Ҳадиси Қудсий - маъноси Аллоҳ таолоники бўлиб, айтилиши Расулуллоҳ (сав)дан бўлган ҳадислар. Шунингдек, "Ҳадиси Раббоний", "Ҳадиси илоҳий" деб ҳам айтилади. Уни Аллоҳ таоло ўз набийсига илҳом бериш, тушида кўрсатиб билдириш орқали хабар беради, Пайғамбар (ас) эса, бунинг маъноси Аллоҳ номидан, Аллоҳ таоло айтди, деб саҳобаларига етказганлар. Ҳ.қ-нинг мартабаси Қуръони карим билан ҳадиси Набавий ўртасида. Ҳ.қ. талаффузи билан ибодат қилинмайди, намозда қироат этилмайди, у билан баҳсга чорланмайди. У Қуръоннинг нақлига ўхшаб мутавотир ҳолда нақл қилинмаган. Балки, унинг саҳиҳ, заиф ва мавзу-ёлғонлари мавжуддир.