Ассалому Алайкум ҳурматли шайх ҳазратлари. Бази бир китобларда айтилишича, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний(1103-1179) Хамадоний таълимотини ҳар томонлама бойитиб амалиётга зикри хуфияни олиб кирди ҳамда Хожагонликни 8-таРашхасини(қонун-қоида) шакиллантириб берди. Айтингчи ушбу қонун қоидалар нималардан иборат ва уларга нималаркиради? Жавобингиз учун олдиндан рахмат.
– Ва алайкум ассалом! Бир куни Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний раҳматуллоҳи алайҳи ўз устозларига Аъроф сурасидаги «Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас» ояти ҳақида «Махфийликнинг ҳақиқати ва хафий зикр қандоқ бўлур? Агар инсон зикр ва дуони ошкора қилса, риёкорлик хавфи бор. Орага риё киргач ҳақиқий зикр ва дуо бўлиши мумкин эмас», дедилар.
Бу ва бунга ўхшаш фикрлар самараси ўлароқ Аллоҳ таолонинг инояти ила у киши нақшбандия тарийқатида зикри хафий ва вуқуфи ададий жорий бўлишига сабаб бўлдилар.
Шунингдек, «нафий ва исбот» йўли ила бўладиган зикр ҳам айнан Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний раҳматуллоҳи алайҳининг номлари ила боғлиқдир. Бунда бошни эккан ҳолда нафасни тутароқ еттидан йигирма бир мартагача «лаа илаҳа иллаллоҳ»ни қалбдан зикр қилиш ила бошланур. Бу ҳам зикри хафий, ҳам нафйи исбот ва ҳам ҳаққоний муроқабадир.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний раҳматуллоҳи алайҳи йигирма ёшларида шайх Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари ила кўришдилар ва у зотдан дарс ола бошладилар. Кейинроқ кўзга кўринган машойихларнинг бирига айландилар.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний раҳматуллоҳи алайҳи нақшбандия тарийқатида ўн бир асосга эга бўлган дастур ишлаб чиқдилар. Бу дастурнинг сайри сулукка кирган ҳар бир кишига билиш жуда ҳам зарурдир:
1. Хуш дар дам.
Хуш сўзи ақл-хуш, хушёрлик маъноларини, дам эса нафас маъносини билдиради. Бу шиордан ҳар бир олинган ва чиқарилган нафасда хушёр бўлиш, Аллоҳни эсдан чиқармаслик маъноси ўз аксини топган. Яъни, сўфий ҳар нафасида Аллоҳни ёд этиб туриши лозим.
2. Назар ба қадам.
Қадамга назар солиш. Бу шиорга биноан сўфийга юрганда доимо оёғининг учига назар солиб юриши тавсия қилинади. Яъни, турли ҳаром нарсаларга назари тушишининг олдини олиш лозим.
3. Сафар дар ватан.
Ватанга сафар қилиш. Бу шиорда ҳар одимда аслига ва Ҳаққа сафар қилиш маъноси бўлиши кераклиги олдинга сурилган.
4. Хилват дар анжуман.
Анжуманда хилват қилмоқ. Бу шиорда сўфий ўзи халқ ичида турган бўлса ҳам Ҳақ билан холий бўлиш малакасига эга бўлиши кўзда тутилган.
5. Ёд кард.
Ёд эт. Бу шиорда нафасни тутиб туриб тил ва дил билан бирданига тавҳид зикрини қилиш кўзда тутилган.
6. Бозгашт.
Сўнгра ўт. Бу шиорда мақсад ва матлаб фақатгина Аллоҳнинг ризоси бўлиши розилиги кўзда тутилган. Бунда солик зикр қилиб бўлгач «Илоҳи анта мақсуди ва ризока мақсуди» дейди ва бунинг маъносини ўйлайди. Бунинг маъноси эса, Илоҳим, Сен мақсудимсан ва розилигинг матлубимдир, деганидир.
7. Нигоҳ дошт.
Нигоҳ сол. Бу шиорда қалбни хавотирдан сақлаш кўзда тутилган. Бу орқали қалбга Аллоҳнинг муҳаббатидан бошқа нарса кирмаслиги таъминланади.
8. Ёд дошт.
Ёдга ол. Бу шиорда ҳар лаҳзада Аллоҳ таолони ёдда тутиш кўзда тутилган.
9. Вуқуфи замоний.
Замондан воқиф бўлмоқ. Бу шиорда солик ўзи яшаётган замонни билмоғи ва ундан унумли фойдаланмоғи кўзда тутилган.
10. Вуқуфи ададий.
Ададдан воқиф бўлмоқ. Бу шиорда сўфий зикр қилишда унда талаффуз қилинадиган лафзларнинг ададига алоҳида эътибор бериши кўзда тутилган.
11. Вуқуфи қалбий.
Қалбдан воқиф бўлмоқ. Бу шиорда қалбни Аллоҳнинг зикри, фикри ва амри ила машғул қилмоқ ҳақида сўз кетади.