Ассалому алайкум! Мумтоз адабиётимизда ишқ мавзуси кенг ёритилган. Адабиётшунослар бундай ишқни ишқи илоҳий деб таҳлил қилишади. Шундай ишқ, муҳаббат мадҳ этиладиган ғазал, маснавий, мухаммас ва бошқа жанрдаги асарларда майга ишқнинг рамзи сифатида қаралган, яъни май, унинг сафоси ишқ лаззатига ташбеҳ қилинган. Ғазалларда соқий, сармаст, бода ва бошқа рамзий сўзлар орқали ишқ мажоз қилинади. Саволим бунга шариатимизда қандай қаралади? Хамр ҳаром қилинган. Гарчи рамзий маънода бўлса-да, ҳалолни ҳаром билан ташбеҳ этиш жоизми? Фикрим машҳур шоир, адибларимизнинг шахсиятига қаратилмаган. Мен ўзим адабиёт мухлисиман, айниқса мумтоз адабиётнинг. Бу савол доим мени қизиқтириб келган ва бунга жавоб олишни хоҳлайман, холос.
– Ва алайкум ассалом! Аввалда ҳар соҳа мутахассиси ёшлигидан Қуръон ёдлаган, Ислом ақийдасини ўрганган, ҳаёти мобайнида ёзган шеър ва ҳикоялари оят ва ҳадис асосида бўлган. Ислом ақийдасига мувофиқ бўлган. Шунинг учун омма халқ уларни севиб ўқиганлар. Кейинчалик бу нарса қисман баъзи шоир ва ёзувчиларимизда топилсада аксарида топилмай қолди. Айни шу нарса таржимонларда ҳам. Аввалги алифбодан кирилл ва лотин алифбосига кўчирувчиларда ҳам бўлди. Ислом ақийдаси ва оят ҳадислардан бебаҳра бўлишган кўплаб инсонлар асл моҳиятини тушунмасдан таржима қилишди. Сиз айтган ҳолатлар ҳам ўшанинг самарасидир. Валлоҳу аълам!