Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Али ибн Абу Толиб

Шахс | 1857

Али ибн Абу Толиб ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ал-Қурайший хулафои рошидиннинг тўртинчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг ўғилларидир. Оналари – Фотима бинти Асад ибн Ҳошим ибн Абдуманоф. Кунялари Абул Ҳасан. Ҳазрати Али милодий 600-йилда Маккаи Мукаррамада таваллуд топдилар. Бирор марта ҳам бутларга сиғинмаганликлари ва жоҳилият ифлосликлари билан хулқланмаганликлари сабабли «Каррамаллоҳу важҳаҳу» (Аллоҳ унинг юзини мукаррам қилсин) деб сифатланадилар.

Ҳазрати Али ёшлик пайтларида доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлиб, бирга овқатланар эдилар. Бунга сабаб шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толибнинг фарзандлари кўп эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Аббосга қарата «Эй амаки, акангиз Абу Толибнинг болалари кўп. Кўриб турганимиздек, ҳозир ризқда, яшашда кўп қийинчиликлар бўлиб турибди. Абу Толибнинг ҳузурига бориб, болаларидан келадиган ташвишини бир оз енгиллатайлик», деб айтдилар. Шунда улар бориб, Аббос Жаъфарни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Алини олдилар. Мана шундан кейин Али Расулуллоҳ билан бирга яшай бошладилар.

Ҳазрати Али Расулуллоҳ набий қилиб юборилганларидан кейин ёш болалардан биринчи бўлиб иймон келтириб, Исломни қабул қилганлар. Ана шу вақтда ёшлари ҳали саккиздан ўтмаган эди. Анас ибн Молик айтадилар: «Душанба куни нубувват келган, сешанба куни Али Исломга кирган».

Али ибн Абу Толиб ҳамма жангларда иштирок этдилар, фақат Табук жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу зотни аҳли байтларига бошлиқ қилиб кетганликлари сабабли иштирок эта олмадилар.

Али шижоатли, сўзда фасоҳатли, илмли, ахлоқли, сабрли, адолатли, ҳилмли, иффатли, тақводор, дунёда зоҳид, тавозуъли ва мусулмон йигитлар орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин киши эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен илмнинг шаҳри бўлсам, Али унинг эшигидир», деб айтдилар.

Али каррамаллоҳу важҳаҳу араблар орасида шижоатли, ботир паҳлавонлардан эдилар. Бадр жангида мушриклар бошлиғи бўлган Валид ибн Утбани ер тишлатдилар. Уҳуд жанги куни байроқ кўтарган саҳоба Мусъаб ибн Умайр ўлдирилганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам байроқни ҳазрати Алига топширдилар. У киши Хайбарни фатҳ этишда ҳам жуда кўп жонбозликлар кўрсатганлар. Ўшанда ёшлари ҳали йигирмадан ўтмаган эди.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эртага жангда байроқни бир кишига бераман, Аллоҳ ва Расули уни яхши кўради ва у ҳам Аллоҳ ва Расулини яхши кўради», деб айтдилар. Эртасига ҳамма саҳобалар ўша киши ўзлари бўлишини умид қилишганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Алини сўраб қолдилар. Саҳобалар Алининг кўзлари оғриётгани ҳақида хабар беришди. Расулуллоҳ у кишининг ҳузурларига борганларида ҳақиқатда кўзлари оғриган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини Алининг кўзларига теккизиб, дуо қилдилар ва кўзлари шифо топди.

Кўп саҳобалар Алининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидаги мақомларида бўлишни орзу қилишар эди. Аллоҳ Расулуллоҳ билан Алининг мақомларини худди Мусо алайҳиссалом билан Ҳорун манзилидек қилди. Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг ниҳоятда чиройли бир сўзлари борки, у бизларга ўрнак бўларлидир: «Менинг қўрқадиган нарсам ҳавои нафсга тобеъ бўлиш ва узун орзулар қилишдир. Ҳавои нафсга тобеъ бўлиш ҳақдан қайтаради. Узун орзулар эса охиратни эсдан чиқартиради. Огоҳ бўлинглар, бу дунё орқада қолиб кетади. Охират эса олдингизга чиқиб, кутиб олади. Сизлар охиратнинг боласи бўлинглар, дунёнинг боласи бўлиб қолманглар. Бу кунда амал бору ҳисоб йўқдир, эртага эса ҳисоб бору амал йўқдир».

Али каррамаллоҳу важҳаҳу ҳижратнинг иккинчи йилида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима онамизга уйландилар. Ҳазрати Али Фотима онамиздан ва бошқа хотинларидан ҳаммаси бўлиб, ўн тўрт ўғил, ўн тўққизта қиз фарзанд кўрдилар.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу 586та ҳадис ривоят қилганлар. У зотдан кўп кишилар, жумладан, ўғиллари Ҳасан, Ҳусайн, Муҳаммад, Умар ҳамда Абдуллоҳ ибн Масъуд, Ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Жаъфар, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абу Мусо Ашъарий, Абу Саид Худрий, Абу Рофиъ, Суҳайб, Зайд ибн Арқам, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абу Ҳурайра, Жобир ибн Самура, Баро ибн Озиб, Жарир ибн Абдуллоҳ ва бошқалар ҳадис ривоят қилганлар. Тобеъийнлардан Саъийд ибн Мусай¬йиб, Қайс ибн Ҳозим, Алқама ибн Қайс, Абу Асвад Жаулий, Аҳнаф ибн Қайс, Шурайҳ ибн Ҳоний ва бошқалар ривоят қилишди.

Мўминларнинг амири Али ибн Абу Толиб масжидда имом бўлиб турганларида хаворижларнинг одами бўлган Абдураҳмон ибн Мулжам томонидан қилич билан урилиб, шаҳид бўлдилар. Бу ҳодиса ҳижратнинг 40-йили, Рамазон ойининг 23-куни, жумъа кунида содир бўлди. Бу пайтда у зот 63 ёшда эдилар.



Топ рейтинг www.uz Openstat