Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Имом Шофеъий

Шахс | 1461

Муҳаммад ибн Идрис ибн Аббос ибн Усмон ибн Шофеъ ибн Соиб ибн Абдулязид ибн Ҳошим ибн Мутталиб ибн Абдуманоф (кунялари Абу Абдуллоҳ ал-Қурайший) ҳижратнинг 150 йили Ғазза шаҳрида таваллуд топдилар. Бу зот Шофеъий мазҳабининг асосчиси, фақиҳ, муҳаддис имомлардан биридирлар.

Имомнинг ёшлик даврлари Маккада кечиб, етим ўсганлар. Оналари ўқиш-ёзишни ўргатмоқчи бўладилар, лекин мактабга тўлайдиган пуллари бўлмаганлиги учун кўп қийналадилар. Охири бир муаллим Шофеъийдаги туғма қобилиятни билганлиги туфайли бепул ўқитишга рози бўлади. Бу зот ўқиш-ёзишни тез орада ўрганиб, етти ёшларида Қуръони Каримни тўла ёд оладилар. Шундан сўнг масжидга кириб, уламолардан илм ўрганадилар. Имом Шофеъийнинг ёдлаш қобилиятлари ғоят кучли бўлганлиги учун ўн ёшларида Имом Моликнинг «Муватто» китобини ёд оладилар. Кейинчалик Муслим ибн Холид аз-Занжий ва Молик ибн Анаслардан фиқҳ ва ҳадис илмини ўргана бошлайдилар. Ўн бешга тўлганларида устозлари Муслим ибн Холиднинг фатво беришга фотиҳасини олдилар.

Абдулғани ад-Даҳарний ўзларининг «Аълому Муслимийн» номли китобларида Шофеъийнинг ўзлари ҳақларидаги қуйидаги сўзларини келтириб ўтадилар: «Бир кишига учрашиб, унга: «Қуръонни ёд олдим, араб шеърлари ва балоғатини ўргандим, энди нима қилай?», десам, у киши «Молик ибн Анаснинг ҳузурларига бор», деб айтди. Кўнглимга шу нарса маъқул тушди. Маккадаги бир кишидан Молик ибн Анаснинг «Муватто» китобларини олиб, тўққиз кечада ёд олдим. Сўнгра Мадинага йўл олдим. Мен у зотнинг ҳузурларига кирдим ва ўзим ҳақимда сўйлаб бердим. У киши сўзимни тинглагач, бир қанча вақт менга тикилиб қолдилар. «Исминг нима?» деб сўрадилар. «Исмим Муҳаммад», деб айтдим. «Эй Муҳаммад, Аллоҳга тақво қил, гуноҳ ишлардан четлангин, албатта, сен тез кунларда улуғ мартабаларга етасан», деб айтдилар. У кишига Қуръон тиловат қилдим. Энди қироатдан тўхтай десам, у кишига қироатим ёқиб қолиб, «Ўқи, ўқи», дер эдилар. Кейин Мадинада Моликнинг вафотларига қадар дарс олиб турдим».

Абдуллоҳ ибн Зубайр Имом Шофеъий ҳақида: «Шофеъий Моликнинг ҳузурида илмдан озгина қолдирди. Мадина уламолари ҳузуридаги барча илмларни жамлаб олди», деб айтадилар. Имом Шофеъий яна Маккага қайтиб, бу ерда бир неча кун тургач, яна сафарга отланадилар. Бу сафар Мадинадан ҳам узоқроқ бўлган Яманга сафар қиладилар. Кўп ўтмай, бу зот Макка ва Мадинадаги каби, Яманда ҳам шуҳрат қозонадилар. Ҳижратнинг 184 йили Бағдодга сафар қилиб, у ерда Муҳаммад ибн Ҳасаннинг уйида турадилар. Имом шу ерда камбағалликдан чиқа бошлайдилар. У зотни хизматлари эвазига халифа Ҳорун ар-Рашид 500000 динор билан мукофотлайди. Ироқда ҳам илм олгач, яна Маккага қайтиб келадилар. Масжид ал-Ҳаромда ҳалқа қилиб, шу ерда дарс бера бошлайдилар. У ҳалқада нафақат толиблар, балки Суфён ибн Уяйна, Аҳмад ибн Ҳанбал каби уламоларни ҳам топиш мумкин эди.

Ҳижратнинг 195 йили яна Бағдодга қайтиб борадилар. У ердаги «Жомиъул-ғарбий» масжидида одамларга дарс бера бошлайдилар. Иброҳим ал-Ҳарбий: «Ана шу масжидда йигирмага яқин ҳалқа бўлар эди», деб айтадилар. Бундан ташқари, Имом Шофеъий Мисрга бориб, у ердан кўп илмлар ўрганиб, шогирдлар орттириб қайтадилар.

Имом Шофеъийнинг замоналарида ҳадис, фиқҳ, тафсир ва шеъриятда у кишига етадиган киши топилмас эди. Буни уламоларнинг у киши ҳақларида айтган қуйидаги сўзларидан билиш мумкин.

Фазл ибн Дукайн «Шофеъийдан кўра ақли етук, фаҳми комил, илми кўп одамни эшитмадик ҳам, кўрмадик ҳам», деганлар.

Имом Абу Заръата ар-Розий: «Ислом умматига Шофеъийни миннат қилса арзийди», дер эдилар.

Башир ал-Марисий: «Шофеъийга дунё аҳли ақлининг ярми берилган эди», деб айтадилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: «Кимки қўлига сиёҳ билан қалам олса, унинг зиммасида Шофеъийнинг миннати бордир. Агар Шофеъий бўлмаганларида, ҳадис ва фиқҳни билмаган бўлур эдик. Фиқҳ эшикларига қулф солинган эди. Аллоҳ Шофеъий сабабли у эшикларни очиб берди», деб айтадилар.

Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган марҳаматидан яна бири – Имом Абу Ҳанифа вафот этганларида у зотга ўринбосар қилиб, ҳижратнинг 150 йили Имом Шофеъийни юборганидир.

Имом Шофеъийнинг таълиф этган китоблари 113 та бўлиб, шулардан машҳурлари «Китобу ҳужжа», «Рисола», «Ум», «Ал-мабсут», «Ихтилофул-ҳадис», «Сифатул-амр ван-нахий», «Ибтолул-истиҳсон», «Ас-салавот», «Ал-буйуъ», «Ал-музораъа», «Ад-даъво вал баёнот», «Сайрул-Авзоъий», «Фазоилу Қурайш», «Ас-сабку варраъю»лардир.

Шофеъийнинг ўзлари айтадилар: «Тушимда бир киши келиб, китобларимни олди ва ҳавога сочиб юборди. Китобларим ҳар томонга тарқалиб кетди. Туш таъбирини баъзи бир кишилардан сўрасам, тушинг тўғри чиқади, сенинг илминг ёки китобинг кирмаган бирор-бир шаҳар қолмайди, деб айтишди».

Имом Шофеъий ҳижратнинг 204 йили 54 ёшларида вафот этдилар.


Топ рейтинг www.uz Openstat