Умму Сулайм ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг оналари бўлади. У киши Умму Сулайм кунялари ила машҳур бўлганлар. Шунинг учун ҳам исмларини аниқлашда уламоларимиз бир оз тортишганлар. Баъзилари Саҳла десалар, бошқалари Румайла, учинчилари яна бошқа исмни айтганлар.
Умму Сулайм бинти Милҳон Хазражия, Нажжориядирлар. У киши Абу Талҳа розияллоҳу анҳуга турмушга чиққанлар. Умму Сулайм ўта дийндор, аҳли фазл аёллардан бўлганлар. Ўғиллари Анас розияллоҳу анҳуни кичиклик чоғларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига берганлар. Шу сабабдан ҳам Пайғамбаримизнинг оилаларига тез-тез келиб турар ва турли ҳодисаларга гувоҳ бўлиб, саволлар сўраб турар эдилар. Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг исмлари кўпгина ҳадисларда зикр қилинади.