Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Саволни тўғри бериш хақида

11:35 / 28.04.2020 | Oddiy bola | 1487

Ассалому алайкум! Мен бир ахли илм устознинг амру маъруфларида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир хадисларини эшитган эдим тўлиқ холатда эсимда йўқ. Фақат мазмуни эсимда қолган. Сахобалар савол беришганида "Хадеб савол бериб диниларни қийинлаштириб олманглар худди ғайридинлардек" дейилган, шундан кейин сахобалар бирон савол сўрамоқчи бўлишса Мадина ташқарисидан бирон кишини келишини кутиб туришар экан. Илтимос шуни шархлаб берсангизлар, хозирги кунда биз савол беришда қандай йўл тутишимиз лозим?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Моида” сурасида марҳамат қилади: 

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَسْأَلُواْ عَنْ أَشْيَاء إِن تُبْدَ لَكُمْ تَسُؤْكُمْ وَإِن تَسْأَلُواْ عَنْهَا حِينَ يُنَزَّلُ الْقُرْآنُ تُبْدَ لَكُمْ عَفَا اللّهُ عَنْهَا وَاللّهُ غَفُورٌ حَلِيمٌ۝ 

101. Эй иймон келтирганлар! Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар. Агар сизга изҳор қилинса, ўзингизга ёмон бўладир. Агар улар ҳақида Қуръон нозил қилиниб турган чоғда сўрасангиз, сизга изҳор қилинадир. Аллоҳ уларни афв қилди. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта ҳилмлидир.
Бу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида кўплаб ривоятлар бор. Улардан бирини юқорида зикр қилдик. Аслида бу оят ўша пайтда кенг ёйилган бир одатни муолажа этиш учун нозил қилингандир.
Эндигина жоҳилият замонидан чиқа бошлаган одамларнинг табиати ҳар хил бўлган. Улар орасида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлар-бўлмас саволлар билан мурожаат қилувчилари ҳам мавжуд экан. Баъзилари ўзини кўрсатиш учун, баъзилари фитна қўзиш учун ва яна бошқалари фаросати етмаганидан ҳам савол бераверар экан. Ўша пайтдаги воқеъликни тасвирловчи ривоятларда бу ҳол яққол кўзга ташланиб туради.
Имом ибн Жарир Тобарий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар зикр қилинади:
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланиб, юзлари қизариб, минбарга чиқиб ўтирдилар. Шунда бир одам туриб, қаршиларига борди-да:
– Менинг жойим қаерда? – деб сўради.
– Дўзахда! – дедилар. Бошқа бири туриб:
– Менинг отам ким? – деди.
– Отанг Ҳузайфа! – дедилар.
Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўринларидан туриб:
– Аллоҳни Робб деб, Исломни дин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Пайғамбар ва Қуръонни пешво деб рози бўлдик. Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, биз жоҳилиятдан ва ширкдан яқиндагина чиққан одамлармиз. Оталаримизнинг кимлигини Аллоҳнинг Ўзи билади», – деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабдан тушдилар. Кейин
«Эй иймон келтирганлар! Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар» ояти нозил бўлди».
Бундан бошқа ривоятлар ҳам бор. Аммо мазкурлари кифоя қилар, деган фикрдамиз.
Бу оятни ўрганар эканмиз, англаб етамизки, Қуръони Карим ақийда, шариат масалаларини баён қилиш билан бирга, мусулмонларнинг кундалик ҳаётларига аралашиб, уларнинг қўлидан етаклаб, тарбиялаб ҳам борган. Ҳатто савол бериш одобигача ўргатган.
Аслида сўраб ўрганиш, маърифат ҳосил қилиш яхши нарса. Аммо ҳамма нарсанинг меъёри ва чегараси бўлганидек, саволнинг ҳам чегараси ва услуби бор. Ислом воқеълик дини бўлганидан, маърифат учун бериладиган саволлар ҳам воқеъликдан келиб чиқиши, кишиларга манфаат жалб этиши лозим. Инсоннинг илмини оширмайдиган, маърифатига хизмат қилмайдиган, воқеъликда бўлмайдиган икир-чикирларни сўрайверишдан кимга нима фойда бор? Айниқса, Қуръон нозил бўлиб турган пайтда. Чунки шариатнинг янгидан-янги ҳукмлари жорий этилиб турган пайтда ҳар хил саволлар берилаверса, қўшимча ҳукмлар тушиб, кўпчиликка жабр бўлиб қолиш эҳтимоли бор. «Ҳаж ҳар йили фарзми?» деб қайта-қайта сўраган одамга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Агар, ҳа, десам, фарз бўлиб қоларди», деб жавоб қилганларидан ҳам шу маъно чиқади. Ўша бир кишининг саволи сабаб бўлиб, ҳаж ибодати ҳар йили фарз бўлиб қолганда, мусулмонларга қанчалик қийин бўлишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Бўлар-бўлмас нарсаларни сўрайвериш ҳар хил қийинчилик ва ноқулайликларга сабаб бўлиши мумкинлигидан ҳам бу нарса ман қилинмоқда.
Бошқа ривоятларда зикр қилинишича, юқоридаги ривоятда «Отам ким?» деб сўраган одам Абдуллоҳ ибн Ҳузайфа розияллоҳу анҳу бўлган. У киши қадимдан мусулмон эди. Ҳабашистонга ҳижрат қилган, Бадр ғазотида қатнашган, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг элчилари сифатида у зотнинг мактубларини Форс подшоҳи Кисрога олиб борган эътиборли шахс эди. Аммо у киши дабдурустдан «Отам ким?» деб ноқулай савол берди. Саволининг ноқулайлигини айниқса, онасидан дакки эшитганида яна ҳам яхшироқ ҳис этди. Онаси у кишига:
– Сендан кўра оқроқ болани кўрмадим. Онанг жоҳилият аёллари қилган ишларни қилиб қўйган бўлганида, уни одамлар орасида шарманда қилган бўлар эдинг! – деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Ҳузайфа:
– Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ менга «Бир қора қул насабидансан», деганларида, шундай бўлар эди, – деди. Яъни Абдуллоҳнинг отаси Ҳузайфа экани маълум ва машҳур бўлишига қарамай, худди онам хиёнат қилиб, биров билан зино қилмаганмикан, дегандек шубҳага бориб, савол берган.
Мусулмонларни шунга ўхшаш ноқулайликлардан сақлаш мақсадида уларга хитоб қилиниб:
«Эй иймон келтирганлар! Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар. Агар сизга изҳор қилинса, ўзингизга ёмон бўладир», – дейилмоқда.
Яъни «Сизга бир ҳукмнинг керакли қисми айтиб қўйилган, масалан, ҳажнинг фарзлиги. Лекин сиз у ҳақда сўраб-суриштираверсангиз-у, ўша сўраган нарсангиз юзага чиқса, ўзингизга ёмон бўлади. Тоқатингиздан ташқари таклиф бўлиши ёки бошқа бир оғирроқ ҳукм келиши мумкин».
Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, Аллоҳ таоло сизларга фарзларни буюрди, уларни зое қилманг; чегаралар қўйди, уларни бузиб ўтманг; бир қанча нарсаларни ҳаром қилди, поймол қилманг; унутиб эмас, сизларга раҳм этиб, бир қанча нарсаларни зикр қилмади, улар ҳақида сўраманг», деганлари ривоят қилинади.
Имом Муслим Омир ибн Саъддан, у эса ўз отасидан қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мусулмонларга ҳаром қилинмаган бир нарса ҳақида сўраса-ю, унинг саволи сабабидан ўша нарса мусулмонларга ҳаром қилинса, ўша одам мусулмонлар ҳақида энг катта гуноҳ қилган бўлади», – дейдилар.
Бу ҳоллар Қуръони Карим тушиб турган пайтда айниқса, хавфли бўлиб, ҳар бир лаҳзада янги оят нозил бўлиб, қўшимча савол туфайли мусулмонларга таклиф кучайиши эҳтимоли бўлган.
