Муоз ибн Жабал ибн Амр Ансорий Хазражий, кунялари Абу Абдурраҳмон. Ўн икки ёшларида Исломни қабул қилган. Иккинчи «Ақаба» байъатида иштирок этган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жамики жангларда бирга бўлган. У зот улуғ табиатли, мулойим, чиройли хулқли саҳобалардан эдилар.
Бу зот ҳаммаси бўлиб 157та ҳадис ривоят қилганлар. У зотдан Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Жобир, Анас, Абу Саълаба, Абу Қатода каби саҳоба ва тобеъийнлар ривоят қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мар¬ҳамат қилдилар:
«Умматимнинг ичида ҳалол-ҳаромни ажратувчиси Муоздир».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна:
«Қиёмат кунида Муоз ибн Жабал уламоларнинг имомидир», деб айтдилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Хотинлар Муоз ибн Жабал сингари фарзанд туғишдан ожиздирлар. Агар Муоз бўлмаса, Умар ҳалок бўлибди».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга, дийн таълимотларини ўргатиш учун юбораётганларида:
«Эй Муоз, нима билан ҳукм чиқарасан?» деб сўрадилар.
Шунда Муоз розияллоҳу анҳу:
«Аллоҳнинг Китоби билан», деб жавоб бердилар.
«Агар Аллоҳнинг Китобидан тополмасанг-чи?» дедилар.
«Аллоҳнинг Расулининг суннатлари билан», деди.
«Ундан ҳам тополмасанг-чи?» дедилар.
«Раъйим ила ижтиҳод қиламан ва бўшашмайман», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари хурсандликка тўлган ҳолда:
«Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, Аллоҳ Расулининг элчисини Аллоҳни ва Унинг Расулини рози қиладиган нарсага йўллади», дедилар.
Муҳожирлардан бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Муоз ибн Жабалнинг тутинган исломий биродари эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни тўрт кишидан олинглар», деб айтдилар. Шуларнинг бири Муоз ибн Жабалдир.
Умар ибн Хаттоб халифалик даврларида Фалас¬тин яқинидаги «Амовас» деган жойга вабо касали тарқалди. Мана шу вабо сабабли Муознинг икки хотинлари, ўғли Абдурраҳмон вафот этди. Муоз ибн Жабал ҳам ушбу хасталик сабабли ҳижратнинг 18-йили 38 ёшларида бу оламдан кўз юмдилар.