Лубоба бинти Ҳорис ибн Ҳазн ал-Ҳилолия фозила аёллардан саналиб, Маккада Хадиъа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳодан сўнг Исломга кирдилар. У кишининг кунялари Умму Фазл бўлган. Ўзлари Омир қабиласидан бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари ҳазрати Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳунинг хотинлари эдилар. Ҳазрати Аббос болаларининг аксарияти шу Лубоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳодан туғилган. Ҳазрати Аббос розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хулқ ва халқ, яъни, ахлоқ ва тузилиш жиҳатидан жуда ҳам ўхшаш ўғиллари Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳу эдилар. Лубоба розияллоҳу анҳонинг бош фарзандлари Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳу бўлганлиги учун Умму Фазл кунясини олганлар. Шу билан бирга, Лубоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳаралари Маймуна бинти Ҳорис онамизнинг опаларидир. Яъни, Лубоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга қайнэгачи бўладилар. Баъзи ривоятларда келишича, бу опа-сингил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Хадича онамиздан кейин биринчи иймон келтирган аёллар ҳисобланадилар. Фазл учун шунинг ўзи етарли бўлса керак. Бу киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадис ривоят қилган саҳобиялардандир.
Лубобадан ўғиллари Абдуллоҳ ибн Аббос, Умайр ибн ал-Ҳорис, Анас ибн Молик, Қобус, ал-Муҳариқ ҳамда Абдуллоҳ ибн ал-Ҳорис ва бошқалар ривоят қилганлар.
Кўриниб турибдики, қариндошлик алоқалари туфайли ҳам Лубоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига тез-тез келиб, у ердаги нарсалардан хабардор бўлиб турганлар. Кўп ҳадис ривоят қилишларининг сабабларидан бири ҳам шу.