Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал

Шахс | 1361

Аҳмад ибн Ҳанбал ибн Ҳилол ибн Асад Идрис ибн Абдуллоҳ ибн Ҳайён ибн Абдуллоҳ ал-Бағдодий ҳадис ва фиқҳ олими ва Ҳанбалий мазҳабининг асосчисидирлар. 

Насаблари Иброҳим алайҳиссаломгача бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насабларига Аднонда қўшилади. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ота-оналари асли Туркманистоннинг Марв шаҳридан бўлиб, кейинроқ Бағдодга кўчиб келишади ва Аҳмад ибн Ҳанбал ҳижратнинг 164 йили Бағдодда дунёга келадилар.

Бу зотнинг ёшлик пайтларида оталари вафот этадилар. Улғайгач, аввалига қозихонада Абу Юсуфдан қозиликни ўргандилар. Кейинчалик ҳадис эшитишни хуш кўриб, ҳадис жамлашга киришдилар. Биринчи ҳадисни ҳижратнинг 179 йили эшитиб, ёзишни бошлаганлар.

Аҳмад ибн Ҳанбал ҳижратнинг 189 йили йигирма беш ёшларида Ямандаги устозлари Абдурраззоқ ҳузурига сафар қиладилар. Дўстлари Яҳё ибн Муъийн, Исҳоқ ибн Раҳовайҳлар билан бирга, бу устозларидан дарс оладилар. Кейинчалик Макка, Мадина, Шом, Яман, Куфа, Басра каби жойларга ҳадис тўплаш учун сафар қиладилар.

Иброҳим ал-Ҳарбий айтадилар: «Аллоҳ таоло аввалгию охиргиларнинг илмини Аҳмад ибн Ҳанбалда жамлаган, деб ўйлайман». Али ибн ал-Мадиний айтадилар: «Аллоҳ бу дийнни икки киши билан қувватлади. Уларнинг учинчиси йўқдир. Биринчи бор одамлар дийндан қайтаётган куни Абу Бакр Сиддиқ билан дийнни қувватлади. Иккинчи бор фитна кунида Аҳмад ибн Ҳанбал билан қувватлади». Яна у киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Ислом иши билан Аҳмад ибн Ҳанбалдан ташқари, ҳеч ким шуғулланмади», дедилар. У зотдан: «Абу Бакр Сиддиқ ҳам-а?» деб сўралганда: «Абу Бакр Сиддиқ ҳам», деб айтдилар. «Чунки Абу Бакр билан у кишини қувватлаб турган аъёнлари ва аскарлари бўлган, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг аъёнлари ҳам, аскарлари ҳам бўлмаган эди», дедилар. 

Аҳмад ибн Ҳанбал инсонларга энг тўғри йўл— Ислом дийни эканлигини тушунтириб, кўп даъват қилдилар.  Шундан кейин қанчадан-қанча одамлар шу киши сабабли Ислом дийнини қабул қилдилар. Зархоний айтадилар: «Аҳмад ибн Ҳанбал 220000дан зиёда яҳудий, насроний, мажусий дийнига мансуб бўлган кишиларнинг Ислом дийнига киришига сабабчи бўлдилар. Аҳмад ибн Ҳанбални нафақат Ислом аҳллари, балки бошқа дийнга мансуб кишилар ҳам билишарди. Бир куни мажусий дийнига мансуб икки киши тортишиб қолади. Шунда улар Хуросон қозиси ҳузурига боришади. Қози Ислом дийни бўйича ҳукм чиқариб, улардан бирининг ҳақлигини исбот қилади. Шунда «зиёнига ҳукм қилинган» одам: «Агар Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мазҳабига асосланиб ҳукм чиқарган бўлсанг, розиман», деб айтади.

Ҳар бир илм олими Аҳмад ибн Ҳанбални ўзининг устози деб билиб, ҳурмат қилар эди. Қуръон олимлари Аҳмад ибн Ҳанбалнинг Қуръон аҳкомларини яхши билишлари, қироатлари ёқимли, овозлари ширинлигини тан олишар эди. Ҳадис олимлари Аҳмад ибн Ҳанбални ҳадис олими, уни ёдлаб, саҳиҳ ва заиф ҳадисларга ажратувчи деб билишар ва у кишидан ҳадис эшитишга шошилар эдилар. Бунга ўша пайтдаги муҳаддислардан Бухорий, Муслим, Абу Довуд каби улуғ зотларнинг у кишига шогирд бўлишгани катта далилдир. Фиқҳ олимлари эса, бирор бир ҳукм чиқаришга шошилмасдан, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг фатволарига қараб ҳукм чиқарар эдилар. Бу зотнинг бир нечта устозлари бўлиб, Ҳошим ибн Башир, Шофеъий, Башир ибн ал-Муфаззал, Исмоил ибн Али, Суфён ибн Уяйна ва бошқалар шулар жумласидандир. Абу Бакр ал-Марвазий, Шоҳин ибн ас-Самидоъ, Абу Довуд, Бухорий, Муслим, Абу Али Ҳусайн, Абу Бакр Аҳмад ва бошқалар у зотнинг шогирдлари ҳисобланади. 

Аҳмад ибн Ҳанбал 40000дан зиёд ҳадисни ўз ичига олган «Муснад» китобидан ташқари, «Китобуз-зуҳд», «Ал-Маърифа ват-таълим», «Ал-жарҳ ват-таъдил» ва бошқаларни тасниф этганлар.

Ўша пайтда баъзи бир фуқаҳолар, айниқса подшоҳ ҳузуридаги олимлар Қуръони Каримни «махлуқ», яъни Қуръон бошқа нарсалар каби, Аллоҳнинг яратган бир махлуқи, деб аташади. Аҳмад ибн Ҳанбал бу нотўғри тушунчанинг Исломга зид эканлигини исботлаб берсалар ҳам улар сўзларидан қайтмайдилар. Балки кимки уларга қарши чиқса, уни азоблайверадилар. Ана шу азобланганлар орасида Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам бор эдилар. Аввалига у зотни уриб, кейин қамоққа олишади. Аҳмад ибн Ҳанбал шунча азоблашса ҳам сўзларидан қайтмайдилар. У кишининг шарофатлари туфайли Ислом уммати бу нотўғри тушунчадан сақланиб қолди. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳижратнинг 241 йили Бағдод шаҳрида вафот этдилар.


Топ рейтинг www.uz Openstat