Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, рўза тутишга узрли бўлганлар қуйидагилар;1. Ўта қари кишилар.2. Ҳомиладор аёллар. 3. Эмизукли аёллар.4. Мусофирлар.5. Беморлар.Уламоларимиз яна қуйидаги тоифаларни ҳам узрлиларга қўшганлар;6. Очлик ва чанқоқ оқибатида ҳолдан тойганлар.Ўта қаттиқ очлик ёки чанқоқ оқибатида ҳалок бўлиш даражасига келган, ақлига ёки бирор аъзоси кетиши хавфи туғилган киши ҳам рўза тутишдан узрли ҳисобланади. У ҳам кейин қазосини тутиб беради. Чунки Аллоҳ таоло «Ва ўзингизни қўлингиз ила ҳалокатга отманг», деган.7. Мажбурланган шахс.Бировни ўлдириш ёки аъзоларидан бирини ишдан чиқариш ила таҳдид солиб рўзасини очишга мажбурланса у ҳам узрли ҳисобланади. Қазосини кейин тутиб беради. Аёл кишини зўрлик ила номусига тегилса ҳам қазосини тутиб беради. Ибн Аббосдан ривоят қилинади:«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:«Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан хатони, унутилган ва мажбур қилинган нарсани кечиргандир», дедилар». Ибн Можа ривоят қилган.Бир одамни бошқалар куч билан мажбуран гуноҳ ишни қилдирса, мажбур қолган одамга гуноҳ бўлмайди. Мажбур қилувчилар эса гуноҳкори азим бўладилар. Мажбур қилиб рўзасини очириш, намоз ўқитмаслик, динга қарши гапларни айтдириш ва бошқалар, шунга киради.Шу билан бирга, мажбурлаш мажбур қилинаётган одамнинг жонига ёки бирор аъзосига таҳдид солиши шарт. Бундан паст даражадаги мажбурлаш гуноҳ ишни қилаверишга йўл очмайди. Фақат ўлим хавфи ёки танасидаги аъзоларидан бирининг йўқ бўлиши, майиб бўлиши хавфигина шаръий эътибордаги мажбурлаш ҳисобланади. 8. Машаққатли касб эгаси.Агар касбини тарк қилса куни ўтмайдиган бўлса ва рўза тутса касбини қила олмай қолса узрли ҳисобланади. Бу тоифага нонвой, темирчи ва кон ишчилари кабилар киради. Улар саҳарликни қилиб рўзани ният қиладилар. Иш давомида ҳоллари чатоқ бўлиб қолса рўзани очиб, кейин қазосини тутадилар.