Фуқаҳоларимиз Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳара, ижмоъ ва қиёс каби масдарлардан фойдаланиб, шаръий ҳукмлар чиқариш учун «Усулул-фиқҳ» номли қонун-қоидалар мажмуи илмини ижод қилганлар. Бу ниҳоятда улкан илм бўлиб, ундаги нозик қонун-қоидалар ёрдамида Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, уларнинг нозил бўлиш ёки айтилиш сабаблари диққат билан, синчиклаб текширилади. Уларда келган ҳукмлар умумийми ёки маълум бир шахс, макон ёки замонга хосми – шулар эринмай ўрганилади. Шунингдек, қайси бири носух – бошқасини амалдан қолдирганлиги ва қайси бири мансух – амалдан қолганлиги ўрганилади. Бунга ўхшаш нозик масалалар жуда ҳам кўп ва уларни асосан, мутахассислар тадқиқ қиладилар ва яхши тушунадилар.