Молик ибн Ҳубайра ибн Ҳодий Сукуний ал-Киндий, кунялари Абу Саъийд.
Умавийлар асрида Кинда қабиласининг бошлиқларидан эдилар. Сиффийн урушида Муовия билан иштирок этдилар, Муовияга байъат берилган куни инсонлар орасида хутба ўқиган киши шу зот эдилар.
Ҳижратнинг 48-йили денгиздаги бўлган ғазотда ҳамда Мисрни фатҳ этишда иштирок этдилар. Шу йили Муовия томонидан Ҳимс шаҳрига волий этиб тайинланган эдилар.
Молик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлганлар ва у кишидан кўплаб ҳадислар ривоят қилганлар.
У кишидан Марсад ибн Абдуллоҳ ал-Базаний ривоят қилдилар.
Молик ибн Ҳубайра розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 65-йили, Марвон ибн Ҳакам даврида вафот этдилар.