаҳ, ҳозирда илм олишдек бахтга ҳам муяссар бўлганман. Шуни ҳам ўйлаб сиқиламан, илм олишим кейин нима бўлади деб.. Унинг ўзи ҳам бироз қаршироқ рўмолимга, унча ҳоҳламай турибди. Намоз ўқишига қаршилик қилишмас эмиш, кейинроқ, майли ҳижобига ҳам қарши эмасмиз дейишди. Лекин бунинг ўзи етарли емаску ҳазрат, мен бенамоз одам билан яшашни истамайман. Мен учун бу қўрқинчли ҳолат. Ота оналар мажбурлашяпти. Таниш оила, отамнинг дўстининг ўғли бўлганлиги учун отам ўзлари ўртага тушиб, қўярда қўймай рози бўл деб ётибдилар. Уларни раъйини қайтариш менга оғир, нима қилай ҳазрат, илтимос маслаҳат беринг, қийналиб кетяпман. Аллоҳни Ўзидан сўраяпман... лекин жудаям сиқилиб кетяпман...
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
Ота – онангиз динимизни билишмас экан. Сиз ҳақсиз. Барча фикрларингиз тўғри. Ота-онангизга гапи ўтадиган катта одамлар қаттиқ гапиришсин. Сиз уларга тушунтиришда давом этинг. Аллоҳ таоло ёрдамчингиз бўлсин!