Ассалому алайкум! Аёл кишини эркалаганда ундан сув келади, шундай вазиятлар тахорат бузиладими ёки ғусул вожиб бўладими?
– Ва алайкум ассалом! Таҳоратни бузади. “Кифоя” китобида қуйидагича келади:
Ажралиб чиқаётганда отилиб, шаҳват билан келадиган манийни тушириш.
Аввало ушбу бобда тез-тез такрорланиб турадиган баъзи истилоҳларни ўрганиб олайлик.
«Маний» – шаҳват шиддатлашган пайтда отилиб чиқадиган суюқликдир.
Эркак кишининг манийси қуюқ ва оқ, аёл кишининг манийси суюқ ва сарғиш бўлади.
«Мазий» – эркак кишининг жинсий аъзосидан жинсий алоқани ўйлаган ёки хотинини қучоқлаган пайтда чиқадиган оқ суюқлик.
«Вадий» – бавл қилгандан кейин баъзида ажраладиган қуюқ оқ суюқлик.
Мазий ёки вадий чиққанидан ғусл қилиш йўқ.
Маний шаҳват билан отилиб чиқса, ғусл вожиб бўлади.
Бунда бошқа жинсдаги шахсга назар солиш, жинсий яқинликни тафаккур қилиш, бевосита қучоқлашиш ва шунга ўхшаш барча омиллар туфайли манийнинг шаҳват билан отилиб чиқиши назарда тутилади.
Аммо маний шахснинг оғир нарса кўтариши, баланд жойдан йиқилиб тушиши каби омиллар туфайли шаҳватсиз равишда чиқса, ғусл вожиб бўлмайди.
Ҳанафий мазҳаби ижтиҳодига биноан, эр ва аёл кишидан, хоҳ уйқуда бўлсин, хоҳ уйғоқликда бўлсин, маний шаҳват билан отилиб чиққандагина, ғусл вожиб бўлади.
Биров мастлик ёки ҳушидан кетишдан сўнг ўзига келганида ҳўлликни кўриб, маний деб гумон қилса, ғусл вожиб бўлади.
Уламоларимиз манийдан ғусл қилиш вожиб бўлишига қуйидаги ривоятни далил қиладилар:
عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنْتُ رَجُلًا مَذَّاءً، فَسَأَلْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ: فِي الْمَذْيِ الْوُضُوءُ، وَفِي الْمَنِيِّ الْغُسْلُ. رَوَاهُ أَحْمَدُ
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Кўп мазийлик киши эдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган эдим, ул зот:
«Мазийда таҳорат, манийда ғусл», дедилар».
Аҳмад ривоят қилган. Валлоҳу аълам!