Ассалому алайкум! Тошкентда Мен Ахборот хафсизлигида ўқийман. Мен Қуръон ўқишга роса қизиққандим. Тошкентдан Қуръон курси топгандим. Онамдан сорасам онам йўқ бормисан диябди. Сени ёналишинга умуман бомиди ҳозир сен фақат ўқишини ўқи сенга ҳозир ўқиш муҳим деб кўнмадила. Агар қори бўламан деганинда сени у ўқишга топширтирмасдим деди. Ўзим ўқий десам барибир устозсиз уддалай олмиман. Лекин онамни гапидан ҳафа бўлдим. Менга маслахат берин нима қилай? Онам менга бу гаплари билан гуноҳкор бўлиб қолдими? 2. Масжид эшигида мушк анбар суркаб турадиганлар бор. Бир домла марузада одамлар ўшалардан суркатиб масжидга кириб кетаётганларни гадойга ўхшатибди. Мушкни пулинга омасдан текинидан фойдаланасанлар дебди. Бу қанчалик тўғри?
– Ва алайкум ассалом! 1). Онангиз Қуръон ўқишингизга қарши бўлиши дуруст эмас, гуноҳкор бўлади. Сиз у киши билан тортишиб ёки бахслашмасдан ўқисангиз ҳам бўлади.
2). Бу масалада икки эҳтимол бор. Биринчиси бирор киши атирни сотиб олмаслик учун бориб суртиб қўйишини сўраса, ўша домла айтган гапга тўғри келади. Иккинчиси ҳозир одатда атирфурушлар эшик олдида ўзлари суртиб туришади. Бунда суртириб олса бўлади, ҳатто суртириш суннат ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам хушбўйни ҳеч рад қилмаганлари ҳадисларда айтилади:
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ كَانَ لاَ يَرُدُّ الطِّيبَ وَزَعَمَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ لاَ يَرُدُّ الطِّيبَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَفِي رِوَايَةٍ: مَنْ عُرِضَ عَلَيْهِ طِيبٌ فَلاَ يَرُدَّهُ فَإِنَّهُ طَيِّبُ الرِّيحِ خَفِيفُ الْمَحْمَلِ. وَلِلتِّرْمِذِيِّ: ثَلاَثٌ لاَ تُرَدُّ الْوَسَائِدُ وَالطِّيبُ وَاللَّبَنُ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши хушбўй нарсани қайтармас эди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хушбўй нарсани қайтармас эдилар, деган даъвони қилар эди».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Бошқа бир ривоятда:
«Кимга хушбўй нарса тақдим қилинса, рад қилмасин, чунки унинг ҳиди хушбўйдир ва вазни енгилдир», дейилган.
Термизийнинг ривоятида:
«Уч нарса қайтарилмас: болишлар, хушбўй нарса ва сут», дейилган.
Шарҳ: Хушбўйликнинг соф инсон табиати учун маҳбублиги матлуб. Ҳамма жойда, ҳамма вақтда хушбўйлик бўлишига нима етсин. Исломда бу нарсага эътибор берилиши қанчалик экани ушбу ривоятнинг ўзидан ҳам яққол кўриниб турибди. Бунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хушбўй нарса тақдим қилинганда ҳеч ҳам қайтармай қабул қилиб олганлари ва саҳобаи киромлар ҳам ушбу яхши одатга эргашганлари ҳамда қолган барча мусулмонлар ҳам бунга эргашмоқликлари лозимлиги таъкидланмоқда.
Охирги ривоятда хушбўй нарсага болиш ва сут ҳам қўшилмоқда.
Худди шу ривоятларда айтилган нарсалар мусулмонларнинг ўзаро алоқалари маданиятига мустаҳкам ўрнашган нарсалар бўлиб қолган. Мазкур нарсалар ҳадя қилинса, рад қилинмайди. Мабодо, баъзи кишилар унутибми, билмасданми рад қиладиган бўлсалар, суннатда бу нарса рад қилинмаслиги айтилган, деб эслатма берилади. Қаранг, қандоқ ҳам гўзал. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!