Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ота она учун дуо

17:00 / 15.03.2020 | Бобур | 3276

Ассалому алайкум! Ота онам учун уларга иймон, исломий талим, гунохларини кечиришликни, яхши амалларга чақиришликни Аллоҳдан сўраб қандай дуо қилсам бўлади? Ва бу дуони қай махал ўқиганим афзал?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло Қуръони каримда ота-она ҳаққига қандай дуо қилишни таълимини бериб, “Исро” сурасида қуйидагича марҳамат қилган: 

وَقَضَى رَبُّكَ أَلاَّ تَعْبُدُواْ إِلاَّ إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِندَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلاَهُمَا فَلاَ تَقُل لَّهُمَآ أُفٍّ وَلاَ تَنْهَرْهُمَا وَقُل لَّهُمَا قَوْلاً كَرِيمًا۝ 

23. Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «Уфф», дема, уларга зажр қилма ва уларга карамли сўз айт!
Олдинги оятда Аллоҳга ширк келтиришдан қайтарилган бўлса, бу оятда ягона маъбудга – Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этилмоқда. Ундан сўнг, бевосита ота-онага яхшилик қилиш буюрилмоқда.
«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди».
Бу Аллоҳнинг бандаларига амри, буйруғи, фармонидир; бу бандаларнинг ихтиёрига ташлаб қўйилган иш эмас. Хоҳласа қилиб, хоҳламаса қилмайдиган ҳаваскорлик ҳам эмас. Қариб, ҳеч нарсага ярамай қолганда юзланадиган кўнгил хоҳиши ҳам эмас. Бу амр Аллоҳ таолонинг қатъий ва ўзгармас буйруғидир. Бу буйруқни бажариш ҳар бир банданинг бурчидир.
Аллоҳнинг ибодатидан кейинги келадиган иш ота-онага яхшилик қилишдир. Бу ҳам Аллоҳнинг амри. Аллоҳ таоло ўзига ибодат қилишга чақирган амрдан кейин, шу жумланинг давомида ота-онага яхшилик қилишни таъкидламоқда. Бу икки ҳукмнинг бир оятдаги бир жумлада баён қилинишининг ўзиёқ Исломда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади.
«Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «Уфф», дема».
Бу жумланинг «уфф» сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Бир маъноси – «Ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма», дегани бўлса, иккинчи маъноси – «Ота-онанг олдида «Уфф», дема, улар «Болам оғир ҳолга тушибди», деб озорланадилар» деганидир.
«...уларга зажр қилма ва уларга карамли сўз айт!»
Ота-онангга ҳеч бир озорни раво кўрма! Қандай яхши сўз бўлса, ўшани ота-онангга раво кўр!

 وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُل رَّبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا۝ 

24. Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва: «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», – деб айт.
Фарзанд ота-онанинг ҳузурида ўзини қанчалик хокисор тутса, шунчалик яхши. У бутун меҳрини хокисорлик ила ота-онасига пояндоз қилса ҳам оз. Шу билан бирга, доимо уларга Аллоҳ таолодан раҳм-шафқат тилаб, дуо қилиб туриши лозим.
Ота-онани ҳурматлаш, эъзозлаш масаласида ҳеч бир тузум ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Ота-онанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар ва ҳадислар бу борада дунё тарихида мисли кўрилмаган олиймақом нарсалар экани маълум ва машҳурдир. Хусусан, бу оят ва ҳадисларни, илоҳий кўрсатмалар ва исломий ҳикматларни ҳаётга татбиқ қилган мусулмонларнинг ота-оналарига кўрсатган юксак эҳтиромлари ва фидойиликларига тарих шоҳиддир.
Ҳофиз Абу Бакр Баззор Бурайда розияллоҳу анҳудан, у киши ўз оталаридан қилган ривоятда қуйидагилар келтирилади:
«Бир одам зиёратда онасини кўтариб юриб, тавоф қилдираётган экан. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
– Онамнинг ҳаққини адо қилдимми? – деб сўрабди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Йўқ, бир оҳ тортишининг ҳаққини ҳам адо қилганинг йўқ, – деган эканлар». ("Тафсири Ҳилол" китобидан).  Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat