Ассалому алайкум! Мен мактаб ўқувчисиман. Кўчада кўпинча “кўча боллалари”га дуч келаман. Агар улар мени тўхтатиб, пулимни олишга ҳаракат қилиб мени уришса, (ёрдамга чақириш учун ҳеч ким бўлмаган ва олдини олиш учун имкон бўлмаган вақтда) ориятим ва ўзимни ҳимоя қилиш учун улар билан уришсам бўладими? Бу саволни мўмин-мўминни уриши гуноҳ эканлиги тўғрисида ҳадисни эшитганим туфайли сўраяпман.
– Ва алайкум ассалом! Ҳадисда қуйидагича келади:
وَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: مَنْ قُتِلَ دُونَ مَالِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ، وَمَنْ قُتِلَ دُونَ دَمِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ، وَمَنْ قُتِلَ دُونَ دِينِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ، وَمَنْ قُتِلَ دُونَ أَهْلِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالشَّيْخَانِ. وَاللهُ أَعْلَى وَأَعْلَمُ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким молини ҳимоя қилаётиб қатл этилса, шаҳиддир. Ким қонини ҳимоя қилаётиб қатл этилса, шаҳиддир. Ким дийнини ҳимоя қилаётиб қатл этилса, шаҳиддир. Ким аҳлини ҳимоя қилаётиб қатл этилса, шаҳиддир», дедилар».
Термизий ва икки Шайх ривоят қилганлар. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсалар Аллоҳ таоло томонидан ҳар бир инсонга берилган ҳақ-ҳуқуқ ҳисобланади. Бу ҳақни поймол қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу ҳақни поймол қилишга уринган одам ким бўлишидан қатъи назар, жиноятчи ҳисобланади. Ҳақ эгаси ўша жиноятчига қарши туриши мумкин. Агар мободо қаршилик кўрсатиш жараёнида ҳақ эгаси ўлдириладиган бўлса, шаҳид кетади.
1. «Ким молини ҳимоя қилаётиб қатл этилса, шаҳиддир».
Ҳалол йўл билан топилган молу мулк ҳар бир инсон учун Аллоҳ томонидан берилган ҳақдир. Инсон ўзининг бу ҳаққига кўз олайтирганлардан уни ҳимоя қилишга ҳам ҳақлидир. Мабодо инсон молу мулкини золим, босқинчидан ҳимоя қила туриб ҳалок бўлса, шаҳид кетади.
Бу молу мулк ҳаққини ҳимоялаш, уни қадрлаш Ислом дийни томонидан қанчалик юқори баҳоланишини кўрсатади.
2. «Ким қонини ҳимоя қилаётиб қатл этилса, шаҳиддир».
Аллоҳ таоло томонидан ҳар бир инсонга берилган ҳаёт ҳаққи ҳам муқаддасдир. Унга ҳеч ким кўз олайтириши мумкин эмас. Агар ким бировнинг жонига суиқасд қилса, жон эгаси ўз жонини ҳимоя қилиш ҳаққига эга. Ўз жонини ҳимоя қила туриб ўлган шахс шаҳид кетади.
Бу ҳол эса Исломда инсонлар учун ҳаёт ҳаққи қанчалар юқори баҳоланишини кўрсатади.
3. «Ким дийнини ҳимоя қилаётиб қатл этилса, шаҳиддир».
Дийн-диёнат, виждон эркинлиги ҳаққи ҳам Аллоҳ томонидан инсонга берилган муқаддас ҳақлардан биридир. Ҳеч ким ҳеч қачон бу ҳаққа қарши тажовуз қила олмайди. Мабодо кимдир тажовуз қилса, мазкур ҳақ эгаси ўз дийнини ҳимоя қилади. Ҳимоя жараёнида тажовузкорни ўлдирса, жавобгар бўлмайди. Агар киши ўз дийнини ҳимоя қилаётиб ўлса, шаҳид бўлади.
4. «Ким аҳлини ҳимоя қилаётиб қатл этилса, шаҳиддир».
Шунингдек, инсон ўз аҳлини ҳимоя қилиш ҳаққига ҳам эгадир. Чунки у аҳли аёлидан, уларнинг обрўсини, жонини ҳимоя қилишдан масъулдир. Ким унинг аҳлига тажовузкорлик қилса, унинг ўзига тажовуз қилган билан баробар бўлади. Аҳлини ҳимоя қилиб туриб ўлган шахс ҳам шаҳид кетган бўлади. Чунки у ўзига Аллоҳ томонидан берилган ҳақни ҳимоя қилиш жараёнида ноҳақдан ўлдирилган бўлади.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!