Ҳурматли Шайх ҳазратлари! Сизга бир саволим бор эди, агар имкониятингиз бўлса, аниқлик киритиб берсангиз: Сўнгги вақтларда интернет тармоғида жиҳоднинг вожиблиги ҳамда ҳижрат қилиш ҳақида турли мақолалар кўпайиб бормоқда. Бизнинг юртимизда, яъни Ўзбекистонда бунга қандай қараш лозим?
Аввалдан Сизга раҳматимни айтаман!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Саволингиздаги эътиборга сазовор нарсалардан бири интернет тармоғидир. Аслида яхшиликни ўйлаб қилинган бу тармоқ ҳозирда кўпроқ ёмонлик учун хизмат қилдирилмоқда. Жумладан, муқаддас динимизга – Исломга қарши ҳам. Бу тармоққа жойлашиб олган ғаразгўйлар турли услублар билан динимиз ва диндошларимизга кўплаб зарарларни етказмоқдалар. Бунинг далили сифатида ҳозирги мусулмон ўлкаларда кечаётган урушлар, қон тўкишлар ва келишмовчиликларни эслаб ўтишнинг ўзи кифоя. «Мазкур нохушликларнинг барчаси айнан интернет тармоғи орқали уюштирилди ва бошқарилмоқда», дейишади мутахассислар.
Сиз айтган жиҳод ва ҳижрат ҳақидаги маълумотлар ҳам қандай ният билан тарқатилаётганлиги сир эмас. Аммо ўша маълумотларни ким тарқатаётганини билиш осон эмас. Яқинда эълон қилинган маълумотларга қараганда, баъзан биргина мутахассис интернетда ўн ва ундан кўп киши номидан иш юритиб, кишиларнинг бошини айлантира олиши ҳам мумкин экан.
Ғаразгўйлар жиҳод ва ҳижрат каби нозик масалаларда турли гапларни чиқариб, ёшларнинг бошини айлантиришга, уларни алдаб, нотўғри йўлга бошлашга ҳаракат қилишмоқда.
Исломни ва унинг таълимотларини ўрганишнинг асрлар оша тажриба кўрган ўз қоидалари бор. Уни тайини йўқ шахслардан ўрганилмайди. Балки бу динни катта устозлардан ўрганиб, рухсатларини олган тақводор уламолардан ўрганилади. Сиз ушбу саволни ёзиб, жуда яхши қилибсиз. Энди берган саволларингизга қисқача жавоб беришга ижозат бергайсиз.
«Жиҳод» сўзи луғатда инсон томонидан жамики имкониятни ишга солиб, ҳаракат қилиш маъносини англатади.
Шундан келиб чиқадиган бўлсак, мусулмон одам «жиҳод» қилмоқчи бўлса, ўзининг барча куч-қуввати, ақл-заковати ва моддий имкониятларини Аллоҳ йўлида, Унинг дини учун сарфлаши керак бўлади. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, жиҳод сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Уруш араб тилида бошқа сўзлар билан ифода этилади. Уруш маъносини англатиш учун араб тилида асосан «қитол» сўзи ишлатилади.
Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат қилаётган толиби илм мужтаҳид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод қилмоқда, деса бўлади.
Шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб, ҳаракат қилган улкан олимлар ҳам мужтаҳид деб аталган. Ундай кишилар шаръий илмларни ўрганишда бор имкониятларини ишга солганлар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, жиҳод сўзининг луғатдаги хусусиятидан келиб чиқиб, жиҳоднинг турлари ҳам кўпайган ва ўшаларнинг ичида душманга қарши жон-жаҳди билан жанг қилиш ҳам жиҳод дейилган. Аммо ушбу охирги маъно бошқаларидан устун келиб, кейинчалик жиҳод деганда фақат қитол тушуниладиган бўлиб қолган.
