– Ва алайкум ассалом! Бундай ўринда ҳатто ёлғон гапиришга ҳам шариатда рухсат берилган.
عَنْ أَبِي أَيُّوبَ الْأَنْصَارِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يَحِلُّ لِرَجُلٍ أَنْ يَهْجُرَ أَخَاهُ فَوْقَ ثَلَاثِ لَيَالٍ، يَلْتَقِيَانِ فَيُعْرِضُ هَذَا وَيُعْرِضُ هَذَا، وَخَيْرُهُمَا الَّذِي يَبْدَأُ بِالسَّلَامِ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«(Мусулмон) кишига ўз биродаридан уч кечадан ортиқ аразлаш ҳалол эмас. Учрашиб қолсалар, бу ҳам юз ўгириб кетади, у ҳам юз ўгириб кетади. Икковининг яхшироғи саломни бошлаганидир», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Исломда биров билан сўкишиш, уришиш, жанжал қилиш гуноҳ ҳисобланади. Бандачилик қилиб, уришиб, жанжаллашиб, гуноҳкор бўлиб юрганларнинг бир-бирларига нисбатан адоват сақлаб, аразлашиб юришлари гуноҳ устига гуноҳдир. Жаҳлдан тушиб, ўзларига келишлари учун уришган тарафларга уч кун муҳлат берилган. Ўша муҳлатдан кейин ҳам аразлашиб, бир-бирини кўрганда юз ўгириб кетиш ҳаромдир. Ўртада юзага келган ноқулай ҳолатдан чиқишни ўз бўйнига олиб, қарши томонга биринчи салом берган одам яхши одам бўлади. Валлоҳу аълам!