Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Саъд ибн Абу Ваққос

Саъд ибн Абу Ваққос ибн Уҳайб Зуҳрий ал-Қураший, кунялари Абу Исҳоқ. 

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурларида тўртинчи бўлиб Исломга кирдилар. У киши ана шу вақт­да 17 ёшда эдилар. Исломда биринчи бўлиб камондан ўқ отган шахс ҳам, жаннатга киришларига башорат берилган ўнта саҳобаларнинг бири ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида рози бўлган олтита саҳобаларнинг бири ҳам шу зот бўлганлар.

Саъд ибн Абу Ваққос Аллоҳ йўлида биринчи бўлиб бир мушрикни қатл этиб, қонини оқизган, Бадр, Уҳуд, Хандақ ва бундан бошқа ҳамма маъракаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга иштирок этган паҳлавон саҳобалардан эдилар.

Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари Омина бинти Ваҳб Зуҳриянинг қабиласидан бўлганлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини «тоға» деб атар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд розияллоҳу анҳунинг дуолари қабул қилинишини сўраганларида Аллоҳ дуоларини қабул қилган. Шунинг учун одамлар Саъд ибн Абу Ваққоснинг дуоларидан қўрқар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққосдан ташқари бирор кишига «Ота-онам фидо бўлсин», деб айтмаганлар.

Бу зот Умар ибн Хаттобнинг халифалик даврларида форслар билан бўлган урушда аскарларга қўмондон бўлдилар. Ҳижратнинг 15-санасида Қодисияни, ҳижратнинг 16-йили Жалулони, ҳижратнинг 17-йили Куфани фатҳ этдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу кишини Ироққа волий қилиб тайинладилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида ҳам шу амалда бўлдилар.

Қачонки ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилиб, фитна замони келганидан кейин бу ишларнинг ҳаммасидан четланиб, Мадинага қайтиб келдилар.

Саъд ибн Абу Ваққос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 270та ҳадис ривоят қилдилар. Бу ҳадисларни Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Хавла бинти Ҳакимлардан ривоят қилдилар. Бу зотдан Соиб ибн Язийд, Мужоҳид, Алқама ибн Қайс, Жобир ибн Самура, қизлари Оиша, Омирнинг болалари, Мусъаб ибн Умайр, Иброҳим ибн Абдурраҳмон ибн Авф, Қайс ибн Абу Ҳозим ва бошқалар ривоят қилганлар. Бу киши ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар.

Бу зотнинг кўзлари ҳаётларининг охирида ожиз бўлиб қолди ва ҳижратнинг 55-санасида Мадинадан етти мил узоқликдаги Ақиқ деган жойда вафот этдилар.

Саъд ибн Абу Ваққос жаннатга киришларига башорат берилган, охирги вафот этган саҳобалардан эдилар.


Топ рейтинг www.uz Openstat