Ассаламу алайкум! "Гўзал ўрнак" китобида қуйидагича ҳадис ўқиб қолдик: Ибн умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Одамларнинг киши уловликка арзийдиганини топа олмайдиган юзта туяга ўхшаганини кўрасизлар", дедилар". Имом Муслим ривояти. Илтимос, ушбу ҳадисда зикри келган одамлар қандай тоифадаги кишилар эканлигини тушунтириб берсангиз.
– Ва алайкум ассалом! Ушбу ҳадисга устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ қуйидагича шарҳ ёзганлар:
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: تَجِدُونَ النَّاسَ كَإِبِلٍ مِائَةٍ لَا يَجِدُ الرَّجُلُ فِيهَا رَاحِلَةً. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамларни юзта туя каби топасан. Киши уларнинг ичида битта ҳам минишга яроқлисини топа олмайди», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Туя номини олган ва сиртидан туя бўлиб кўринадиган ҳайвонлар кўп. Аммо уларнинг ичидан ҳақиқий туя деса бўладигани жуда кам бўлади. Шунингдек, сиртидан одамга ўхшаб кўринадиганлар жуда ҳам кўп. Аммо ҳақиқий инсонлар жуда ҳам оз. Шунинг учун одамлар билан муомала қилишда эҳтиёт бўлмоқ зарур. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!