Ассалому алайкум! 1. Агар фолчилар кимнидирни иссиқ совуқ қилса, кейин буни билган одам озини бу дуолардан халос этиш учун ўша фолчиларга айтиб дуони қайтарадиган нарсаларни қилса буни ҳукми қандай ( иссиқ совуқдан ҳар хил дуолардан халос бўлиш учун фолчига тозалатса). 2. Бунақа дуолардан қандай халос бўлиш мумкин?
– Ва алайкум ассалом! 1. Жоиз эмас. Фолчининг олдига бориш уни гапини тасдиқлаш ҳисобланади. Бу эса шариатимизда қаттиқ қайтарилган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ أَتَى كَاهِنًا فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ أَوْ أَتَى امْرَأَتَهُ حَائِضًا أَوْ أَتَى امْرَأَتَهُ فِي دُبُرِهَا فَقَدْ بَرِئَ مِمَّا أُنْزِلَ عَلَى مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким фолбинга бориб, унинг айтганини тасдиқласа ёки хотинига ҳайз чоғида яқинлик қилса ёки хотинининг орқасига яқинлик қилса, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил этилган нарсадан тонибди», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Мулоҳаза қиладиган бўлсак, хотинига ҳайз чоғида ёки орқа томонидан яқинлик қилиш соғлиққа зарар бўлганлиги учун ҳаром қилинган. Энди шу икки нарсага фолбинга бориш ва уни тасдиқлаш қўшилишида бу ишда ҳам маънавий, ҳам сиҳҳий (тиббий) зарар борлигига ишора бор. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).
2. Ҳалол пок юриб, доим таҳоратда бўлиб намозларни вақтида адо этиб, тил доим зикр билан банд бўлиши бу нарсаларни таъсирини камайтиради ва зарурат бўлса солиҳ илмли инсонга дам солдириб халос бўлса ҳам бўлади. Валлоҳу аълам!