Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Шаҳидлик

6 ой аввал | muslima | 2332

Ассалому алайкум! Устозлар, агар бир киши эхсонни кўп қиладиган қўли очиқ бўлсаю, шариатга мувофиқ кийинмаса, намоз ўқимаса ва атроф мухити русча бўлса, лекин Аллоҳ йўлида қурбонликлар қилиб юрса. Чет элга дам олишга борганда ўша ерда жони узилса. Мусофирлигини ҳисобидан шаҳидлик ҳукмида бўладими?
2). Шаҳидлик ҳукмида бўлган инсон (аёл)га қабрда намоз, рўза кабилардан савол жавоб бўладими?


"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

1). Кишилар орасида нотўғри тушунча бор. Улар исломнинг бир неча юзлаб бўлакларидан бирида фаол бўлган инсоннинг нажотининг асоси деб оладилар. Ҳолбуки ҳар қандай нафл ибодат фарзларнинг бирортасини яқинига ҳам йўлолмайди. Ислом бир бутун нарса бўлиб, уни бутунлигича қабул қилиш керак. Биридаги мукаммаллик бошқасидаги оқсоқликни тўлдиролмайди. Хусусан фарзларни ўрнини босувчи нарсанинг ўзи йўқ. Беш рукн аввало иймон, намоз, қодир бўлганга рўза, қодир бўлганга закот ва қодир бўлганга ҳаж ҳар бир мўминда топилиши шарт. Буларнинг ўрнини ҳеч қандай нафл босолмайди. Ундан бошқалари камолот ҳисобланади.
2). Намоз ўқимасликни қўйинг, уни кечиктириб қазосини ўқиганлигидан ҳам сўралади. Аллоҳ таоло “Мааъуун" сурасида марҳамат қилади:

فَوَيْلٌ لِّلْمُصَلِّينَ۝الَّذِينَ هُمْ عَن صَلَاتِهِمْ سَاهُونَ۝


4. Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки…
5. Улар намозларини унутувчилардир.
Яъни намознинг маъноларини, ҳикматларини, инсоннинг виждонини поклашини, қалбда марҳамат-шафқатни қўзғашини унутганларнинг ҳолига вой! Жойи жаҳаннам!
Аллоҳ таоло «Анкабут» сурасининг 45-оятида: «…албатта, намоз фаҳш ва мункардан қайтарур», – деган. Ким намоз ўқиса-ю, ёмон ишлардан қайтмаса, у намозини унутганлар жамоатидан бўлади.
Ушбу оятларнинг маъноси ҳақида муфассирларимиз бир қанча таъвиллар айтганлар.
Абул Олия: «Булар намозни ўз вақтида ўқимайдиганлар, рукуъ ва саждаларини яхшилаб, батамом қилмайдиганлар», – деган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Бу шундай намозхонки, у ўзи ўқиган намозидан савоб умид қилмайди ва уни ўқимаса, иқобидан қўрқмайди», – деганлар.
Ибн Жарир Тобарий келтирган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида сўралганда, «Улар намозни ўз вақтидан орқага сурадиганлар», – деганлар.
Муфассирларимиз ушбу жумладаги келишик қўшимчаларига ҳам алоҳида эътибор берганлар. Оятда «Ан солатиҳим сааҳуун» – «намозларини унутувчилар», дейилмоқда, «фии солатиҳим» – «намозларида» дейилмаяпти. Шундан оятда мунофиқлар ҳақида сўз кетаётгани келиб чиқади. Чунки мўмин киши ҳам намоз ичида баъзи нарсаларни унутиши мумкин. Лекин унутиш билан унутишнинг фарқи бор. Мунофиқнинг намозни унутиши ўқимаслик, унга эътиборсизлик қилиши ила бўлади. Мўмин эса намознинг ичида бирор нарсани унутиб, хатога йўл қўйса, саҳв саждаси қилиб, дарҳол тўғрилайди.
Ушбу оятда зикр қилинганлар мунофиқлар эканига келаси икки оят ҳам далилдир.

الَّذِينَ هُمْ يُرَاؤُونَ۝


6. Улар риё қиладиганлардир.
Намоз ўқиса-ю, намознинг ҳақиқатини унутса, ёмонлик, иғво, бўҳтон, ёлғончилик, бузғунчилик ва бошқа разолатлардан қайтмаса, ундай киши риёкор, мунофиқ бўлади. Одамларнинг кўзини бўяш, улар ҳузурида обрў топиш, ўзини диндор қилиб кўрсатиш учун намоз ўқиган бўлади.

وَيَمْنَعُونَ الْمَاعُونَ۝


7. Ва мааъуунни ман қиладиганлардир.
«Мааъуун»ни баъзи тафсирчилар закот, дейдилар, бошқалари эса хўжаликда керак бўлиб турадиган асбоб-анжомлар, дейдилар.
Ислом сатхий, зоҳирий нарсалар дини эмас. Балки ихлос ва амал динидир. Ибодатлар ихлос билан бўлмаса, эгасини яхши ахлоқ ва омилларга бошламаса, ҳақиқий бўлмайди. Инсон тили билан «Мусулмонман», дейиши, Исломий амалларнинг баъзиларини адо этиши, масалан, намоз ўқиши ҳам мумкин, лекин ҳақиқий мусулмон бўлса, иймон аломатлари унинг юриш-туришида, муомаласида, гап-сўзида, ишида, одоб-ахлоқида – ҳамма-ҳаммасида кўриниб туради. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat