Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Хадис ва Куръондаги фактологик хатоликлар

23:33 / 22.09.2021 | Umarkhan Rakhimov | 7721

Ассалому алайкум! 1)Ўстоз, Қуръонда(24:26)  "нопок хотинлар нопок эркаклар учундир, нопок эркаклар нопок хотинлар учундир. Пок хотинлар пок эркаклар учундир, пок эркаклар пок хотинлар учундир"  деб айтилган. Лекин мен хаетимда тақводор аёл фосиқ одамга тейганини курганман. Шунака ҳолатлар сабабли айтилган оят автоматик ботил қилинмайдими? Ахир махсус холат умумий қонунга қондирилмаган булса, умумий қонун ботил деб хисобланадику. Яни "Хамма одамларнинг сочи қора" деган гапимга,исбот сифатида бирта қора соч эга булмаган одамни курсатсангиз, гапим ботил деб хисобланадику. 2) Шейх Мухаммад Содиқ рахимахуллох Исроф китобининг 54 бетида Али ва Фотима онамизнинг туйларига "Ансорийлардан бир гурухи бирт неча соъ жухори жамлаб келишди" дейилган. Лекин тарих буйича биламизки жуҳори факат Америка континентида усгани сабабли Колумб уни йерларига йетмагунича жухори Евроазия ва Африка континентида 15 аср гача мавжуд булмаган. Қандай килиб 7 асрда арабистонда жухори мавжуд булганлигини тушунмай қолдим. 3) Ўстоз, куйида айтилган Қуръон,хадис ва реал хаетдаги фактлар орасидаги қарама-қаршилигликларни купига учраган ман. Олдин шу қарама-қаршиликларга "Мен нотўғри тушунгандурман, илмим кам " фикр билан унчалик ахамият бермасликка харакат қилар эдим. Лекин илм-фан урганганим сари шу қарама-қаршиликлар кўпайиб кетиб йурагими қиса бошлади. Қуръон ва хадисларга ошиқлигим йуқолиб кетишини кундан-кунга купроқ сезйапман. Шу холат мени роса каттиқ ташвишлантирйапти. Менга нима қилишни маслахат берасиз. Хурмат ва меннатдорчилик билан, Р.У. П.С. она тилимни яхши биламаганим сабабли мактубимда грамматик/орфографик хатоликлардан узур сурайман


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! 1) Иймон-эътиқод масаласи ишончга асосланади. Аллоҳ муяссар қилса, киши ҳидоят топади. Бўлмаса залолатда юраверади. Дунёда нима содир бўлса ҳам, Аллоҳнинг оятини ботил қила олмайди. Сиз шу нарсани ёзишингизнинг ўзи иймонингизни заифлигига далолат қилади. Бу билан иймонингизга ҳам зарар етади. Шунинг учун оятни таржимасини ўзидан хулоса чиқармай, унинг тафсирига ёки ўша тафсирни биладиган одамга мурожаат қилиш керак. Бу оятнинг тафсирида устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:

 «Нопок хотинлар нопок эркаклар учундир. Нопок эркаклар нопок хотинлар учундир. Покиза аёллар покиза эркаклар учундир. Покиза эркаклар покиза аёллар учундир. Ана ўшалар у(бўҳтончи)лар айтаётган нарсалардан поклангандирлар. Уларга мағфират ва гўзал ризқ бордир».
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло исломий жамият ҳаётидаги муҳим бир асосни баён қилмоқда. У ҳам бўлса, нопок қалблар ўзларига ўхшаган нопоклар билан топишиши, ўз навбатида, пок қалблар ўзидек покиза қалблар билан топишиб бирлашишидир. Асли нопок инсондан доимо нопоклик содир бўлади. У ўзига ўхшаган нопокларни ёқтиради, улар билан топишади, доим бирга бўлади. Лекин пок кишиларга қўшила олмайди. Шунингдек, пок одам ҳам доимо поклик билан яшайди. Пок кишиларни қидиради, топади, бирга бўлади. Эру хотин бўлишда ҳам шу. Пок хотинга пок эр, нопок хотинга нопок. Агар нопок билан пок бирлашиб қолса, бу ҳамдамлик узоққа бормайди. Чунки пок билан нопокнинг бирга бўлишлари амри маҳол. Шундай экан, Аллоҳ пок қилиб яратган, пайғамбарликка танлаган зот – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Оишаи Сиддиқани ҳамма аёлларидан яхши кўришлари у аёлнинг ниҳоятда поклиги сабабидан эмасми?! Оиша онамизда заррача нопоклик бўлганида, у муҳтарама зотни Аллоҳнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шунчалар яхши кўришлари мумкин эдими?!
Ана ўша пок эр ва аёллар бўҳтончилар уларга қўяётган айблардан покдирлар.
«Уларга мағфират ва гўзал ризқ бордир».
Уларга бу дунёда мағфират – гуноҳларини кечиш ва у дунёда гўзал ризқ – жаннат бордир.
Шу билан ифк ҳодисаси — мусулмонлар жамоасини катта мусибатга солган ҳодиса ҳақидаги оятлар ниҳоясига етди. Бу ҳодиса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оиласининг поклигини ва бу оилани Аллоҳнинг Ўзи сақлашини исбот этди. («Тафсири Ҳилол» китобидан). 
Сиз гувоҳи бўлган ҳолатдаги эр-хотин сизнинг наздингизда пок ёки нопок. Аллоҳнинг наздида улар қандайлигини У Зот Ўзи билади. Бу масаланинг биринчи тарафи. Иккинчидан бу ердаги гап умумий қоидани ифода қилади. Ундан истиснолар бўлиши мумкин. Сиз келтирган соч масаласида ҳам шундай. Дунёдаги аксар инсонларнинг сочи қора (баъзи ҳисобларга кўра 70 %) ва ҳар бир ирқ ва миллат вакилларида учрайди. Шу нуқтаи назардан одатда инсон сочининг ранги дейилганда қора ранг кишининг зеҳнига келади. Ундан кейин бу келтирган мисолингиз ҳам ноқис мисол. Чунки оятда ҳамма поклар ёки нопоклар дейилмаган. Айтилган гапда фақат шундай бўлади деган маъно ҳам йўқ. Шунинг учун ҳақийқий мусулмон дининининг таълимотларида бирор нарсани тушунмаса, ақлини ва ўзининг илмини камлигига йўяди. Аллоҳнинг оятини ботил қилишга уринмайди.

2). Жўхори масаласи ҳам сиз айтганингиздек аниқ фактларга асосланган гап эмас. Бу гаплар ҳаммаси тахмин. Жўхори еттинчи асрда ҳадиси шарифда зикр қилингани каби, яҳудийларнинг бизнинг эрамиздан олди ёзилган муқаддас китоби «Талмуд»да ҳам зикр қилинган. Жўхорини Колумб Америкадан ўн олтинчи асрда олиб келган деганлар ҳам, динни билмайдиган, илмга бўлган нисбатлари ҳаминқадар бўлган кишилар экан. Бўлмаса яхши ўрганмай туриб бу каби гапни айтишмас эди. Европада бўлмаган бўлса, яқин шарқда бўлган. Шунинг учун сиз мусулмон сифатида ўз динингизга эмас, бугунги айтиляпган назарияларга гумон билан қарашингиз керак. Бу ҳадиси шарифлар бизгача ҳозиргача ҳеч қайси дин ёки миллат вакилларида йўқ аниқлик ва омонат билан етиб келган.

3). Сизга насиҳатимиз, Аллоҳ таолога тақво қилинг. Ўзидан ҳидоят сўранг. Ислом динини яхши ўрганишга ҳаракат қилинг. «Мен нотўғри тушунгандурман, илмим кам» деган фикрингизга қайтинг. Аллоҳнинг китобига шак келтирманг. Иймонингизга зарар етади. Имкон топиб тезроқ бирон тақводор устоз билан мулоқотда бўлиб туринг. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat