Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Маслаҳатли савол!

00:00 / 30.08.2011 | eski savollar | 4288
Ассалому алайкум Шайх Ҳазратлари! Аввало сизни кириб келган Рамазон Ҳайит байрами билан табриклайман! АЛЛОҲ умрингизни узоқ қилиб, халқимиз учун қилаётган хизматларингизни бардавом қилсин! Кейинги ийд байрамларига ҳам соғ-омонликда, мўмин-мусулмон холимизда етиб олишимизни Ўзи насиб этсин!Ҳазрат, сизга бир акахонимнинг бугунги ҳолатини айтиб ўтмоқчиман. Ўқиб чиқиб, маслаҳат берсангиз дегандим. Чунки унинг ўзи шуни илтимос қилди. (Акахонимнинг ўзи сизга мурожаат қила олмади. Сабаби, у қишлоқда истиқомат қилади, боз устига, компьютер техникасини яхши тушунмайди. Сайтга кириб ишлашни-ку, умуман билмайди). Ўзим Тошкентда ишлаб, шу ерда яшайман. Охирги марта ота-онамни кўриш учун қишлоққа борганимда акахоним камина билан узоқ вақт дардлашди. Очиғи, ўзимнинг ҳаётдаги вазиятим акахонимникига яқин, деб тахмин қилардим. Билсам, акахоним анча қийин ҳолатда умргузоронлик қилаётган экан. Ҳазрат, акахонимнинг исми Шерзод! 30 ёшни қаршилаб қўйган. Оилали ва уч нафар фарзанди бор (бир ўғил, икки қиз). АЛЛОҲ барча нарсага қодир зот, бир вақтлар залолатда юрган акахоним (худди ўзимга ўхшаб) тўғри йўлни топиб, оиласигача ислоҳ қилди. Аниқроғи, турмуш ўртоғи рисоладагидек кийинди, фарзандларига энг тўғри йўлни тушунтирган ҳолда тарбия қилмоқда. Диндан узоқда юрган аёл кишига шариат ҳақида гапирсангиз сизни индамай эшитиши мумкин, аммо амалга келганда, уларни тўғри йўлга солиш анча қийин. Ҳамма нарса АЛЛОҲнинг қўлида! (Ўзим уйланмаганман, ота-онам қишлоқдан келин қиламиз дейишган, бироқ шу вақтгача рисоладигидек кийинишга, тўйнинг барча шартларига рози бўладиган қизни учратмадим. Барчаси тўйдан кейин барча шартларингизни бажарамиз дейди). Бу акахонимнинг аёли рисоладагидек кийиниб, исломнинг бошқа рукнларига ҳам амал қилаётгани акахонимнинг катта бахти бўлса керак. Сабаби, қишлоғимизда анчагина илмли акахонлар бор, лекин уларнинг аёлларини юриш-туришига ҳавас қилиб бўлмайди. АЛЛОҲ қалбига солмаса қийин экан. Яна бир гап: залолатда юрган инсон хатоларини тушуниб, тўғри йўлга ўтиши мумкин. Хусусан, намоз ўқиб, рўза тутади. Аммо исломнинг қолган шартларига амал қилмайдиганлар талайгина. Э унақа ишни қилиш яхшимас, десангиз, “жа берилиб кетмаслик керак, замон-маконга ҳам қараш лозим”, дейди. Аламлиси, ўшалар ҳам намоз ўқиди, сиз-у, биз ҳам. Энг ёмони, ҳали АЛЛОҲ қалбига ҳидоят солмаганлар бу икки хил намозхонни кўриб, биттасини ёмон отлиғ қилиб қўйиши мумкин (Барча шартларга амал қилаётганларни назарда тутяпман). Акахоним ундайлардан эмас, Алҳамдулиллаҳ! Тўғри, камчиликлари бор, аммо билиб туриб динга зиён етказадиган мутаасиблардан эмас. Шунинг учун ҳам уни ҳурмат қиламан! Энди вазиятни янада аниқлаштиришни бошласам. Акахоним бир хонадонда, онаси ва укаси билан бирга яшайди. Укасининг ҳам оиласи бор. Ука ҳам, она ҳам исломдан анча узоқда. Дадаси вафот этганига анча йиллар бўлган. АЛЛОҲ у кишини ўз раҳматига олган бўлсин. Ҳазрат, ўзингизга маълум, Собиқ Иттифоқ даврида тарбия топган ота-оналаримиз диндан узоқда катта бўлишган. Шу боис, улар билан дин борасидаги муомалада озгина эҳтиёт бўлиш керак. Шахсан камина ҳам ота-онам билан дин борасидаги муомалада анча қийналаман. Лекин Алҳамдулиллаҳ, сизнинг кўрсатмаларингиз орқали секин-асталик билан яхши натижаларга эришяпман. Хуллас, у акахонимнинг онаси 70 ёшни қаршилаб қўйган бўлса-да, пешонаси саждага тегмаган. Исломнинг қолган рукнларини бажариш ҳақида деярли ўйламайди. (Айтганча, мен бу гапларни ўша акахонимнинг айтганлари асосида ёзяпман). Акахонимнинг онасига айтган барча гаплари-ю, илтимослари бесамар кетмоқда. Ука ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Бундай оилада истиқомат қилиш ҳар қандай мўмин-мўмина учун осон эмас. Тўғри, динни тушунмаганларга яхши муомала қилиб вазиятдан чиқиш мумкин. Лекин сизга нисбатан ҳар гапда пичинг ишлатилса, ислом арконларини бажаришингизга вақти-вақти билан тўсқинлик қилинса, бундан ёмони йўқ. Ўша акахоним бугун шундай ҳолатда яшамоқда. Энг ёмони, оилада ҳеч ким ишламайди. Аниқроғи, расмий равишда ҳеч ким ишламайди. Оиладагилар онанинг ва фарзандларининг нафақа пулига кун кечиришади. Тўғри, қишлоқ шароитида бўлгани учун озгина ер бор, ўшанга экин экишади. Лекин ҳар кунги еб-ичиш учун даромад керак. Ердан бир йилда бир узоғи икки марта даромад олинади. (Шундай ҳолатда ҳам акахонимнинг аёли сабр қилиб, бирга яшаб келаётгани кўплаб аёлларимизга ибрат бўлиши керак, назаримда) Акахоним алоҳида яшай деса, яшаш учун уй-жой йўқ. Сотиб олишга эса, пул йўқ, бори етмайди. Нима қилишга боши қотган. Нега ижарага кўпроқ ер сотиб олиб, деҳқончилик қилсангиз бўлмайдими, десам, даромад олгунингизча, пул сарфлашингиз керак, деб миқдорини ҳисоблаб берди. Ўша пулни қаердан оламан, деб саволимга савол билан жавоб қайтарди. Ҳеч ким менга ерни ва пулни шундайгина бериб қўймайди-ку, деди. Бу гапларда ҳам жон бор. Акахонимнинг айтишича, бошқа жойлардан иш чиққан, лекин сўнгги паллада уни ишга олишмаган. Нимагалиги ўзи билмайди. Ҳатто хорижга бориб ишлашга ҳам таклиф бўлган, бироқ... Акахоним менга “Ука, мени бахтим бор, лекин омадим йўқ. Бахтим, оилам – аёлим ва фарзандларим. Омадим йўқлиги – ишсизлигим. Биламан, АЛЛОҲ барибир бир кун менга ҳам беради, аммо қачон? Умрим ўтиб кетяпти. Эрта-индин фарзандларим катта бўлади. Кейин нима қиламан? Балки исмимни ўзгартиришим керакдир? Ҳазратдан, сўраб кўрингчи, Шерзод исмидан фойдаланса бўладими? Кейин устознинг дуосини ҳам олиб беринг. Зора, олим устозимизнинг дуосидан кейин ишларим юришиб кетса. Бу йил экиб парвариш қилаётган маккажўхорим шамолда йиқилиб, нобуд бўлди. Бу ҳам омадсизлигимдан дарак бўлса керак. Ҳамма нарса АЛЛОҲдан. Иложим йўқ, нима ҳам қила олардим ”. Бу акахонимнинг охирги сўзлари. Ҳазрат, гапни узундан-узоқ қилиб чўзиб юборганим ва қимматли вақтингизни олганим учун сиздан минг бор узр сўрайман! Шунчаки, вазиятни аниқ тушунтирай дегандим. Устоз, юқоридагиларни ўқиб чиқиб, маслаҳатингизни беринг. Айтганча, Шерзод исми ҳақида ҳам фикрингизни билмоқчимиз. Акахоним, Ҳазратнинг дуосини олмоқчиман деса, айрим илмли кишилар, бировга дуо қилдириш ширкнинг бир тури дебди. Камина сизнинг дуо ҳақидаги маърузаларингизни эшитиб, бунга жавоб олганман. Буни акахонимга ҳам тушунтирдим, аммо бундай гапларни тарқатадиганларни қачон тушунар экан, ҳайронман! Ҳазрат, ҳаммамиз сиздан ҳаққимизга дуо қилишингизни сўраймиз! Ва ўзимиз ҳам ўша дуога лойиқ инсон бўлишга ҳаракат қиламиз. Устоз, ёзганларимдан ўзимнинг бирон бир камчилигимни сезган бўлсангиз, шуни билдирсангиз дегандим. Инша АЛЛОҲ ўша камчиликларни бартараф қилишга ҳаракат қиламан! Олдиндан катта раҳмат! АЛЛОҲ ҳаммамиздан РОЗИ бўлсин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Исмнинг ўзгартиришнинг кераги йўқ. Фикрни ўзгартириш керак. омадсизман деган гапни хаёлдан чиқариш лозим. Аллоҳдан астойдил сўраб қўлдан келган ҳаракатни қилиш зарур. Аллоҳ Ўзи ёрдамчи бўлсин! Барча ишларини осон ва равон қилсин!

Топ рейтинг www.uz Openstat