Ассалому алайкум! Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз тумани Мироқи шаҳарчаси “Оқ масжид” жоме масжиди бир гуруҳ намозхонлари номидан ёзяпмиз. Бизнинг масжид қибладан 40 градус (балки кўпроқдир, лекин кам эмас) эгри жойлашган. Шу масжидда тўғрига қараб намоз ўқиш жоизми? Гилам ва жойнамозларни қиблага қаратиб тўғирлаб намоз ўқиш имкони бор, лекин имом домламиз бундай қилишга унамаяптилар, ва тез орада масжид қайта қурилади, ўшангача тўғрига қараб ўқиб турсак бўлаверади деяптилар. Илтимос тўлиқроқ маслаҳат бериб бизларни қалбимиздаги иккиланишни, намозимиз қабул бўляптимикан деган гумонни йўқ қилишда ёрдам берсангизлар.
– Ва алайкум ассалом! Қибладан 45 даражагача ўнг ёки чапга мойил бўлиб ўқилган намоз жоиз. 45 даражадан ортиб кетмасин. Аллоҳ таоло “Бақара” сураси 144-оятида марҳамат қилади :
قَدْ نَرَى تَقَلُّبَ وَجْهِكَ فِي السَّمَاء فَلَنُوَلِّيَنَّكَ قِبْلَةً تَرْضَاهَا فَوَلِّ وَجْهَكَ شَطْرَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ وَحَيْثُ مَا كُنتُمْ فَوَلُّواْ وُجُوِهَكُمْ شَطْرَهُ وَإِنَّ الَّذِينَ أُوْتُواْ الْكِتَابَ لَيَعْلَمُونَ أَنَّهُ الْحَقُّ مِن رَّبِّهِمْ وَمَا اللّهُ بِغَافِلٍ عَمَّا يَعْمَلُونَ
Гоҳо юзингнинг осмонга тез-тез қайрилганини кўрурмиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага бурурмиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам юзингизни у томон буринг. Албатта, китоб берилганлар унинг Роббларидан бўлган ҳақ эканини билурлар. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларидан ғофил эмасдир. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!