Аввалги авлод мусулмонлари бу ҳақиқатни яхши тушуниб етганларидан ўзларини эҳтиёт қилишар эди.
Имом Доримий ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у киши: «Расулуллоҳнинг саҳобаларидан кўра яхшироқ қавмни кўрмадим. Улар у зот вафот этгунларига қадар ўн учта савол сўрашган, холос. Бу саволларнинг ҳаммаси Қуръонда зикр қилинган: «Сендан ҳаром ой ҳақида сўрайдилар»; «Сендан ҳайз ҳақида сўрайдилар», каби. Улар фақат ўзларига манфаатли нарсаларнигина сўрашар эди», – деганлар.
Имом Молик эса: «Мен бу юртнинг (яъни Мадинаи Мунавваранинг) Китоб ва суннатдан бошқа нарсага амал қилмаслигини кўрдим. Агар бир янги масала пайдо бўлса, амир уламоларни тўпларди. Уламолар нимага иттифоқ қилсалар, амалга оширар эдилар. Сизлар эса саволларни кўпайтираверасизлар. Расулуллоҳ бу ишни хуш кўрмаганлар», – деган эканлар.
Ҳа, афсуски, замонлар келиб, мусулмонлар Исломнинг бошқа таълимотлари қатори, бу таълимотини ҳам унутиб, бўлар-бўлмас масалаларни хаёлан тўқиб чиқаришга, уни ҳал қилишга ортиқча вақт, ақл-заковат ва куч-қувват сарфлашга ўтиб кетдилар. Бу ҳақда кўп гаплар бўлиб ўтган. Аммо ҳаммаси бефойда нарсалар экани одамни афсуслантиради. Баъзи фиқҳ китобларида шу қабилдаги масалани ўқисанг, ҳайрон қоласан. Мисол учун, қуйидагича савол берилади: «Ҳомиладор аёлни тўлғоқ тутиб, боланинг боши чиққанда намоз вақти кириб қолса, қандай қилиб намоз ўқийди?» Жавоб тайёр: «Боланинг бошидан каттароқ қилиб ердан чуқур кавлайди. Саждага борганда, ўтирганда, боланинг боши ўша чуқурда тушиб туради, ҳеч қаерга тегмайди. Зарар тортмайди». Лекин «Воқеъликда шу иш бўлиши мумкинми?» деган фикр хаёлга келмаган.
Бунга ўхшаш саволлар ва уларга жавоб ахтаришлар, жавоб бир хил бўлмай қолса, орада жанжал чиқаришлар керагидан ортиқ кўрилган. Бундай ҳол фақат фиқҳда эмас, илми калом, фалсафа ва бошқа соҳаларда ҳам авж олган. Оқибат ҳаммага маълум. Аслида бу ишлар Ислом руҳига тўғри келмайди. Воқеъликда бўлмаган нарсани савол қилиб сўраш аввалги мусулмонларнинг одатида йўқ эди.
Имом Доримий ўзларининг «Сунан» китобларида ривоят қилишларича, Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бўлмаган нарсани сўраган одамни лаънатлар эканлар.
Зуҳрий розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятга қараганда, улуғ саҳобалардан Зайд ибн Собит Ансорий розияллоҳу анҳу бирор иш ҳақида масала сўралса, «Бу содир бўлдими?» – деб сўрар эканлар. Агар «Ҳа содир бўлди», дейилса, у иш ҳақида билганларини айтар эканлар. Агар «Ҳали содир бўлгани йўқ», дейилса: «Содир бўлгунча қўйиб туринглар», – дер эканлар.
Беҳуда саволларни беравермаслик ҳақида бир қанча ҳадиси шарифлар ҳам бор.
Имом Муслим Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таоло сизларга оналарга оқ бўлишни, қизларни тириклайин кўмишни ва ман қилиб туриб, бер, дейишни ҳаром қилди. У сизларга уч нарсани ёмон кўрди: қийлу-қолни («деди-деди»ни), кўп саволни ва молни зое қилишни», – дедилар. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat