Ассалом алайкум! Мен фармацевтика соҳасида ўқиганман ва фаолият олиб борганман. Илгари эътибор бермасдим. Бизни соҳада ўқиганлар асосан ёки дорихонада ёки мед.представителликда ишлашади. Дорихоналарда биз биламиз спирт, контрацепсия воситалари, таркибида чўчқа маҳсулотлари мавжуд дори воситалари, ҳомиладорликдан сақловчи дорилар ва шу каби шубҳали нарсалар сотилади. Шу дорихонадан топаётган пулимизнинг ҳукми қандай бўлади? Ёки мед.представителликдаги нотўғри ишлар ҳақида сайтингизда бир нечта саволларга жавоб берилган экан. Бу йўналишда шубҳадан ҳоли бўлиб фаолият олиб бориб, ҳалол пул топишга тавсияларингизни берсангизлар бироз енгиллик берган бўлар эдингиз.
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ муборак қилсин, тавфиқда бардавом қилсин. Инсон туғилганидан вафот топгунича бўлган мисоли маълум бир жойдан қайсидир бир узоқ сафарга чиққан кишига ўхшайди. Ундай кишига энг аввал қилиши керак бўлган иш ўша жойга олиб борадиган йўлни таниб олишдир ва ўша йўлда чиқадиган чуқурлар, тўсиқлар, зарар берувчи нарсаларни ўрганиш керак. Акс ҳолда Каъбани кўзлаб сафарга чиққан инсон Хитойга бориб қолиши мумкин. Йўлни чуқурларини танимаса, чуқурларини билмаса чуқурга тушиб ҳалокатга учраши мумкин. Худди шунингдек инсон ҳаёти ҳам сафардан иборатдир. Охири етиб борган жойи ёки жаннат бўлади ёки дўзах. Аллоҳ ҳидоят қилди дегани шу жаннатга олиб борадиган йўлга солиб қўйди дегани бўлади. Ибодатларга йўллаб қўйгани бўлади. Ҳалол ҳаромни танишни қалбига солгани бўлади. Аллоҳ сизни ҳам шу йўлга бошлагани бу сиз учун улуғ неъматдир. Аллоҳ тавфиқда бардамом қилсин. Ҳар бир лаҳзада инсон имтиҳонда бўлади. Охиратдаги мақоми ҳам бу дунёдаги танловларга боғлиқ бўлади. Оддий бир мисол, бировни чўнтагидаги молга кўз олайтирган инсон ўзича бу арзимас нарса деб билиши мумкин. Аслида эса дўзахда бир жойни ёки улкан бир азобни эвази бўлади. Фармацевтика соҳаси сиз каби инсонларга жуда маҳтож, чунки шариатимизда ҳар бир соҳанинг ножоиз томони бўлганидек жоиз томони ҳам бор. бу соҳани ножоиз томони кўп экан деб ташлаб кетиш мутлақо ножоиз. Таркибида ношаръий нарсалар бор дорилар ҳам кимлар учундир истеъмоли мубоҳ даражасига ҳам тушади. Ислом.уз сайтида “Ҳаром ила даволаниш” мақоласини ўқисангиз буни яхши тушиниб оласиз. Ишни ҳам ўрганишни ҳам давом эттиринг. Ношаръий бўлган жойларини тўғрилаб кетишга ҳаракат қилинг. муаммони ечишга қийинчиликка йўлиқсангиз мурожаат қилинг биз ҳам уни ечимига ҳаракат қиламиз. Валлоҳу аълам!