Хузайма ибн Собит ибн Фақиҳа ибн Саълаба ал-Ансорий, кунялари Абу Аммора. Жоҳилиятда ҳам, Исломда ҳам Авс қабиласи бошлиқларидан бўлганлар. Оналари – Кабша бинти Авс.
У киши бир ўзларининг гувоҳликлари икки кишининг гувоҳлиги билан баробар бўлган саҳоба эдилар.
Бадр ғазотида ва ундан бошқа ҳамма ғазотларда иштирок этдилар. Макка фатҳ этилган куни Хутома қабиласи номидан байроқ кўтардилар. Хутома қабиласидаги бутларни синдирган зот шу киши эдилар.
Сиффийн урушида Али розияллоҳу анҳу билан иштирок этдилар. Аввалига бу урушда иштирок этмаган эдилар. Қачонки Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ўлдирилганидан кейин урушга киришдилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аммор ибн Ёсир исёнкорлар томонидан ўлдирилади», деб марҳамат қилган эдилар.
Бу зот ҳаммаси бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 38та ҳадис ривоят қилдилар. Бу кишидан ўғиллари Аммор, Зуҳайр ва бошқалар ривоят қилганлар.
Бу зот тўплаган ҳадислардан баъзиларини уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.