Ассалому алайкум! Домла мияни фахш ва бошқа ёмон ҳаёллардан тозалаш учун нима қилиш керак?
– Ва алайкум ассалом! Инсон ҳам бир идиш ҳисобланади. Унинг ичига кўз, қулоқ, оғиз ва бурун орқали нарса киради. Нима билан тўлдирилса ўша нарса уни ҳаракатлантиришни бошлайди. Шунинг учун фаҳш филмларни кўрганлар ўзларини маҳрамларига фаҳш иш қилишдан ҳам тийилолмаяпти. Инсон бадбўй нарсани ёнидан ўтганида бурнини беркитганидек маънавий бадбўй олдидан ўтаётганда ҳам кўзини юмиши шарт. Аллоҳ таоло “Шамс” сурасида марҳамат қилади:
فَأَلْهَمَهَا فُجُورَهَا وَتَقْوَاهَا
8. Унга фужурини ва тақвосини илҳом қилди.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло бандаларининг ичига гуноҳга бошловчи унсурни ҳам тақвога бошловчи унсурни ҳам қўйганини баён қилган. Инсон гуноҳ ишларга яқинлашганда, бузуқ нарсаларни кўрганда, бузуқ одамларга яқинлашганда фужурга бошловчи унсур ишқаланиб ҳаракатга келади ва инсонни ҳам ўша томонга ҳаракатга келтиради. Тақвога сабаб бўладиган ишлар, кишилар ва насиҳатларга яқинлашганда тақво унсур ишқаланиб ҳаракатга келади ва инсонни ҳам ўша томонга ҳаракатга келтиради. Гоҳида инсон аввалдан ўша ишларга булғаниб кейин тавба қилган бўлса ҳар эсига тушганда ўша фужурга бошловчи унсур ҳаракатга келиб қолади. Бу ҳаракатга келиш айб эмас, бу нарса ҳаммада содир бўлади. шундай вақтда тақвони ҳаракатга келтирувчи омилларга яқинлашиш керак бўлади.
Инсонда икки унсур бор. Бири фисқи-фужур қиладиган унсур, иккинчиси тақвога бошлайдиган унсур. Инсон фисқи-фужурга яқинлашса ёки у ҳақида ўйласа фисқи-фужурга олиб борадиган ўша унсур ишқаланади, ҳаракатга келади ва маъсият содир бўлишигача олиб боради. Тақволи инсонларга, панду-насиҳатларга яқинлашса тақво унсури ишқаланади, ҳаракатга келади ва соҳибини ҳам ўша ишларни қилишга ундайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Содиқлар билан бирга бўлинглар, уларни сафида бўлинглар” деб буюрган. Валлоҳу аълам!