Ассалому алайкум! Ҳаром капитал ҳақидаги саволни ўқиб, қолгандик, яни қиёматда бир киши барча яҳшиликлар билан келади, аммо амаллари ҳабата қилинади, Чунки даромадини асоси нопок, ҳаром бўлади, шуни бошқаларга ҳам етказсак, улар буни далили қандай яни оятми ҳадисми деса қандай жавоб берилади?
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло "Бақара" сурасида марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَنفِقُواْ مِن طَيِّبَاتِ مَا كَسَبْتُمْ وَمِمَّا أَخْرَجْنَا لَكُم مِّنَ الأَرْضِ وَلاَ تَيَمَّمُواْ الْخَبِيثَ مِنْهُ تُنفِقُونَ وَلَسْتُم بِآخِذِيهِ إِلاَّ أَن تُغْمِضُواْ فِيهِ وَاعْلَمُواْ أَنَّ اللّهَ غَنِيٌّ حَمِيدٌ
267. Эй иймон келтирганлар! Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсалардан нафақа қилинглар. Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам ундан кўз юммай туриб олувчи эмассиз. Ва билингки, албатта, Аллоҳ беҳожатдир, ўта мақталгандир.
Оятдаги «Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсалардан нафақа қилинглар».
Бу таъриф мўминларнинг қўлига тушадиган барча турдаги молу мулкни – аввало, ўзлари касб қилиб топган ҳалол, пок ризқларини, сўнгра Аллоҳ ердан чиқариб берган зироатлар, конлар ва бошқаларни ўз ичига олади.
Пок нарсадан садақа қилишга амр қилинди, лекин масала ниҳоятда аҳамиятли бўлганидан яна таъкидланмоқдаки:
«Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг».
«Ва билингки, албатта, Аллоҳ беҳожатдир, ўта мақталгандир».
Аллоҳ бой бўлганидан кейин Унинг йўлида қиладиган садақангиз ўшанга ярашгудек бўлсин. Аллоҳ мақталган Зотдир, Ўзининг йўлида садақа қилганларни У ҳам мақтайди. ("Тафсири Ҳилол" китобидан).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:«Эй одамлар! Албатта, Аллоҳ азза ва жалла Покдир ва фақатгина покни қабул қилур. Албатта, Аллоҳ азза ва жалла мўминларга расулларга амр қилган нарсани амр қилди: «Эй расуллар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амал қилинглар», деди. Ва яна: «Эй иймон келтирганлар! Биз сизга ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар», деди».
Сўнгра зикр қилиб дедилар: «Бир киши узоқ сафар қилади. Икки қўлини чўзиб: «Эй Роббим, эй Роббим», дейди. Ҳориб, чарчаган, чангу ғуборга бурканган. Ҳолбуки, таоми ҳаромдир, шароби ҳаромдир, либоси ҳаромдир, ҳаромдан ғизолангандир. Бас, қандай қилиб унга ижобат қилинсин».
Бағавий ва Ибн Асокир ривоят қилишган. («Ҳалол очиқ-ойдиндир ҳаром очиқ-ойдиндир» китобидан). Валлоҳу аълам!