Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Соффаат сураси

Маккада нозил бўлган. 182 оятдан иборат.

«Соффаат» сўзи «саф тортиб турувчилар» деган маънони англатади. Аллоҳ таоло бу сураи каримани Аллоҳнинг амрини бажариш учун саф тортиб турган фаришталар(ас-соффаат)га қасам ила бошлаган бўлиб, шу сўз сурага ном бўлиб қолган.

Бошқа маккий суралар каби, бу сурада ҳам кишилар қалбида мустаҳкам эътиқодни бино қилиш, уни ширкнинг турли кирларидан тозалаш ҳақида ўзига хос услубда сўз юритилади. Баъзи бир масалаларга алоҳида эътибор берилади. Масалан, арабларда «Аллоҳ билан жинлар орасида яқинлик бор» деган гап кенг тарқалган бўлиб, сурада мана шу хурофий гап муолажа қилинади.

Шунингдек, сураи каримада тавҳид ва ваҳий масаласи ҳам алоҳида тилга олинади.

Мушрикларнинг залолати баёнидан сўнг уларга ўхшаш умматларнинг қиссалари келтирилади. Борлиқдаги мавжуд нарсалардан ўрнак олишга чақирилади.

Сураи карима фаришталарнинг бир неча тоифалари билан қасам ичиш ила бошланади. Сўнгра гап мавзуси жинларга кўчади. Уларнинг ҳақиқати баён қилинади. Арабларнинг «Аллоҳ билан жинлар ўртасида яқинлик бор» деган хурофотлари беҳуда экани фош этилади.

Сўнгра кофирларнинг ўлгандан кейин қайта тирилишга ишонмасликлари масаласига ўтилади. Мўмин банда билан кофир қиссаси келтирилади. Улар ўртасида бу дунёда бўлиб ўтган тортишув эсга олинади. Сўнг натижа баён этилади. Мўмин жаннатга, кофир дўзахга йўл олиши айтилади.

Кейин эса ҳозирда куфр келтираётганларнинг иши янгилик эмаслиги, буларга ўхшаш кофирлар аввал ҳам кўп бўлганлиги ҳақида сўз очилиб, ўтган умматлар, жумладан, Нуҳ, Иброҳим, Исмоил, Мусо, Ҳорун, Илёс ва Лут алайҳиссаломларнинг қиссалари келтирилади. Хусусан, мўмин-мусулмонларни Аллоҳ йўлида фидокорликка чорлаш учун Иброҳим алайҳиссаломнинг ўз жигарбандлари – Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилишга уринишлари қиссаси батафсил келтирилади.

Суранинг охирида Аллоҳ таоло поклаб ёд этилади. У Зот пайғамбарлари ва мўмин бандаларига икки дунёда ҳам нусрат бериши айтилади.


Топ рейтинг www.uz Openstat