Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Имом Абу Довуд

Шахс | 1239

Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас ибн Исҳоқ ал-Аздий ас-Сижистоний ҳужжат билан ҳукм қилувчи, ҳуффозларнинг саййиди, ҳадисларни таҳлил этувчи «Китоби Саҳиҳ» деб тан олинган олти муҳаддиснинг биридирлар. Нисбатлари Басра қишлоқларининг бири бўлган Сижистонгадир. 

Бу зот ҳижратнинг 202 йили Басрада таваллуд топдилар. Ҳадисларни тўплашда Ироқ, Хуросон, Шом, Миср, Арабистон жазираси каби юртлардаги уламолар ҳузурида бўлиб чиқдилар. 221 ҳижрий санада Куфага сафар қилдилар ва ана шу ердаги кишилардан ҳам ҳадисларни эшитиб, ривоят қилдилар.

Уламолар бу зотда бўлган сифатларни кўп зикр қилишади. Амр ибн Али Боҳилий: «Имом Абу Довуд дуоси ижобат бўлувчи кишилардан эдилар», деб айтадилар. Муҳаммад ибн Саъд Зуҳарий: «Бу зот обид, тақволи, фозил, солиҳ, пок кишилардан эдилар», деб айтадилар. Абу Ҳотим ар-Розий: «Бу зотдек тазарруъли ва бу кишидек ҳужжати ишончли кишини кўрмаганман», деганлар.

Сўфийларнинг имоми бўлмиш Саҳл ибн Абдуллоҳ бир куни Имом Абу Довуднинг зиёратларига келиб: «Эй Абу Довуд, менинг сизда бир ҳожатим бор», дедилар. Шунда Абу Довуд: «Не ҳожатинг бор?» деб сўраганларида, Саҳл ибн Абдуллоҳ: «Агар рухсат берсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадислар ривоят қилган тилингизни бир ўпсам», дедилар. Абу Довуд рози бўлиб, тилларини чиқардилар ва бу зот ўпиб олдилар.

Абу Довуднинг «Сунан» китоблари тўғрисида  уламолар ғоятда мақтовли фикрлар билдирганлар. Закариё Соний айтадилар: «Китобуллоҳ Исломнинг асли, «Сунани Абу Довуд» Исломнинг аҳдидир». Улуғ зотлардан Хаттобий: «Бу китоб иккита саҳиҳ китобдан кўра фақиҳроқ ва ҳадис илмида бунинг сингари китоб тасниф этилмаган», деб айтадилар.

Имом Абу Довуд ҳаммаси бўлиб 50000 ҳадис ривоят қилдилар ва шундан 4800та саҳиҳ ҳадисни «Сунан» китобларига киритганлар. Имом Абу Довуднинг «Сунан» китобларига кўплаб шарҳ ва мухтасарлар ёзилди.

Бу зот ҳадисларни Муслим ибн Иброҳим, Сулаймон ибн Ҳарб, Абу Умар Ҳавзий, Абу Валид Таёлисий, Абу Муаммар ал-Муаққад, Абдуллоҳ ибн Маслама ал-Қаънабий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Усмон ибн Шайба, Амр ибн Авн, Ҳишом ибн Аммор Димашқий, Рабийъ ибн Нофиъ Ҳалабий, Аҳмад ибн Солиҳ Мисрий ва бошқа бир неча кишилардан эшитдилар.

Имом Абу Довуддан Термизий, Насаий, ўғиллари Абдуллоҳ, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳорун, Али ибн Ҳусайн ибн Абд, Муҳаммад ибн Муҳаммад Даврий, Исмоил ибн Муҳаммад Саффор, Аҳмад ибн Салмон Нажжор ва бошқа бир неча кишилар ривоят қилганлар.

Имом Абу Довуд ҳижратнинг 275 йили, шаввол ойининг 16-кунида Басрада вафот этдилар.


Топ рейтинг www.uz Openstat