- Бу ихтилофли масала. Баъзи китобларимизда айтилмаган. Ўша бармоқни арабчада «саббоба» дейилади. Шунинг учун, ташаҳҳудда қилинадиган ишорани ҳам «ишораи саббоба» дейилади. «Ишораи саббоба» ташаҳҳудда «Ашҳаду аллаа илааҳа» деганда «Лаа илааҳа»ни айтаётганда кўрсатгич бармоқни юқорига кўтариш ва «Иллаллоҳу»ни айтганда тушириш билан бўлади. Ўша бармоқни кўтаришда бошқа бармоқларни йиғиб олинади. Баъзилар ушбу ривоятдаги «панжаларини тугиб»ни ташаҳҳудга ўтиришда тугиб ўтиради, деб тушунганлар. Шунинг учун, аввалдан қўлларини муштга ўхшатиб ўтиришади ва «Лаа илааҳа»га келганда кўрсатгич бармоқларини юқорига кўтаришади. Панжаларини тугмасдан, бармоқларни оддий ҳолатда қиблага қаратиб, учларини тиззага етказиб ўтириш кўпроқ маъқул бўлган.«Саббоба» сўкиш деганидир. Бинобарин, «ишораи саббоба» – «сўкиш ишораси» бўлади. Ташаҳҳудда «Ашҳаду аллаа илааҳа Иллаллоҳу»нинг «Лаа илааҳа»сида кўрсатгич бармоқни кўтариш шайтонни сўкиш бўлади. «Ишораи саббоба»ни қилиб бармоқни тушириш шайтонни темир қамчи билан уришдек гап, дейилади.Ишорани қилгандан сўнг, намоз тамом бўлгунча ўша бармоққа қараб турилади. Ишораи саббоба пайтида тугилган панжа намоз охиригача ҳам ёзиб юборилмайди.Баъзи уламоларимиз бу ишорани қилмасликни айтганлар. Аммо Ибн Ҳумом ва Али Қорий каби уламоларимиз, буни қилмаслик ривоят ва дироятга хилоф бўлади, деганлар.Биз, устози ўргатганлар қилсин, ўргатмаганлар қилмасин, аммо ихтилоф бўлмасин, деймиз.