Аллоҳ таоло Исломнинг дастлабки босқичида мушриклар билан ақийдавий тортишув қилиб турган Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Фурқон сурасида қуйидаги хитобни қилади:
فَلَا تُطِعِ الْكَافِرِينَ وَجَاهِدْهُم بِهِ جِهَادًا كَبِيرًا
«Кофирларга итоат этма! Уларга қарши у (Қуръон) билан катта жиҳод қил!» (52-оят)
Демак, Қуръон билан катта жиҳод қилинган. Заррача ақли бор одам учун бунда уруш олиб бориш маъноси йўқлигини англаши қийин эмас.
Исломда жиҳод маъноси аввало уруш маъносида эмас, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган ва бу маъно шу мавзуда асос бўлиб қолган.
1. Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Дайламийлар Фузола ибн Убайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«الْمُجَاهِدُ مَنْ جَاهَدَ نَفْسَهُ فِي اللهِ».
«Мужоҳид Аллоҳ таолонинг зотида ҳавои нафсига қарши жиҳод қилган кишидир», деганлар.
«Жомеъул Аҳодийс» китобида (4-жуз, 741-бет) Дайламий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«قَدِمْتُمْ خَيْرَ مَقْدَمٍ، قَدِمْتُمْ مِنَ الْجِهَادِ الْأَصْغَرِ إِلَى الْجِهَادِ الْأَكْبَرِ، مُجَاهَدَةِ الْعَبْدِ هَوَاهُ».
«Кичик жиҳоддан катта жиҳодга – банданинг ҳавойи нафсига қарши қиладиган жиҳодига хуш келдингиз!» деганлар.
Бундан инсоннинг ўз ҳавойи нафсига қул бўлмаслиги, уни енгиб, шариатга мувофиқ яшаш учун жон-жаҳди ила қилган ҳаракати ҳам жиҳод эканлиги, жиҳод бўлганда ҳам, афзал жиҳод эканлиги келиб чиқади.
2. Имом Бухорий ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:
جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَاسْتَأْذَنَهُ فِي الجِهَادِ، فَقَالَ: «أَحَيٌّ وَالِدَاكَ؟»، قَالَ: نَعَمْ، قَالَ: «فَفِيهِمَا فَجَاهِدْ».
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга: «Ота-онанг борми?» дедилар. «Ҳа», деди. «Уларнинг хизматида жиҳод қил!» дедилар».
Демак, ота-онанинг хизмати ҳам жиҳод бўлиши мумкин экан.
Исломнинг дастлабки ўн уч йили давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобалар Маккаи Мукаррамада юқорида зикр қилинган қитол – уруш маъноси бўлмаган жиҳодни олиб бордилар.
Ўша вақтда Аллоҳ таоло мусулмонларга мушрикларга қарши куч ишлатишни ман қилган эди. Шу билан бирга, улардан етган азоб-уқубат ва озорларга сабр қилишга амр қилган ҳам эди.
Фақатгина ҳижратнинг иккинчи санасида Қуръони Карим таъбири билан айтилганда, «Ўзларига қарши уруш очганларга уларга зулм қилингани учун (урушга) изн берилди».
Ана шундай қилиб, ҳижрати набавиянинг иккинчи санасидагина Аллоҳ таоло мусулмонларга ўзларини ҳимоя қилиш учун қўлларига қурол олишга изн берди.
Жиҳод ҳақидаги оятларнинг барчасини ўрганиб чиққандан сўнг маълум бўладики, Исломда жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради.
Жиҳод икки қисмдан иборат: талаб ва мудофаа.
Талаб жиҳоди ҳозир йўқлигига уламолар ижмоъ қилишган. Чунки ҳозирда ҳамма давлатлар урушмасликка келишганлар ва ўзаро алоқалар ўрнатиб, элчихоналар очганлар. Мудофаа жиҳоди душманлар мусулмон юртга уруш қилиб, бостириб киришса, ҳимоя учун бўлади.
Баъзи бир ҳолатлар бўладики, унда уруш қилиш билан қилмаслик тенг бўлиб қолади. Яна бир ҳолатларда тинчлик учун ҳаракат қилиш зарур бўлади. Буларнинг ҳукми катта уламолар томонидан шаръий манбаларда баён қилинади.
Жиҳоднинг ўзига яраша қоидалари бор. Қурол ишлатиш бугунги кунда мусулмонларга фойда бериш-бермаслигини яхшилаб мулоҳаза қилиб кўриш керак. Ҳар бир ишни қилишдан олдин мусулмонлар оммасига фойда келтирадими, йўқми, яхшилаб ўйлаш лозим.
Суриялик машҳур олим Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутий жиҳод ҳақида китоб ёзиб, «Бугунги кунда жиҳод чақириғи билан чиқаётганларнинг гаплари ҳам, ишлари ҳам ҳақиқий жиҳоддан йироқ», деган фикрни олға сурдилар.
У киши сиз айтган интернет тармоғида жиҳод ва ҳижрат ҳақида сафсата сотаётганларни қаттиқ танқид қиладилар.
Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий ҳазратлари куч ишлатишни «жиҳод» деб даъво қиладиганларга қарши таълиф қилган «Ал-Жиҳод фил Ислом» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:
«Мен бу асрда баъзи бир доиралар наздида янги Ислом туғилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман. У Аллоҳнинг ҳузуридан ваҳий бўлиб тушмайди. Лекин баъзи одамларнинг фикрлари ва мижозларидан келиб чиқади. Унинг ҳукмлари шаръий далиллар ҳукми билан бирлашмайди ва уларнинг ҳужжатига бўйсунмайди. У фақат баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки шаҳвату ҳавойи нафснинг султонидан келиб чиқади.
Бугунги кунда Ислом олами гувоҳ бўлиб турган нарса ўша янги Ислом «элчи»ларининг тинимсиз ҳаракатларидан келиб чиққан нарсалардир. Биз уни аввал билмаган эдик. Улар ўзларининг Исломини ҳозиргача биз Аллоҳдан ваҳий бўлиб келган, деб билган Исломнинг ўрнига қўймоқчилар.
Биз билган Ислом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари баёни, қатъий шаръий далиллар, собит фиқҳий қоидалар, мусулмонларнинг барча авлодлари илмларининг кенглигига ва фаҳмларининг дақиқлигига гувоҳлик берган салаф уламолари жумҳурининг ижтиҳодлари тақозо қилган нарсаларни лозим тутишдан иборатдир».
«Мазкур фикр ва мижоз Исломи уни ихтиро қилганларнинг даъвоси бўйича, гўёки Қуръон, Суннат ва салафи солиҳларнинг ҳукмининг фиқҳи эмиш. Аммо улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни «шариат рухсат берган иш», дейдилар.
Улар исломий маҳкама томонидан зиммаларига бирор айб қўйилмаган муслима қизларни сўйиб ташлашни «шариат рухсат берган иш», дейдилар.
Улар Батна шаҳридаги шаръий илмлар маъҳади мудирини ҳеч айби бўлмаса ҳам қатл қилиб юборишни «шариат рухсат берган иш», дейдилар.
Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги беайб инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам «шариатда бор иш», дейдилар.
Ҳар биримиз кўзларимизни юмиб олиб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бугун ичимизда юрибдилар», деб хаёл қилайлик. Ул зот мазкур мажозий Исломга рози бўладиларми?! Уни қабул қилиб, бошлиқ бўлиб, унга даъват қиладиларми?
Биттаси менга қуйидагиларни ёзибди: «Сизнинг собит фиқҳий ҳукмларни ёзаётганингиз тўғри. Лекин улар одамлар ичида эълон ва нашр қилинса, ҳокимларга мазкур ишларни қилаётганларга зарба бериш учун ҳужжат бўлиб қолади-ку!»
Яъни, ўша одамлар ўзларининг ваҳшиёна ишларини қилиб юраверсинлар. Аллоҳнинг динига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларига хилоф бўлса ҳам майли. Биз кўнглимизни кенг тутиб, «уфф», ҳам демай тураверишимиз керак. Бунинг устига, Исломни ҳам сукут сақлашга мажбур қилишимиз, ўша ваҳшийликлар ҳақида унинг ҳукмини сўрамай туришимиз лозим, токи ҳокимлар мазкур ваҳшийликларни тўхтатишни баҳона қилиб, уларни қилувчиларнинг қўлига урмасинлар!» (Иқтибос тугади)
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз ўз ватанимиз Ўзбекистонда бу каби нотўғри фикрлар тарқалишининг олдини олишимиз керак. Уламоларимиздан сўраб, ўрганмай туриб, интернет тармоғига ишониб қолмаслигимиз лозим. Умуман, ёшларимиз ғаразгўйларнинг алдовига илиниб қолмасликлари учун барча маърифий чораларни кўришимиз зарур. Бунинг учун китоблар, маърузалар, овоз ва суратли ёзувлар ҳамда интернетни ҳам ишга солишимиз керак. Акс ҳолда савоб қилмоқдаман, деб, гуноҳга дучор бўлиб қолишимиз ҳеч гап эмас.
ҲИЖРАТ МАСАЛАСИ
Ҳижрат масаласи ҳам ўта нозик масалалардан ҳисобланади. Шу сабабдан ғаразгўйлар бу масалани ҳам ишга солиб, кишиларимизнинг бошини айлантириб, уларни турли нохушликларга гирифтор қилишга уринишади.
Мен сизнинг саволингизга ўзимнинг «Васатия – ҳаёт йўли» деб аталган китобимдан олинган иқтибослар ила жавоб бермоқчиман:
Ақийдада ҳаддан ошиб, ғулувга кетганлар одамлар ичида «ҳижрат қилмаганлар кофирдир», деган гапни кенг тарқатишган. Жуда кўп кишилар бу масала ҳақида катта ташвиш билан савол берадилар. Уларга масала далил ва ҳужжат билан тушунтирилмаган. «Кофир юртда ёки дорул ҳарбда туриш куфрдир, ҳижрат қилиш фарздир», деган фикр уқтирилган, холос. Аммо қайси далил буни тақозо қилишининг ва энг муҳими, ҳижратнинг қаерга қилинишининг баёни келмаган.
Аслида эса бу фикрни олдинга сурганларнинг бошлиқлари қуйидаги далилларни келтирадилар.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида шундай марҳамат қилади:
إِنَّ الَّذِينَ تَوَفَّاهُمُ الْمَلَائِكَةُ ظَالِمِي أَنفُسِهِمْ قَالُوا فِيمَ كُنتُمْ قَالُوا كُنَّا مُسْتَضْعَفِينَ فِي الْأَرْضِ قَالُوا أَلَمْ تَكُنْ أَرْضُ اللَّهِ وَاسِعَةً فَتُهَاجِرُوا فِيهَا فَأُولَئِكَ مَأْوَاهُمْ جَهَنَّمُ وَسَاءَتْ مَصِيرًا
«Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар: «Нима ҳолда эдинглар?» дерлар. «Ер юзида хўрланган эдик», дерлар. «Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, ҳижрат қилсангиз бўлмасмиди?!» дерлар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. У нақадар ёмон борар жой!» (97-оят).
عَنْ حَكِيمِ بْنِ مُعَاوِيَةَ، عَنْ أَبِيهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «كُلُّ مُسْلِمٍ عَلَى مُسْلِمٍ مُحَرَّمٌ، أَخَوَانِ نَصِيرَانِ لَا يَقْبَلُ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ مِنْ مُشْرِكٍ بَعْدَمَا أَسْلَمَ عَمَلًا، أَوْ يُفَارِقَ الْمُشْرِكِينَ إِلَى الْمُسْلِمِينَ». رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَابْنُ حِبَّانَ.
Ҳаким ибн Муовия отасидан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмоннинг бору буди мусулмонга ҳаромдир. Улар иккиси бир-бирига ёрдамчи биродардирлар. Аллоҳ азза ва жалла мушрикдан мусулмон бўлганидан кейин токи у мушрикларни тарк қилиб, мусулмонларга келмагунича амални қабул қилмайди», дедилар».
Насоий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилганлар.
Уларнинг гапларига раддия:
Улар далил қилиб келтираётган оят ва ҳадис қўрқитиш маъносидаги матнлардандир. Бу каби оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариш учун асл ҳукмларга қайтилади. Асл ҳукм бўйича, аҳли тавҳид дўзахда абадий қоладиган кофир бўлмайди.
Имом Муҳаммад ибн Исмоил Санъоний ўзининг «Субулус Салом» номли машҳур китобида юқоридаги ҳадис ва унинг маъносидаги бошқа ҳадисларни шарҳлаб бўлганидан кейин қуйидаги ҳадиснинг шарҳида айтади:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَا هِجْرَةَ بَعْدَ الفَتْحِ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ», дедилар».
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.
«Бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир… Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор қилмаганлар», дейдилар.
Бу такфирчиларнинг гапига кучли раддиядир.
Сўнгра Имом Санъоний Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусулмонларнинг раҳбари сифатида бошқаларга таклиф қиладиган ишлари ҳақидаги ривоятни келтирган ва қуйидаги жумлага урғу берган:
«Агар улар ҳижрат қилишдан бош тортсалар ва ўз диёрларида турмоқни ихтиёр қилсалар, уларга билдирким, алар худди мусулмон аъробийлар каби бўлурлар, уларга ҳам мўминларга жорий бўлган Аллоҳнинг ҳукмлари жорий бўлгай».
Албатта, ҳижратга тегишли оят ва ҳадислар фақат юқорида зикр қилинганлардангина иборат эмас. Ушбу масала бўйича уларнинг ҳаммасини ўрганиб чиққан уламолар бу ҳукмни батафсил баён қилганлар.
Ҳозирги кунда деярли барча мамлакатлар ўртасида тинчлик сулҳлари тузилган. У ерларда яшаб турган мусулмонларни қандай қилиб кофирга чиқариш мумкин?
Ҳамаср уламоларимиз аслида мусулмонларнинг номусулмон бўлган ғарбий давлатларда яшашлари, ишлашлари ва ўша давлат фуқаролари бўлишларига фатво берганлар.
Шундай экан, аслида мусулмон бўлган юртларда намозини ўқиб, рўзасини тутиб, бошқа ўзига фарзи айн бўлган ҳукмларга амал қилиб юрган мусулмонларга «Ҳижрат қилмасанг, кофир бўласан!» дейиш қаердан чиққан?!
Иккинчидан, аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, «Ҳижрат қилмаган кофир бўлади», деб айтаётганларнинг ўзлари қаерга ҳижрат қилиш кераклигини айтиб бера олмайдилар. Зотан, уларнинг фикрига биноан, ҳозир ҳамма мамлакатлар дорул куфр. Улар ўзлари қурган ҳарбий қароргоҳларга ҳижрат қилишни ва ўша ердан ҳужум уюштириб, ўзлари режа қилаётган хаёлий давлатни қуришни таклиф қиладилар. Ана, гап қаерда!»
Зиёратчилардан бири ўзига керак бўлган бир неча саволлардан кейин жиддийроқ савол борлигини айтди.
«Қани, эшитайлик-чи, қандай савол экан ўзи?» дедим.
«Баъзи биродарлар: «Ҳозир ҳижрат қилиш фарз, бусиз иш битмайди», дейишмоқда. Бунга нима деймиз?» деди.
«Ҳижрат қилиш фарз бўлса, нима учун ўзингиз уни қилмай юрибсиз?» демадингизми?» дедим.
«Бу нарса эсимга келмабди. Аммо у одам жуда қаттиқ туриб, «Шу ишни қилиш керак», деб уқтирмоқда», деди.
«Фарзи айнларни адо этишга имкон бўлса, ҳижрат фарз бўлмайди. Бу гапни аввал нима қилса, қилиб юрганлар ўзларидаги нуқсонни хаспўшлаш учун айтишади. Улар шундай қилсалар, гуноҳлари енгиллаб қоладиганга ўхшайди. Сизлар тушуниб олдингиз, унга ўхшаш гапларга эътибор берманглар», дедим.
«Ҳақиқатан, ўша одам ҳар хил ишларни қилиб юрарди. Сирни энди тушундим», деди мийиғида кулиб зиёратчи.
Бугунги кунда динда мана шу турдаги ҳаддидан ошганлар бизда жуда ҳам кўп. Улардан жуда эҳтиёт бўлиш керак.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077